Италия кубоги чоракфинали доирасида «Рома»нинг аутсайдер «Кремонезе»дан учралган сенсацион мағлубиятидан (1:2) кейин римликлар устози Жозе Моуриньо жавоб ўйини йўқлигига шаъма қилиб, турнирни «жуда ҳам ғалати» деб атади.
«Кремонезе»ни табриклайман. Улар ўтган икки босқичда сафарда «Наполи» ва «Рома» устидан катта ғалабага эришишди. Бу турнир жуда ҳам ғалати.
Биринчи бўлимдаги даҳшатли ўйинимиз бизга қимматга тушди, ўйин даражамиз жуда паст эди. Таркибда ротация қилиш бўйича муаммолар бор. Футбол шунақа – энг яхши жамоалар ҳам бундай аламли мағлубиятга учраши мумкин. Неаполдаги мағлубиятга қарамай, йигитлар билан фахрлангандим. Бугун эса бундай дея олмайман.
Дибалани асосий таркибга туширмаганим сабаби, уни кейин бир неча ҳафтага йўқотиб қўйишим мумкин эди. Абраҳам ва Матич ҳам дастлабки дақиқалардан ўйнамади. Кимнидир айбдор сифатида кўрсатмоқчи эмасман, жамоа хато қилди, очиғини айтишим керак – жуда ёмон ўйнадик», - дейди Моуриньо ўйиндан кейин.