Европа клублари трансфер бозорида максимум ҳаракат қилишга киришди. 31 январ куни қитъадаги аксар лигаларда қишки трансферлар «ойнаси» ёпилади, шундан кейин жамоалар таркибни фақат ёзга бориб кучайтириши мумкин. Одатда бўлгани каби, бир қатор катта трансферлар тақдири сўнгги кунда ҳал бўлади. Қуйида — бугун амалга ошиши мумкин бўлган асосий трансферлар ҳақида.
Энцо Фернандес, «Бенфика» → «Челси»
Энцонинг «Челси»га ўтиши январ ойи бошидаёқ рўй бериши мумкин эди: аргентиналик яримҳимоячи Қатардаги жаҳон чемпионатида ёрқин иштирок этгач, унга кўплаб топ-клублар назари тушди, улар қаторида «Ливерпул» ва «Челси» яққол ажралиб турди. Мерсисайдликлар кўп ўтмай пойгани тарк этди, бу қишда энг фаол клуб бўлиб турган Лондон жамоаси эса «Бенфика»га футболчининг шартномасида кўрсатилган 120 млн евро миқдоридаги бадал пулини тўлашга ҳам тайёрлиги айтилди.
Кейин барчаси чалкашиб кетди. «Челси» гоҳ бунча катта маблағ сарфлашга иккиланди, гоҳ яна шу ғояга қайтди. Бир ҳафта олдин бу масала ёпилгандек кўринганди: Фернандеснинг агентлари ва «Бенфика» вакиллари футболчи клубда қолишига ишора қилишди. Бунга параллел равишда Энцо клубга садоқати учун 2 млн евро миқдорида мукофот пули олиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Январ ойи охирида эса барчаси қайтадан бошланди. Қаердандир ушбу футболчига «Манчестер Юнайтед» ва «Ньюкасл»дан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар чиқди, шундан кейин «Челси» яна Энцони сотиб олишни истаб қолди, аммо бу сафар футболчи учун сўралган пулни тўлашга чиндан тайёр. The Guardian нашрининг сўнгги хабари шундай: Лондон клуби АПЛ учун рекорд даражадаги трансфер амалга оширади, трансфер учун тўланадиган жами маблағ миқдори 130,5 млн еврони ташкил этади.
Николо Заниоло, «Рома» → «Милан» / «Борнмут» / «Тоттенҳэм»
Заниолода бу қишда одатий трансфер эртаги ўрнига қандайдир криминал драма кузатилмоқда. Италиялик 23 ёшли футболчига мунтазам равишда қайсидир клубдан қизиқиш бўларди, аммо шу вақтгача бундай хабарлар миш-мишлар даражасида қолиб кетарди, бу қишда эса муайянлик пайдо бўлди. Заниоло Италияда қолиш ва маҳаллий топ-клублардан бирига ўтишни истайди, аммо «Рома»га Англиянинг камтаргина «Борнмут» клуби келди ва столга 35 миллион евролик таклиф ташлади. Футболчи ва унинг агентини бундай истиқбол қониқтирмайди, римликлар клуби боссларининг эса пулдан боши айланди. Calciomercato.com хабарига кўра, «Рома» хўжайини Дэн Фридкин Заниолонинг қароридан дарғазаб бўлган ва футболчини клубдан четлаштириш билан таҳдид қила бошлаган.
«Борнмут» ортидан «Рома»га «Милан» 25 млн евролик таклиф билан келди. Заниолони бу клубга ўтиш қизиқтиради, аммо клубни бундай сумма қониқтирмаяпти. Кўп ўтмай пойгага «Тоттенҳэм» қўшилди.
Заниоло учун энг ёмони Фридкиннинг босимлари эмас, балки мухлислар билан учрашув бўлди. «Рома» фанатлари «Наполи»га қарши ўйиндан кейин Николони уйигача таъқиб қилиб боришган ва уни ўлим билан қўрқитишган. Заниоло полиция чақиришига тўғри келган. Бу воқеадан кейин футболчи Римни тарк этишни янада қаттиқроқ исташи табиий. Савол: айнан қаерга?
