«Энг тўғри қарор – ҳакамники». «Манчестер дербиси»нинг энг баҳсли вазияти ҳақида
Якшанба, 15 Январ
10936
Фото: Getty Images

Бруно Фернандешнинг «Манчестер Сити» дарвозасига урган голи роса муҳокамаларга сабаб бўлмоқда ва ҳакамнинг хато қилганини айтаётганлар оз эмас. 

Бу мавзуда баҳслашиш бефойда, аммо баъзи фундаментал тушунчаларни бериб ўтиш керак. Ҳакам хатоси нима дегани ўзи? Бош ҳакам видеотакрорлар хонасида ўтирган яна тўрт ёрдамчиси билан биргаликда, маслаҳатлашиб хато қилиш мумкинми?

Ҳакам хатолари аслида икки факторда рўй беради – баҳолаш ва кўрмай қолиш. Футбол тарихида рўй берган ҳар қандай қарорнинг хато бўлиб чиқиши шу асосда рўй берган: Марадонанинг қўлини кўрмай қолишган, Баҳрайн билан ўйинимизда Йошида вазиятни баҳолай олмаган.

VAR пайдо бўлгач, биринчи фактор деярли йўқолди – энди ҳакамлар ҳаммасини кўради. Миллиметрли офсайд ҳам четда қолмайди. Яхши. Аслида бундай ҳолатлар тортишув мавзуси ҳам бўлмаган илгари. Такрорий лавҳани кўриб, ҳакам хатоси кўринган, ҳар икки жамоа мухлислари ҳам тан олган. Офсайд бор эди ёки йўқ эди, деган тортишув бўлмайди-ку, тўғрими?

Иккинчи фактор – баҳолашга келганда, буни VAR ҳам еча олмайди, асосий тортишувлар ҳам шу доирада кечади. Қоида бузилдими ёки йўқ, офсайд активмиди ёки пассив, қизилга тортадими ёки йўқ, бундай вазиятларни баҳолаш ҳакамга ҳавола этилади, VAR эса вазиятни тўғри баҳолаш учун ҳакамга максимал даражада ёрдамчи бўлади – вазият турли ракурслардан, секинлатиб, яқинлаштириб, такрорлатиб кўрсатиб берилади. Уёғи ҳакамга ҳавола, барча қоидани яхши биладиган ҳакам (ҳакамлар гуруҳи) вазиятни таҳлил қилиб, қарор қабул қилади.

Энди, ҳакамни хато қилди, дейишга қандай асосларимиз бор? 

Биринчидан, биз телевизорда кўрган тасвирни кўпроқ ва аниқроқ ракурсларда биздан малакалироқ ҳакамлар гуруҳи ҳам кўриб туриб, биздан ёмонроқ хулосага бориши мумкинми? Бунинг учун уларнинг ҳаммасини бирданига ақли панд бериши лозимки, ишониш қийин.

Иккинчидан, бизмас, бошқа ё собиқ ҳакамларнинг ўша вазиятни бошқача баҳолаганини ўқиб қоламиз. Хўш, унда нега икки хил тўғри қарор бўлиши мумкинми?

Ҳа. Бруно Фернандешнинг голини Стюарт Эттуэлл эмас, айтайлик, Оливер бўлганида, ҳисобламасди. Хато бўлмасди. Эттуэллнинг қарорида ҳам хато йўқ – ҳакамлар ташкилоти буни баён қилди ҳам.

Гап шундаки, вазиятни баҳолаш инсоний хислатлар талаб қилувчи жараён бўлгач, бир қоидани маълум вазиятга икки хил боғлаш мумкин. Офсайднинг қачон актив бўлиши қоидаси аниқ, аммо Рэшфорд вазиятга қанчалик таъсир ўтказди, «Сити» ҳимоячилари тўпни эгаллашига қай даражада халақит берди – буни ҳар ҳакам фарқли баҳолаши мумкин. Эттуэлл бригадаси шунақа кўрдими, демак ростанам вазият мураккаб, қийин ҳолат. Бундай паллада майдонда масъул бўлган ҳакамнинг қарори бирламчи ҳисобланади. Оливер бошқарганда уники ҳам худди шундай, энг авторитет хулоса сифатида қайд этиларди. Бу шундай вазиятлар сирасига кирадики, вазиятни томоша қилиб, аниқ бир қарорни айтиб, тескарисини хато дея олмайсиз. Масъул ҳакамнинг хулосаси билан ҳисоблашишга мажбурсиз.

Яъни, шу вазиятда энг тўғри қарор Эттуэллники. Тамом.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар