Италия А Серияси 28-тури доирасидаги «Специя» - «Салернитана» ўйини олдидан мезбонлар бош мураббийи Леонардо Семпличи Элдор Шомуродов ҳақида гапирди.
«Шома миллий жамоасидаги ўйинларда ўзини ҳар томонлама яхши кўрсатди, гол урди, унинг ҳаракатларидан қониқдим. У янада қадрланиши керак бўлган футболчи, унга яхшироқ ва кўпроқ имконият беришим лозим. Элдор бунга муносиб.
У куни кеча жамоамиз ихтиёрига қайтди. Машғулотларда унинг ҳолатини баҳолаб, якшанба кунги баҳсда ундан қанчалик фойдалана олишимиз бўйича бир тўхтамга келамиз. «Салернитана» турнир жадвалидаги рақобатчимиз, ёнма-ён бормоқда. Бу учрашув биз учун катта аҳамиятга эга», - дейди Леонардо Семпличи жума кунги матбуот анжуманида.
Маълумот учун, «Специя» - «Салернитана» баҳси 2 апрель куни соат 18:00да бошланади. Специяликлар 24 очко билан 17-ўринда, рақиб эса 27 очко билан 16-ўринни эгаллаб турибди.