Мойсес Кайседо, «Брайтон» → «Арсенал»
Кайседо аввалига мавсумнинг биринчи қисмида «Брайтон» таянч зонасида ёрқин футбол намойиш этди, кейин Қатарда Эквадор жамоаси сафидаги ишончли ўйинлари билан топ-клублар эътиборини тортди. Энцо Фернандес билан бўлгани каби, ушбу футболчи учун биринчи бўлиб «Ливерпул» фаол қизиқиш билдирди. Аммо «Брайтон» 21 ёшли яримҳимоячиси учун жуда катта пул сўрамоқда — 85 млн евродан ортиқ.
«Ливерпул»дан кейин Кайседо учун «Челси» томонидан қизиқиш пайдо бўлди, аммо бу қишда истаган трансферини амалга ошираётган ушбу клуб ҳам футболчини ололмади. Учинчи даъвогар келиши билан ҳақиқий эртак бошланди. «Арсенал» «Брайтон»га бир неча бор таклиф жўнатди ва ҳар сафар сумма миқдорини ошириб борди, аммо ҳар сафар рад жавоби олди. Қайсидир паллада Кайседонинг сабри етмади ва кетмоқчилигини айтиб пост ёзди:
«Брайтон» тарихидаги рекорд трансферга айланишим, клуб бу пулларни қайта инвестиция қилиши ва муваффақиятга эришишда давом этишига ёрдам беришим мумкинлиги — мен учун фахр. Фанатлар мени яхши қабул қилишди, улар доимо қалбимда. Шунинг учун умид қиламанки, улар мен нима учун бу ажойиб имкониятдан фойдаланишни истаётганимни тушунишади».
Кайседонинг вазияти, афтидан, вазиятни оғирлаштирган. The Independent нашри маълумотига кўра, «Брайтон» энди Мойсес учун 102 млн евро сўрамоқда. «Арсенал» баҳорда керакли очколар олиши ва ниҳоят чемпион бўлиши учун таркибни кучайтиришга зарурат сезаётгани интригани сақлаб қолмоқда. Тез орада лондонликлар ушбу трансфер учун яна нималарга тайёрлигини билиб олишимиз мумкин.
Милан Шкриньяр, «Интер» → «ПСЖ»
Шкриньяр 2017 йилдан буён «Интер» сафида ўйнаб келмоқда ва ўтган вақт давомида унинг номи кўплаб бошқа клублар билан боғланган. «ПСЖ» — ҳам унга анчадан буён қизиқиб келади. «Интер» бунгача бадавлат парижликларнинг таклифларини рад этиб, словакиялик футболчини қолишга кўндира оларди.
Аммо ҳозир вазият бошқача. Шкриньярнинг шартномаси муддати шу йил ёзда тугайди, «ПСЖ» эса унга «Интер»дагидан анча кўпроқ маош таклиф этмоқда. Футболчи рози бўлган. У трансфернинг айрим жиҳатлари қолганини айтган. «ПСЖ» ёзни кутмасдан, Шкриньярни қишдаёқ олмоқчи ва трансфер учун 10 млн евро таклиф этган, аммо «Интер» рад этмоқда.
Энди «ПСЖ» 15 млн евро таклиф этмоқчи, Шкриньяр ҳам Парижга январ ойидаёқ кўчиб ўтишни истайди, аммо «Интер» фанатлари реакциясидан чўчимоқда. Яқин вақтлар ичида миланликлар клубида қандай қарорга келишгани ҳақида билиб оламиз. Улар тезда унга ўринбосар топишга ҳам улгуриши керак.
Педро Порро, «Спортинг» → «Тоттенҳэм»
Антонио Конте ва «Тоттенҳэм» раҳбарияти ҳам ухламаяпти. АПЛнинг бошқа топ-клублари қимматбаҳо Кайседо учун кураш олиб бораётган маҳалда, лондонликлар ўзлари учун янги ўнг қанот ҳимоячиси топишган ва музокараларда қаттиқ рақобатга дуч келмаяпти. Лондонликлар 23 ёшли испаниялик Поррони танлашган, у аввалроқ «Манчестер Сити» тизимида бўлган, кейинги икки ярим йилни эса «Спортинг»да ўтказган (аввалига ижарага олинган, кейин тўлақонли трансфер бўлган).
