Стивен Жеррард Англия – Украина (2:0) ўйинидан кейин меҳмонлар яримҳимоячиси Миҳайло Мудрикни танқид қилди.
Евро-2024 саралаш босқичи доирасида Лондондаги ўйиндан кейин Мудрик турли нашрлар томонидан энг паст баҳога лойиқ кўрилганди. Миҳайло 60-дақиқадан кейин захирага олинди.
«Англия бу баҳсда фаворит эди ва ўз ўйинини кўрсатди. Аммо сиз Мудрикнинг мураббийи бўлганингизда унинг ҳаракатларидан қаттиқ ғазабланган бўлардингиз.
Унга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман – у ҳали тўп тепишни ўрганмоқда. Англияга қарши баҳс украинлар учун муҳим баҳс эди, Мудрик ўйин давомида шунчаки майдонда юрмай, позициясидан келиб чиққан ҳолда Сакани беэътибор қолдирмай тўхтатишга ҳаракат қилиши, унга чап оёқда зарба йўллашга қўймаслиги шарт эди. Аммо учрашув давомида унинг рақибларига қаршилик қила олганини ҳам, ҳужумкор ўйнаганини ҳам кўрмадик», - дейди англиялик собиқ футболчи ва мураббий.
Маълумот учун, Мудрик қишки трансфер ойнасида «Шахтёр»дан 100 млн евро эвазига «Челси»га ўтганди.