«Наполи» форварди Виктор Осимҳен ёзги трансфер ойнасида Англия ёки Франция чемпионатига кўчиб ўтиши кутилмоқда.
ESPN хабарига кўра, Неаполь клуби ёзги трансфер ойнасида нигериялик форвардини энг камида 100 миллион еврога сотмоқчи. Осимҳенга ҳозирдан икки клуб - «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» асосий даъвогар бўлиб турибди. Бу жамоалар ёзда голеадор ҳужумчини таклиф этишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, «Наполи» Осимҳенни 2020 йил «Лилль»дан 70 млн еврога сотиб олган эди. Унинг амалдаги келишуви 2025 йилгача белгиланган.
Маълумот учун, 24 ёшли ҳужумчи жорий мавсум жами 20 ўйинда 15та гол ва 3та ассистга муаллифлик қилган. Виктор 14та гол билан А Серияда тўпурарлик қилмоқда.
Аввалроқ, Осимҳен «Наполи» билан А Серияда чемпион бўлсагина клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди. Клуб 20-турдан кейин энг яқин таъқибчисини 13 очкога ортда қолдирмоқда.