Тўғри, шундай шароитда ҳам «Тоттенҳэм»га осон кечаётгани йўқ, чунки «Спортинг» ўз шартларини қўймоқда. Асосий муаммо 45 млн евро қандай тўланишида. Фабрицио Романо хабарига кўра, томонлар барибир қўл ташлашишган ва тез орада трансфер эълон қилиниши кутилмоқда.
Кейлор Навас, «ПСЖ» → «Ноттингҳем Форест» / «Ан-Наср»
Навас — ўйнашга муносиб бўлган совриндор дарвозабон, аммо ҳаёт унга адолатсизлик қилмоқда. Чемпионлар лигасидаги кетма-кет ғалабалардан кейин костарикалик посбон нисбатан ёш рақобатчи Тибо Куртуа сотиб олингач, «Реал»ни тарк этишга мажбур бўлганди. «ПСЖ»да ҳам шу тарих такрорланди: клуб ёш Жанлуиджи Доннарумма билан шартнома имзолади ва Кейлор ўринбосарга айланди.
Бу қишда Наваснинг сабри тугади ва у кетиш тараддудига тушган. Ушбу тажрибали дарвозабонни яқинда унга яхши таниш бўлган Криштиану Роналду трансферини амалга оширган «Ан-Наср» ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Аммо 36 ёшли футболчи Саудия Арабистонига йўл олишни истамаяпти. Унда Англиядан вариант бор. Раҳбарияти сўнгги йил ичида ўнлаб трансферларга маблағ аямаган, яқинда асосий дарвозабони Дин Ҳендерсон жароҳат олгач, савияли дарвозабонга эҳтиёж сезаётган «Ноттингҳем Форест» Навасни ижарага олишга қарор қилган ва футболчи билан келишиб қўйган. Аммо муаммо бор. Журналист Санти Аунанинг хабар қилишича, «ПСЖ» инглизлар таклифига эътиборсизлик билан қарамоқда. Шундай экан, куннинг қолган қисмида «Ноттингҳем» яхшироқ таклиф билан чиқиши ёки Кейлор билан шартнома имзолашдан умид узиши керак.
Жоржиньо, «Челси» → «Арсенал»
Бу — қишки трансферларнинг энг сўнгги кунларида пайдо бўлган тарих ва унинг атрофидаги воқеалар шиддат билан ривожланмоқда. «Челси» Жоржиньо билан хайрлашишга қарши эмаслиги ҳақидаги гаплар январ ойи ўрталаридаёқ маълум бўлганди. Мавсум якунида ушбу яримҳимоячининг шартномаси муддати тугайди ва янги келишув бўйича ҳеч қандай сигналлар йўқ. 30 январ куни эса The Athletic нашри «Арсенал» Кайседо бўйича «Брайтон» билан келиша олмаса, трансферлар ойнасининг сўнгги соатларида Европа чемпионини ўз сафига қўшиб олиши ва у билан икки йиллик шартнома тузиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди.
Бу хабар навбатдаги миш-мишлигича қолиб кетиши мумкин эди, агар «Челси»нинг реакцияси бўлмаганида. Sky Sports журналисти Флориан Плеттенберг клуб Жоржиньони «Арсенал»га сотишга ва жамоадаги келажаги сўроқ остида бўлиб турган яна бир футболчи Конор Галлаҳерни қолдиришга қарор қилгани ҳақида ёзди. Агар келишув амалга ошса, «Челси» бу футболчисини текинга қўйиб юбормайди ва қўшнисидан 12 млн фунт олади. Афтидан, бу келишувдан барча, жумладан АПЛда 10-ўринда бораётган жамоа билан мавсумнинг қолган қисмида нимагадир эришиши эҳтимоли деярли йўқ бўлган футболчи ҳам.
ОАВ маълумотига кўра, ушбу 31 ёшли футболчи трансферига «канонирлар» бош мураббийи шахсан қизиқмоқда. Микел Артета — Жоржиньонинг мухлиси. Испаниялик мутахассис ушбу таянч яримҳимоячиси лондонликлар тактик тизимига мос тушади деб ҳисобламоқда.
Жоржиньо 2018 йилдан буён «Челси» сафида ўйнаб келмоқда. У жорий мавсумда лондонликлар сафида АПЛнинг 18 ўйинида майдонга тушиб, 2 гол урган. Transfermarkt портали футболчини 35 миллион еврога баҳолаган.
Иско, «Севилья» → «Унион»
30 ёшли Иско Берлиннинг «Унион» клуби билан 2024 йилга қадар шартнома тузишга келишиб олди, унга кўра шартнома яна бир мавсумга узайтирилиши мумкин. Музокаралар якуний босқичда турибди, испаниялик футболчи бугуннинг ўзида тиббий кўрикдан ўтади. Футболчи айни вақтда эркин агент мақомида. Иско 2022 йил ёзида «Севилья» сафига қўшилган, 2022 йил декабрида шартномани бекор қилганди. Севильяликлар сафида ушбу яримҳимоячи 19 ўйинда майдонга тушди, бир гол урди ва уч голга узатма берди. Иско 2013 йилдан 2022 йилга қадар Мадриднинг «Реал» клуби сафида ўйнаган, жамоада жами 350 учрашувда майдонга тушиб, беш карра Чемпионлар лигаси ғолиби бўлганди.
Малком, «Зенит» → «ПСЖ»
Россия чемпионатидаги асосий трансфер интригаси. «ПСЖ»нинг шу кунларда «Лион» ҳужумчиси Райан Шерки бўйича таклифи рад этилди ва парижликлар энди эътиборини Малкомга қаратди. Француз клуби футболчи билан келишиб олган ва «Зенит»га сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олиш бўйича таклиф билан чиқмоқчи. Ҳозирда музокараларда мураккаблик юзага келган, чунки россияликлар клубини бундай келишув қониқтирмайди, бразилиялик футболчи ҳам кетиш учун оёқ тираб олмаяпти.
Натижада Малкомнинг «ПСЖ»га ўтиши эҳтимоли камайган. Relevo нашри журналисти Маттео Моретто эса бу трансфер бўлмаслиги аниқ эканини ёзди. Аммо трансферлар ойнасининг охирги кунида ҳар қандай ишни кутиш мумкин. Қолаверса, Париж клуби керакли футболчи учун керакли маблағни тўлай олади. Ҳозирги вазият Леандро Паредеснинг Парижга кетиши билан боғлиқ ҳолатни ёдга солмоқда.
Ҳаким Зиёш, «Челси» → «ПСЖ» / «Милан»
Катта эҳтимол билан, энг чалкаш вазият Зиёш билан боғлиқ. Марокашлик футболчи жаҳон чемпионатидаги ажойиб иштирокига қарамай Жоржиньо каби «Челси» шу қишда хайрлашиши мумкин бўлган футболчилар сафида. Ҳакимга «Ньюкасл» ва «Рома» қизиқиш билдираётганди, кейин эса «Эвертон» 30 млн евро тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар чиқди. «Челси»ни бундай таклиф қониқтириши мумкин, аммо ҳозирча расмий таклиф бўлмаган.
Ҳозир Зиёш жуда ноодатий вазиятда қолган. Унга икки топ-клуб даъвогар — «ПСЖ» ва «Милан». Лекин бу икки клубда бошқа вариантлар ҳам бор. Французлар учун Ҳаким — Малком учун муқобил, италянлар эса марокашлик ёки Заниолодан бирини танлайди. L’Equipe нашрининг сўнгги хабарига кўра, Зиёш «ПСЖ»га ўтишга яқин. Клуб «Челси» билан музокара ўтказмоқда, футболчининг ўзи ҳам Парижга кўчиб ўтишни истайди. Барчаси қандай якунланишини яқин вақтлар ичида билиб оламиз.