Ўзбекистон Осиё вице-чемпионига қарши. 5-уринишда финал йўлланмаси қўлга киритиладими?
Чоршанба, 15 Март
3492
Фото: ЎФА

Ўзбекистон ёшлар жамоаси мамлакатимиз мезбонлигида ўтаётган Осиё кубоги U20 турнирида асосий мақсадига эришиб, ЖЧ-2023га йўлланма олди. Энди Равшан Ҳайдаров шогирдлари олдида вазифани ортиғи билан бажариб, тарихни янгилаш имконияти бор. Ўзбекистон U20 жамоаси яримфинал доирасида трансфер баҳоси бўйича ўзидан қимматроқ бўлган Жанубий Кореяга қарши саф тортади.

Яримфиналга ким қандай етиб келди?

Равшан Ҳайдаров шогирдлари яримфиналга қадар дастлаб гуруҳда Сурия, Ироқни мағлуб этиб, Индонезия билан дуранг қайд этишди. Чоракфиналда эса Австралия пенальтилар сериясида мағлуб этилиб, ЖЧ-2023 йўлланмаси қўлга киритилди.

Ўзбекистон U20 натижалари:

1-тур. Ўзбекистон – Сурия – 2:0

2-тур. Ўзбекистон – Ироқ – 1:0

3-тур. Ўзбекистон – Индонезия – 0:0

1/4 финал. Ўзбекистон – Австралия – 1:1 (пенальти – 5:4)

1/2 финал. Ўзбекистон – Жанубий Корея

Жанубий Корея ёшлар жамоаси эса Ўзбекистон сингари гуруҳ баҳсларида умуман гол ўтказмаган иккинчи жамоа бўлди. Улар Уммон ва Иорданияни мағлуб этиб, Тожикистон билан муроса кўчасини танлади. Чоракфиналда эса Хитой устидан иродали ғалабага эришиб, жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди.

Жанубий Корея U20 натижалари:

1-тур. Жанубий Корея – Уммон – 4:0

2-тур. Жанубий Корея – Иордания – 2:0

3-тур. Жанубий Корея – Тожикистон – 0:0

1/4 финал. Жанубий Корея – Хитой – 3:1

1/2 финал. Ўзбекистон – Жанубий Корея. 

Финалга чиқиш учун 5-уриниш

Ўзбекистон ёшлар жамоаси ўз тарихида 5-маротаба Осиё кубоги яримфиналида ўйнамоқда. Бунгача фақат 2008 йилда Аҳмад Убайдуллаев мураббийлигидаги U19 жамоаси яримфинал тўсиғидан ўтиб, финалда Аҳмад Халилнинг дубли эвазига БААга мағлубиятга (1:2) учраган эди.

Қайд этиш жоиз, Равшан Ҳайдаров U20 жамоаси билан 2014 йилги Осиё кубоги яримфиналида Шимолий Кореяга йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлса-да, Янги Зеландияда ўтган ЖЧ-2015 йўлланмасига эга чиқиб, мундиал чоракфиналига қадар етиб борганди.

Равшан Акмалович 2018 йил Ўзбекистон U23 билан эришган чемпионликни бу сафар U20 ёшдаги жамоа билан такрорлай олса, икки ёш тоифасидаги миллий жамоани Осиё чемпиони қила олган ўзбекистонлик дастлабки мураббийга айланади.

Осиё кубоги-2002. Яримфинал

Япония – Ўзбекистон – 1:1 (пен. – 4:2)

Осиё кубоги-2008. Яримфинал

Жанубий Корея – Ўзбекистон – 0:1

Осиё кубоги-2012. Яримфинал

Жанубий Корея – Ўзбекистон – 3:1

Осиё кубоги-2014. Яримфинал

Ўзбекистон – Шимолий Корея – 0:5.

Қайд этиш жоиз, Жанубий Корея ёшлар жамоаси Осиё кубоги U19нинг амалдаги вице-чемпиони саналади. Корейслар сўнгги қитъа биринчилиги – 2018 йилги турнир финалида Саудия Арабистонига мағлуб (1:2) бўлган. Ушбу турнир пандемия сабабли 2020 йил ўтказилмаган бўлса, 2022 йилда яна бир йилга кечиктирилганди.

Трансфер баҳоси: Жанубий Корея таркиби қимматроқ

Жамоаларнинг трансфер баҳоси борасидаги устунлик корейсларда. Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистоннинг умумий таркиби баҳоси 2,18 миллион еврони ташкил этса, Жанубий Корея ёшларининг баҳоси – 2,88 миллион еврога нархланган.

Ўзбекистон U20нинг энг қиммат 3 футболчиси:

1. Умарали Раҳмоналиев – 350 минг евро

2. Аббосбек Файзуллаев – 300 минг евро

3. Абдуқодир Ҳусанов – 300 минг евро

Жанубий Корея U20нинг энг қиммат 3 футболчиси:

1. Сеонг Жин Кан – 500 минг евро

2. Жи Су Ким – 350 минг евро

3. Хе Сон Ким – 300 минг евро.

Анонс. 15 март (чоршанба)

Осиё кубоги U20. Яримфинал

Ўзбекистон U20 – Жанубий Корея U20

Стадион: Тошкент, «Бунёдкор»

Ўйин бошланиш вақти: 19:00.

ТВ-трансляция: UzReportTV.

Усмон Ибодов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар