«Барселона» тизимли футболнинг «ота»си бўлгани учун доимо ғояли мураббийларга мурожаат қилиб келган. Айниқса, улар жамоа стратегиясидан хабари бўлган, шу ариқнинг сувини ичган клубнинг собиқ ўйинчиларини мураббий сифатида бошқалардан афзалроқ санашади.
Жамоанинг фалсафасини яхши тушунадиган ва уни янада такоммилаштира оладиган мутахассислар клубда мувоффаққиятли тарзда ишлаб кетишган. Кройфнинг ғоявий давомчилари бўлмиш – Гвардиола, Энрике, Райкард каби мураббийлар ёрқин мисол. Ушбу услуб «идеал» бўлмаса ҳам, жамоага кўпгина нуфузли титулларни ютишга ёрдам берди. Бундан икки йил аввал, инсоният тарафидан ўйлаб чиқилган ҳеч қайси ғоя мукаммал эмаслигини Куман каталонияликларга яна бир бор эслатиб қўйса ҳам, раҳбарият барибир синалган йўлдан юришни маъқул кўрди ва жамоага Хави Эрнандезни олиб келди.
Унинг қайтиши худди Зиданннинг «Реал»га ёки Пепнинг «Барса»га қайтиши каби бўлади, деб кутилган эди. Лекин қаҳрамонимиз, ўзи истамаган ҳолда Артетанинг қисматдошига айланди. Испанияда Англиячалик рақобат кучли бўлмагани учун, Хавида мослашиш бироз тезроқ ва осонроқ кечди. Мана бугун, мавсум охирига келиб, Хави ўзининг «Барселона» да мураббийлик фаолиятидаги иккинчи титулини ютиши мумкин. Агар жамоа сафарда «Эспаньол» устидан ғалаба қозонса, икки йиллик танаффусдан сўнг Ла Лига бош соврини яна «Барселона»ники бўлади. Хави ЕЧЛдаги хатосини бутун мавсум ювишга ҳаракат қилди ва буни уддалади, деса ҳам бўлади. Ички турнирларда эришилган ва эришиладиган совринлар, мухлисларни-ю раҳбариятни (қисман) рози қила олади. «Реал» ва «Атлетико» бор турнирда чемпион бўлиш – яхши натижа. Буни эътироф этиш керак. Шундан келиб чиқиб, қуйида Хавини чемпионликка олиб борган «фишкалари» ҳақида сўз юритамиз.
1. Ўйинчиларни ўқиш
Хави ва Пепнинг ўхшаш томонларидан бир – бу ўйинчиларни ўқий олиш, уларни потенциалини бошқа нуқталарда ҳам очиб беришдир. Пепнинг ўзи бу соҳада даҳо саналиб, Лам, Стоунз, Зинченко каби ҳимоячиларни таянч яримҳимоячисига айлантирган. Хави ҳам бу мавсумда ўзининг ғояси учун мос келадиган ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, Араухони ўнг қанотга мослаштирилиши жуда самарали кечди. Даставвал, бу ўзгаришни Хави ўтган мавсумда «Реал»га қарши ишлатган ва бу ўзини оқлаган эди. Натижада, Хавининг бу топилмаси унга бир қанча «класико»ларни ютиб берди. Бундан ташқари, испаниялик мутахассис Гавини чап қанотга олиб ўтганини алоҳида таъкидлаш зарур. Қанот вингерлари одатда Винисиус каби жуда тезкор ёки Неймардек дриблинг устаси бўлиши керак. Асосан шу икки жиҳатга эътибор қаратилади. Хави эса бу икки хислатдан мосуво бўлган Гавини чап қанотга ташлади. Қуйидаги расмга эътибор беринг:
Кўриб турганингиздек, Гави у билан персонал ўйнаш юклатилган Ван-Биссакани эргаштириб майдон марказига келмоқда, ундан қолган бўш ҳудудни Альба тўлдирмоқда. Хавининг ушбу топилмаси анча фойдали бўлди. Унинг тўлиқроқ варианти бундай: марказдаги футболчилар (Де Йонг, Бускетс, Педри) учлигига қанотдаги Гави келиб қўшилади ва квадрат ҳосил бўлади. Ушбу тўртлик майда паслар ва тезкор ҳаракатлар эвазига тўпни ўзида ушлаб туради ва рақибларни жипслашишга, қанотларни очиб, марказроққа кўчишга мажбур қилади. Шу орқали каталонияликлар қанотлар (Рафинья, Бальде/Альба) ёки марказ орқали Левандовскига ўткир пас бериб ҳужумга ўтишади.
