Бугун, 6 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциасияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва «Локомотив» футбол клуби бош директори Тўлабек Акромов ҳамда бир қатор футбол мутахассислари Хоразм вилоятига боришди.
ЎФА ва «Локомотив» клуби раҳбарияти Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов билан учрашиб, Хоразм футболи инфраструктурасини 2023-2025 йиллар давомида шакллантирган ҳолда Тошкент шаҳрининг «Локомотив» жамоаси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинган. Шунингдек, вилоятнинг бош жамоаси «Хоразм» футбол клубининг келажакдаги истиқболлари ва мақсадлари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, мутасаддилар Хоразм спорт мажмуасида бўлиб, футбол академиясида яратилган шароитлар, вилоят футбол ассоциасиясида олиб борилаётган ишлар ҳамда Хоразм футбол клубининг бутун тизими билан яқиндан танишдилар.
Эслатиб ўтамиз, ЎФА президенти Абдусалом Азизов 26 декабрь кунги ҳисобот йиғилишида «Локомотив» футбол клубини Тошкентдан Самарқанд ёки Хоразмга кўчиришни, Ўзбекистон темир йўллари АЖ ушбу ҳудудлар жамоасига ҳомийлик қилиши лозимлиги ҳақида гапирган эди.