«Мантиқий ибтидо». «Наполи»нинг навбатдаги юриши ҳақида
Шанба, 14 Январ
2603
Фото: Getty Images

Бу «Наполи» чемпион бўлиши керак. Мен бу фикрни ўтган йили айтгандим. Сабаб?

Масалан, сўнгги ўн йилдаги «Наполи» деганда хаёлингизга кимлар келади? Аввал Кавани, Ҳамшик, кейин Кальехон, Инсинье, Мертенс, Жоржиньо, Кулибали... «Наполи»нинг олтин даври, ўзига хослиги билан Италия чемпионатига ўзгача ранг олиб кирган, бир мавсумда тўқсондан кўп очко тўплаб, енгилмас «Ювентус»га рақобат кўрсата олган «Наполи»... 

Мана шу жамоа аста секин ўз даврини тугатаётган, юлдузлар бирин кетин тарк этаётган пайтда чинданам ачингандим. Шундай ажойиб йиллар наҳотки бир ё икки кубок билан чекланиб қолса? Наҳотки ўн йиллар ўтиб, яна «Наполи» деганда биз, йўқ, биз эмас, бечора клуб мухлислари яна Марадона даврига энтикаверишса? Футболга Диегони бор бўйи билан тақдим этган жамоага нисбатан ноҳақлик эмасми бу? 

Шунинг учун ҳам, ҳеч бўлмаса, умрининг кузида «Наполи» чемпион бўлишини истагандим. Тўғри, уч йил олдинги жамоа кучлироқ эди, ҳа, қариган Мартенс ким-у, Кавани ким, қўшиламан, лекин бундай ёрқин давр мантиқий тугаш учун «Наполи» шоҳсупага бир чиқиб тушиши шартдек кўринганди. Нима бўлибди, футбол тушунарсиз, ана, «Интер», «Милан» навбати билан чемпион бўлишди-ку, у даражада узоқ пайт кучли бўлишмасалар-да.

Йўқ, футбол доим биз хоҳлаганимиздек бўлавермайди. Тақдирга тан берган футболчилар Неаполни тарк эта бошладилар: Кулибали «Челси»га ўтди, Инсинье АҚШда, Мертенс Туркияда. Руис аниқ соврин ютадиган Парижга кетди. Давр ниҳоясига етди.

Эсиз. Шарқдан пул ёғилмаса, бу «Наполи» қачон яна бунақа юлдузли онларга қайтади? Нафақат Европа, Италиянинг ўзида ҳам устунроқ, жозибадорроқ, либоси чиройлироқ жамоалар етарли-ку?

Хўўўш... Осимхен. Зўр бўлганда, аввалроқ танирдик, «Лилл»нинг тўпурари, майли. Ангисса, «Фулҳэм» даражасидан кўтарила олмаган Англияда, Зелински, эски таркибнинг дирижери. Хвича. Россияда ижарама-ижара юрган «носўнейм». Ҳимояда Ким. Ким ўзи у?

Спалетти яхши, ҳурматли мураббий, аммо ортиқ эмас. Сарри каби янги ғоялар билан келмаган, Анчелотти каби соврин машинаси эмас, йўқ, агар муваффақиятсиз мавсум кутиш керак бўлса, энг мантиқли, энг мос палла, шундай эмасми? «Ювентус» тахтига қайтармикин ё миланликларнинг қайтиши жиддийми? Август учун зўр савол.

Аммо шу «Наполи» чиқади-да, қаторасига ҳаммани юта бошлайди. А Серия етмасдан, ҳатто «Ливерпуль» ҳам соғ қолмайди. Ҳа, буни аввалам кўрганмиз, қачонгача? Билмадим, лекин январнинг ўртаси «Ювентус» тор-мор этилмоқда. Ниҳоят ўзини эслата бошлаган, охирги саккиз ўйинни ғалаба билан якунлаган, шунча ўйинда ўз дарвозасидан бирортаям гол ўтказиб юбормаган «Ювентус»га беш гол! Бу энди жиддий.

Албатта, мутахассислар тушунтириб ётишибди – нега бу «Наполи» кучли экани-ю, қандай қилиб «Ювентус»ни ютганини. Хвича мана бу ерда тўғри қилди, Ким хатосиз ўйнади, Элмаснинг майдонга тушиши ўз таъсирини кўрсатди, ҳоказо, ҳоказо. Ҳей, нима деяпмиз? Хвича, Ким, Элмас? Наҳотки бу йигитларнинг январда А Серияни 10 очколик фарқ билан бошқаришини футбол тили билан тушунтира оламан, деб ўйлайсизлар? Қўйинглар-е.

Футбол ҳақида кўп билмайман. Лекин тушунарсиз воқеалар кўпроқ ёқади. Худди ҳаётни эслатгандек – ҳеч нарсани ҳисоблай олмайсан, ҳамма нарсани тушуна олмайсан. Бу «Наполи» чемпион бўлиши керак. 

Аввалгиси мантиқий якунга эга бўлмагандир, аммо бунисида мантиқий ибтидо бор – ҳеч ким тушуна олмаса ҳам.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар