Суперлига янги мавсуми олдидан «Олимпик» дарвозабони Владимир Назаров бир йўла икки клуб билан шартнома имзолади.
Ўзбекистон олимпия жамоаси дарвозабони дастлаб 7 январь куни «Бунёдкор» билан шартнома имзолагани расман эълон қилинди. Дарвозабон «Бунёдкор»нинг ўша пайтдаги бош директори Азиз Ҳайдаров билан келишув имзолангач, расман таништирилганди. Владимир Назаров янги клуби билан 2024 йилга қадар келишувни имзолаганди.
Аммо Ҳайдаров истеъфога чиқарилгач, Назаров ҳам «Бунёкор»дан кетган кўринади. Сабаби 20 ёшли посбон кўп ўтмай, «Нефтчи»нинг Туркиядаги йиғинига бориб қўшилганди. Аммо «Бунёдкор» Назаров билан келишув бекор қилингани ҳақида расман эълон қилмаган.
Орадан 20 куни ўтгач, 27 январь куни эса «Нефтчи» Владимир Назаров билан шартнома имзоланганини расман эълон қилди. Дарвозабон янги мавсумни Фарғонада бошлайдиган бўлди. Клуб бош мураббийи Виталий Левченко Назаровни расман таништирган.
Эслатиб ўтамиз, Назаров ўтган мавсум «Олимпик» сафида Суперлигада 14 ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 26та тўп олиб чиққан.