Италия Англияга қарши, Кейн рекорд арафасида, Парижда эса ЖЧ-2022 аламзадалари тўқнашуви. Евро-2024 саралаш ўйинлари анонси
Пайшанба, 23 Март
4799
Фото: Getty Images

ФИФА кунлари муносабати билан Европада миллий чемпионатлар икки ҳафталик танаффусга чиқди ва энди мухлисларнинг эътибори миллий жамоалар иштирокидаги ўйинларга қаратилади. Хусусан, кўҳна қитъада Евро-2024 саралаш босқич 1-тури доирасида бир қатор эътиборли ўйинлар ўтказилади.

23 март, пайшанба кунидан Европа чемпионати финал қисмига йўл олиш учун қитъанинг 53та мамлакат миллий жамоаси курашни бошлайди. Жамоалар «А»дан «J» гуруҳига қадар 10та гуруҳга бўлинган ҳолда саралаш босқич баҳсларига киришади.

Дастлабки турнинг марказий учрашуви Неаполда бўлиб ўтади. Италия миллий жамоаси Диего Армандо Марадона номидаги стадионда Англияга қарши саф тортади. Қайд этиш жоиз, Манчини ва Саутгейт шогирдлари сўнгги икки йил ичида 3 маротаба ўзаро тўқнаш келишди. Айниқса, Евро-2020 финали доирасидаги икки йил аввал «Уэмбли»да кечган финалда итальянлар инглизларни Евро-2020 ғолиблигидан маҳрум қилганди. Ўйин давомида ҳисобни тенглаштирган «мовий гвардия» пенальтилар сериясида «уч шерлар»дан омадлироқ чиқиб, бош совринни Лондондан олиб кетганди. Ўшандан кейин бу рақиблар Миллатлар лигаси доирасида яна икки марта ўзаро учрашишди – Англиядаги баҳсда ҳисоб очилмади (0:0), Италияда эса мезбонлар минимал ғалабага (1:0) эришишди.

ЖЧ-2022ни ўтказиб юборган «скуадра адзурра» А Серия пешқадами «Наполи» уй стадионида ўтадиган бугунги қарама-қаршиликда Англияни мағлуб этиб, тиффозилари қаршисида катта саҳнага қайтишни мақсад қилган бўлса, Гарет Саутгейт шогирдлари Италия билан сўнгги ўйинлардаги омадсизликларга барҳам бериш илинжида тўп суради.

Дарвоқе, Апеннин ярим оролидаги бу баҳс инглизлар сардори Ҳарри Кейн учун алоҳида аҳамиятга эга. Февралда «Тоттенҳэм» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган 29 ёшли ҳужумчи энди бу номга Англия миллий жамоаси сафида ҳам эришиши мумкин. Ҳозиргача 53та голи билан Уэйн Рунининг рекордини такрорлаган Кейн Италияда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйса, Рунини ортда қолдириб, Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши голеадорига айланади. Қайд этиш жоиз, жароҳат сабабли бу баҳсда Маркус Рэшфорд инглизларга ёрдам бера олмайди.

«МЮ» форвардидан ташқари, юқори спорт формасида бўлган Эрлинг Ҳоланд ҳам Норвегияга Испания ва Грузия билан баҳсда ёрдам бера олмайдиган бўлди. «Манчестер Сити» голеадори миллий жамоаси йиғинида жароҳат олгач, клуби ихтиёрига қайтган.

Турнинг яна бир эътиборли баҳси ЖЧ-2022да Аргентинага пенальтилар сериясида мағлуб бўлган Франция ва Нидерландия ўртасида кечади. Қатарда Месси етакчилигидаги жамоага енгилган аламзадаларнинг 24 март кунги Париждаги учрашуви «лоларанглилар» бошқарувига яна қайтган Роналд Куманнинг дастлабки баҳсига айланади. Мураббий «Стад-де-Франс»даги ўйинда Коди Гакпо ва де Лигт хизматидан фойдалана олмайди – ҳужумчи ва ҳимоячи жароҳат сабабли миллий жамоа билан бирга эмас. 

Евро-2024 саралаши. 1-тур

23 март (пайшанба)

H гуруҳи. 22:00. Қозоғистон – Словения

C гуруҳи. 00:45. Италия – Англия

C гуруҳи. 00:45. Шимолий Македония - Мальта

H гуруҳи. 00:45. Дания – Финляндия

H гуруҳи. 00:45. Сан-Марино – Шимолий Ирландия

J гуруҳи. 00:45. Босния – Исландия

J гуруҳи. 00:45. Португалия – Лихтенштейн

J гуруҳи. 00:45. Словакия – Люксембург

24 март (жума)

G гуруҳи. 22:00. Болгария – Черногория

B гуруҳи. 00:45. Франция – Нидерландия

B гуруҳи. 00:45. Гибралтар – Греция

E гуруҳи. 00:45. Чехия – Польша

E гуруҳи. 00:45. Молдова – Фарер ороллари

F гуруҳи. 00:45. Швеция – Бельгия

F гуруҳи. 00:45. Австрия – Озарбойжон

G гуруҳи. 00:45. Сербия – Литва

25 март (шанба)

A гуруҳи. 19:00. Шотландия – Кипр

D гуруҳи. 22:00. Арманистон – Туркия

I гуруҳи. 22:00. Беларусь – Швейцария

I гуруҳи. 22:00. Исроил – Косово

A гуруҳи. 00:45. Испания – Норвегия

D гуруҳи. 00:45. Хорватия – Уэльс

I гуруҳи. 00:45. Андорра – Руминия.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар