Роналду яна Мессига қарши. Саудия Арабистони чемпионати юлдузлари «ПСЖ»га қаршилик кўрсата оладими?
Чоршанба, 18 Январ
10290
Фото: Getty Images

Криштиану Роналду Саудия Арабистонига кўчиб ўтгач, португалиялик 37 ёшли юлдузнинг Месси билан бир неча йиллик қарама-қаршилиги тугагандек кўринганди. Аммо тақдирни қарангки, Роналду Саудия Арабистонидаги илк ўйинидаёқ Месси, Мбаппе ва Неймар триосига қарши ўйнайдиган бўлди.

Бир йил аввалги келишув

«ПСЖ»нинг Саудия Арабистонига келиши ва Роналдунинг араб диёридаги дебюти айнан жаҳон чемпиони Мессига қарши тўғри келаётгани кўпчилик томонидан қатарлик ва саудиялик шайхларнинг «сценарийси» сифатида айтилаётган бўлса-да, аслида бу келишув сўнгги икки ҳафтада эмас, бир йил аввал тузилган эди. Унга кўра, ЖЧ-2022дан кейин Франция чемпионатида юзага келадиган январь ойидаги танаффус пайтида Париж клуби Ар-Риёдда меҳмон бўлиб, миллий чемпионат юлдузларига қарши ўртоқлик баҳсида тўп суриши белгиланганди.

Тақдирни қарангки, Месси 2022 йил якунидаги мундиални Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги сенсацион мағлубият билан бошлаган бўлса, якунда Аргентина билан узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритди. Роналду эса январь ойи бошида «Ан-Наср» таклифини қабул қилиб, Ар-Риёдга кўчиб ўтди. Барча Месси ва Роналду эраси тугади деётган бир пайтда тақдир бу юлдузларни яна ўзаро учраштирмоқда.

«ПСЖ» Саудияга юлдузли таркиб билан келади

Франция чемпиони Саудия Арабистонидаги ўйинга кучсиз ва аралаш таркиби билан эмас, асосий таркибда келади. 19 январь, пайшанба оқшомидаги ўйинда Кристоф Гальтье Роналду етакчилигидаги жамоага қарши Месси – Неймар – Мбаппе триосини майдон тушириши кутилмоқда. Бу ўйинчилар Саудиядаги сафар олдидан Қатар пойтахти Доҳага ҳам ташриф буюрган.

Франция чемпионати доирасида сафардаги сўнгги икки ўйинда мағлубиятга учраган «Пари-Сен-Жермен» Саудия Арабистонидаги ўртоқлик баҳсида маҳаллий мухлисларга шунчаки хушкайфият улашиш мақсадида майдонга тушмаслиги аниқ. Айниқса, бу Месси ва Роналду ўртасидаги ўзаро сўнгги тўқнашув сифатида айтилаётган бир пайтда.

«ПСЖ»га қарши Жалолиддин Машариповни ҳам кўрамизми?

Саудия Арабистонидаги ўйинда «ПСЖ»нинг қайдномаси маълум бўлиб улгурган бўлса-да, «Ан-Наср» ва «Ал-Ҳилол» юлдузларидан ташкил топадиган Ар-Риёд шаънини ҳимоя қилувчи бирлашган таркиб ҳали расман маълум қилинмаган. Шунга қарамай, бу таркибда ўзбекистонлик Жалолиддин Машариповнинг ўрин олиши эҳтимоли имконияти жуда паст. Чунки ҳужумкор чизиқда Роналдудан ташқари яна бир қатор юлдуз футболчилар танлови мавжуд. Машарипов эса Криштиану билан тил топишишга улгурган бўлса-да, бу мавсум бор йўғи 3 ўйинда тўп суриб, самарадорлик кўрсата олмади.

Ҳозиргача маълум қилинишича, «ПСЖ»га қарши «Ан-Наср» дарвозабони Давид Оспина ўйнамаслиги ойдинлашган. «Наполи» ва «Арсенал» собиқ дарвозабони жиддий жароҳат олиб сафдан чиққан. Шу боис унинг ўрнига Саудия Арабистони миллий жамоаси ҳамда «Ал-Ҳилол» дарвозабони Муҳаммад Ал-Овайис Ар-Риёд таркибида майдонга тушади.

Ҳимоядан ҳозирда «Ан-Наср»да ўйнаётган 33 ёшли испаниялик ҳимоячи Альваро Гонсалес жой олиши кутилмоқда. «Эспаньол», «Вильярреал» ва «Марсель» собиқ футболчиси ўтган йил Ар-Риёд клубига ўтганди. Шунингдек, «Ан-Наср»га «Реймс»дан ўтган Гислен Конан ҳам шу куни ҳимоя чизиғидан жой олиши мумкин.

Яримҳимоядан «Бавария» собиқ футболчиси Луис Густаво жой олади. «Ан-Наср»нинг 35 ёшли футболчиси жорий мавсум Саудия чемпионатидаги 13 баҳсда 2та гол ва ассистга муаллифлик қилган. Унинг ёнидан колумбиялик Густаво Куэльяр ўрин эгаллаши кутилмоқда. «Ал-Ҳилол» футболчиси жорий мавсумни юқори даражада ўтказмоқда.

«Ан-Наср» томонидан 16 миллион еврога сотиб олинган аргентиналик Гонсало Мартинес, «Бенфика» собиқ яримҳимоячилари Андре Каррильо ва Андерсон Талиска ҳам майдон марказидан жой олиши кутилмоқда. Талиска жорий мавсум «Ан-Наср» сафида Саудия чемпионатидаги 11 ўйинда 11та голга муаллифлик қилди. Шунингдек, Матеус Перейра ва «Порту» собиқ футболчиси Мусса Марега ҳам «Ал-Ҳилол» номидан Ар-Риёд жамоаси сафида «ПСЖ»га қарши ўйнаши мумкин.

Ҳужум чизиғида Криштиану Роналдудан ташқари, камерунлик Венсан Абубакар ҳам майдонга тушиши мумкин, аммо унинг клубни тарк этиши сабабли бу ҳалигача сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, «Ал-Ҳилол»да ўйнаётган «МЮ» собиқ ҳужумчиси Одион Игало ва «Атлетико» собиқ форварди Лусиано Вьеттони ҳужум чизиғида туширилиши эҳтимоли каттта. Нигериялик голеадор ҳозирда Саудия чемпионатида тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда.

Сардорлик боғичи Роналдуга топширилди

«Қирол Фаҳд» стадионида ўтадиган учрашувда араб жамоалари футболчиларидан иборат таркибни Криштиану Роналду сардор сифатида майдонга бошлаб тушади. 37 ёшли португалиялик футболчи 16 январь куни Саудия Арабистони футбол раҳбарияти вакили Турки Аш-Шайхдан сардорлик боғичини қабул қилиб олган.

«ПСЖ» Ар-Риёд билан ўйиндан 10 миллион евро ишлаб олади

L'Équipe нашрининг ёзишича, «ПСЖ» Ар-Риёддаги ўртоқлик ўйинидан 10 миллион евро ишлайди. Шу куни Криштиану Роналду ва Лионель Месси тўқнашуви кузатилиши боис чипталарнинг онлайн савдоси бошлангач, қарийб 2 миллион мухлисдан чипта учун ариза тушган.

Месси ва Роналду сўнгги марта 2020 йилда ўзаро тўқнаш келганди. Ўшанда «Ювентус» Чемпионлар лигаси доирасида «Барселона»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган, португалиялик ҳужумчи дубль қайд этганди. Бу сафар Саудия Арабистони чемпионати юлдузлари «ПСЖ»га қаршилик кўрсата оладими? Пайшанба оқшомида кузатамиз. 

Ўртоқлик учрашуви.

19 январь (пайшанба)

Ар-Риёд (Саудия Арабистони) – ПСЖ (Франция)

Ар-Риёд, «Қирол Фаҳд халқаро стадиони».

Ўйин бошланиш вақти: 22:00.

ТВ-трансляция: KSA Sports 1 HD.

Усмон Ибодов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар