Хвича Кварацхелия томонидан «Наполи» - «Аталанта» (2:0) ўйинида киритилган гол А Серияда март ойининг энг яхши голи деб топилди.
Март ойи якунларига кўра, А Серия томонидан ўтказилган сўровномада мухлислар энг чиройли гол номинациясида грузиялик вингер томонидан йўлланган зарбага энг кўп овоз берган. Бергамоликларга қарши баҳсда Хвича рақибнинг 8 ўйинчиси қуршовидан гол киритишга муваффақ бўлган.
«Наполи» аъзоси сўровномада «Рома» ҳужумчиси Пауло Дибала ва «Торино» вакили Янна Карамони ортда қолдирган.
Маълумот учун, Кварацхелия жорий мавсум А Сериядаги 23 ўйинда 12та гол ва 10та ассистга муаллифлик қилган. Унинг жамоаси турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилмода.