Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов илк марта Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) турнири ҳақида гапирди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Аввалроқ, ФИФА кунлари доирасида 9-21 июнь санасида Россия, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва Осиёнинг яна бир жамоаси иштирокида илк марта Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) турнири ўтказилиши маълум қилинганди.
«Биринчидан, CAFA миллий жамоалар иштирокида илк турнирни ўтказишдан жуда ҳам манфаатдор. Иккинчидан, тарихга назар солсак, «Спартак», «Зенит», «Динамо», «Торпедо» сингари Россиянинг номдор клубларининг «Пахтакор», «Помир» ёки Марказий Осиёнинг байроқдор клублари билан ўйинлари доим катта қизиқишга сабаб бўлганини эслаймиз. Ўшанда ҳар бир ўйинда трибуналар мухлислар билан тўлиб, аншлаг кузатилган.
Ўйлайманки, Россиянинг CAFA турнирида иштироки мухлислар учун ҳам, ташкилотга аъзо мамлакат жамоалари учун ҳам жуда қизиқ бўлади ва бу бошқа турнирларга тайёргарлик учун айни муддаодир.
Ўз ўрнида ЎФА томонидан бу турнир юқори савияда ўтишини кафолатлаймиз. Майдонлар шай ҳолатда бўлади. Албатта, Россия турнирда иштирок этса, бу мусобақага бўлган қизиқиш ҳар жиҳатдан ошади. Чунки Россия – нафақат Европанинг, балки жаҳоннинг ҳам етакчи миллий жамоаларидан бири саналади, шундай экан бу жамоанинг иштироки барча учун қизиқ бўлади», - дейди CAFA ижроқўми аъзоси, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов.
Маълумот учун, бу турнир Тошкент ва Бишкекда ўтиб, унга Россиянинг йирик «ГазПром» компанияси ҳомийлик қилиши хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Россия миллий жамоаси бир йил аввал УЕФА ва ФИФА томонидан йирик турнирлардан четлатилган эди. Бир қатор миллий жамоалар Россиянинг Украинага босқинидан кейин ушбу миллий жамоага қарши майдонга тушишидан бош тортганди.
Қайд этиш жоиз, Равшан Эрматов 2023 йилдан бошлаб Россия футбол иттифоқи эксперт-ҳакамлар қўмитаси аъзосига айланди.