Суперлига 2022 йилги мавсуми иккинчи қисмидан бошлаб «Бунёдкор» стадиони майдони навбатдаги марта алмаштирилиши маълум қилинган эди. Бу сафар илк марта майдон сунъий толалар билан «прошивка» қилинадиган бўлди.
«Бунёдкор»да майдон чими бўйича тарихий ишлар бошланди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк бор «Бунёдкор» стадиони майдонига «прошивка» технологияси қўлланилмоқда. Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати учрашувлари ўтказилган майдонларга хизмат кўрсатган Нидерландиянинг SIS GRASS фирмаси ходимлари «Бунёдкор»да тарихий ишларни амалга оширмоқда», - дея ёзади клуб расмий сайти.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, «прошивка» технологияси – бу майдонга сунъий тола экиб чиқиш ҳисобланади. Мазкур толалар табиий чимнинг томир қисмини мустаҳлайди. Яъни, футболчи учрашув вақтида «подкат»ни амалга оширса, чим ўз ўрнидан силжимайди, сунъий толалар бунга йўл қўймайди.
«Режага кўра, «прошивка» ишлари 10 кунда якунига етади. Майдон март ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тўлиқ тайёр бўлади», - дейилади хабарда.