2. Мустаҳкам ҳимоя
Замонавий футболда титулларга яхши ҳимоясиз эришиб бўлмаслигини Хави биларди. Шунинг учун ёзги трансферлар вақтида, жамоа ўз сафига нақд учта ҳимоячини (Кунде, Кристенсен, Алонсо) қўшиб олди. Бу учаласини боғлаб турадиган бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим – уларнинг барчаси бўйдор. Авваллари «Барса» ҳимоячиларидан совуққонлик ва тўп билан яхши муомала қилиш талаб қилинган бўлса, бугун унга қўшимча тарзда, ҳимоячилар иккинчи қаватда ҳам яхши ўйнай олишлари керак. Хави ҳимоячилар танлашда адашмади. У мавсумни оғир ўтишини ва бир неча фронтларда кураш олиб боришини ҳисобга олган ҳолда, бўйдор универсал ҳимоячиларни (Кунде марказ+ўнг қанот, Алонсо марказ+ чап қанот) сотиб олди. Кўриб турганингиздек, мустаҳкам ҳимоя «Барселона»га титул олиб келаяпти. Жамоа Ла Лигадаги ўттиз уч ўйиннинг йигирма бештасини «қуруқ» ўтказди. Ҳатто требл қайд этилган мавсумда ҳам бу қадар яхши статистика қайд этилмаганди. «Барселона» натижа учун ўйнашни, ҳисобни ушлай олишни ўрганди. Энди улар Гвардиола давридагидек майда паслар билан ўйинни қуритиб эмас, бутун жамоа бўлиб ҳимояланиб ҳисобни ушлай олишяпти. Ҳимояланиш ҳам – санъат. Бу санъатнинг юқори даражасини каталонияликлар кубок баҳсида «Реал»га қарши кўрсатиб беришди. Мадридликлар дарвоза томон бирорта аниқ зарба йўллай олишмади.
Лекин, юқорида айтиб ўтганимиздек «Барса» қадриятлар жамоаси. Хави ўша кунги ёпиқ ўйин учун Каталония нашрлари томонидан қаттиқ маломат қилинди. Учрашувниг маълум қисмидаги ҳимоявий ўйинга ҳеч ким қарши эмас, лекин бу бутун ўйинга чўзилса – ёмон. Хави жавоб ўйинида Педрисиз «Барса»ни ҳужумкор ўйнатди ва натижани ўзингиз яхши биласиз. Хуллас «Барса» Хави қўл остида янада кўпқиррали жамоага айланди ва шулардан энг фойдалиси – жамоа ҳимояда тартибли ўйнай бошлади.
3. Прессинг
Куман давридаги «Барса»ни кўпчилик яхши эслайди. Ўшанда жамоа буткул ўзгарганди. «Барса» агар тўпни назорат қилмаса, прессинг қилмаса худди қуруқликдаги балиқ каби бўлиб қолади. Тўғри, ўша пайтларда жамоа катта молиявий инқирозда эди, лекин, ўша вазиятда ҳам бошқачароқ йўл тутиши мумкин эди. «Барса» тизимли жамоа бўлгани учун, академиядаги йигитлар катта жамоага қўшилиб кетишга қийналмайди. Шундан келиб чиқиб, Куман жамоанинг қадриятларидан воз кечмай, мавжуд «масаллиқ»дан тўйимлироқ «таом» тайёрлаши керак эди. Нидерландиялик мутахассис бунинг ўрнига иккинчи қаватдан Люк Де Йонгга тўпни узатишни маъқул кўрди. Куманнинг истеъфосида натижадан ҳам каттароқ омил – ўйиннинг йўқлиги ва қадриятлардан воз кечилгани бўлди.
Хави бу мавсумдан бошлаб, ўзи ўйнаган «Барса»ни қурди. Қуйидаги расмга қаранг:
Ушбу расмда кўриб турганингиздек, Дембеле ортидаги Мендини ёпиш билан биргаликда Рюдигерга босим ўтказмоқда. Қолган футболчиларнинг ҳаммаси, ўзларининг ўйинчилари билан яқин масофада турибди. Чуқур прессинг Рюдигерни хато қилишга мажбурлайди ва вазият Гавининг голи билан тугайди. Жамоа бу мавсумда тўғри прессинг уюштириш орқали рақибларни хато қилишга мажбурлай олди. Мабодо, рақиблар тўпни йўқотмаса ҳам, улар тўпни олдинга тепиб юборишар, бу эса марказгача сурилиб чиққан ҳимоя чизиғи учун совға бўларди.
Mуҳим футболчиларни катта ўйинларда жароҳат сабабли ўйнолмаслиги, жамоада ҳали ҳам яққол лидер йўқлиги каталонияликларни икки соврин билан кифояланишга мажбур қилди. Хави жамоада ички муҳитни яхшилагани, раҳбарлар билан биргаликда яхши трансферлар қилгани бор гап. Аммо жамоа кўпроқ соврин ютмоқчи бўлса, таркибни кучайтириб, кўпроқ ротация қилиши, футболчиларни катта ўйинларга сақлай олиши керак бўлади.
Авазбек Мирсаитов