Месси турнирни тарк этиши, Саудия яна сенсация қилиши мумкин. Бугунги ўйинларда нималар ҳал бўлади?
Чоршанба, 30 Ноябр
7715

Бугун яна икки гуруҳда гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинлари ўтказилади.

D гуруҳи

Австралия — Дания (Тошкент вақти билан соат 20:00да)

Франция миллий жамоаси 2 турда 2 ғалабага эришди ва Тунис билан ўйинни плей-офф иштирокчиси мақомида бошлайди. Австралияликлар ва данияликлар эса 1/8 финал йўлланмаси учун ўзаро жанг қилади. Ўйин арафасида Австралиянинг позицияси яхшироқ: улар Тунис билан ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозониб, уч очкога эга бўлишган, Евро-2020 яримфиналчилари эса Африка жамоаси билан биринчи турда голсиз дуранг қайд этганди. Энди Каспер Юлманн жамоасига фақат ғалаба керак.

«Бизни ўз финалимиз кутмоқда. Биз деворга тақалганмиз ва очко йўқотишга ҳақли эмасмиз», — деганди данияликлар бош мураббийи Франциядан мағлубиятга учралгач. Ҳозирча унинг жамоаси бир ярим йил олдин Европа чемпионатида кўплаб бетараф мухлисларни ўзига жалб қилган ёрқин жамоага ўхшамаяпти. Аммо ўша турнирда ҳам Дания сўнгги турда Россия устидан ғалаба қозониш (4:1) орқали плей-оффга чиққанди, ўшанда ҳам жамоа 2 турдан кейин яхши ҳолатда эмасди. Бу сафар ҳам шундай бўладими? Агар скандинавлар ғалабага эриша олмаса, Австралия 2006 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионати нимчорак финалига чиқади.

Тунис — Франция (Тошкент вақти билан соат 20:00да)

Дидье Дешам жамоаси амалдаги чемпионлар кейинги мундиалда гуруҳ босқичидан чиқа олмаслиги билан боғлиқ нохуш анъанага чек қўйди. Франция Австралия (4:1) ва Дания (2:1) билан ўйинларда ишончли ғалабаларга эришди. Эътиборли томони, французларда асосий таркибнинг етакчи футболчилари жароҳат олиб сафдан чиққани умуман сезилмади. «Учранглилар» аллақачон 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилиб бўлган, энди ким қайси ўрин билан чиқишини аниқлаш масаласи қолган. Вазиятга реал қаралса, Франция Тунисни енга олмаслиги эҳтимоли кам, бу эса жамоа С квартетида биринчи ўринда қолишини англатади. Умуман олганда, Дешам шогирдлари минимал ҳисобда ютқазса ҳам, тўплар нисбатига кўра австралияликларни биринчи ўринга ўтказиб юбориши қийин.

Шу билан бирга Тунисни муддатидан олдин курашдан чиқармаслик керак. Улар ҳам сўнгги турда плей-офф учун имконият сақлаб қолган. Аммо бунинг учун улар Франция устидан ғалаба қозониши, параллел учрашувда керакли ҳисоб қайд этилишидан умид қилиши керак бўлади.

Австралия Дания устидан ғалаба қозонган тақдирда, африкаликлар турнирни тарк этиши аниқ. Ўз ўйинидаги ғалаба ва параллел ўйиндаги дуранг Тунисни тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринга олиб чиқиши мумкин, бу ҳолда Австралия биринчи турда Францияга йирик ҳисобда ютқазгани панд беради. Агар Дания австралияликлардан устун келса, Тунис йирик ҳисобда ғалаба қилиши талаб этилади, лекин бу амалда имконсиз иш.

Гуруҳдаги вазият

1) Франция аллақачон плей-оффда, амалда биринчи ўрин ҳам таъминланган, бунинг учун Тунисга йирик ҳисобда ютқазмаслик кифоя.

2) Австралия ва Дания иккинчи ўринни эгаллаш учун баҳслашади, яшил қитъа вакиллари ғалабаси ёки дуранг ҳисоб уларни 1/8 финалга олиб чиқади, скандинавлар жамоасини фақат ғалаба қониқтиради.

3) Тунис плей-оффга чиқиш учун Франциядан устун келиши лозим. Австралия ўз ўйинида ғалаба қозонса, тунисликларда имкон бўлмайди, дуранг ёки Даниянинг ғалабаси юз берган тақдирда, уларда вариантлар бўлади. Барчасини тўплар нисбати ҳал қилади.

C гуруҳи

Полша — Аргентина (Тошкент вақти билан соат 00:00да)

ЖЧ-2022 гуруҳ босқичининг энг ёрқин вивескаларидан бири — Левандовскининг Мессига қарши чиқиши. Сўнгги тур арафасида Полша тўрт очко билан биринчи, Аргентина уч очко билан иккинчи ўринда жойлашган. Жанубий Америка чемпионлари европаликларни қувиб ўтиши ҳам, уйга қайтиши ҳам мумкин. Поляклар ҳам барчасидан қуруқ қолиши эҳтимоли бор. 

Месси иккинчи турда жамоа ўйини яхши чиқмаётган вақтда Мексика дарвозасига муҳим голни уриб, Аргентина курашда қолишини таъминлади. Мураббийларнинг тактик жанги кечиши кутилаётган Полшага қарши ўйинда ҳам «ПСЖ» форвардидан қаҳрамонлик талаб этилиши мумкин. Шу билан бирга полякларда ҳам жаҳон чемпионатларида биринчи голини уриб олган ва яна гол уришни истаётган Роберт Левандовски бор.

Саудия Арабистони — Мексика (Тошкент вақти билан соат 00:00да)

Жаҳон чемпионатининг асосий сенсацияси муаллифи бўлиб турган жамоа ҳамон плей-офф учун даъвогар. Қолаверса, учинчи турдаги натижаларга кўра, Саудия Арабистони гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши ҳам мумкин.

Мексика терма жамоасида вазият бироз мураккаб. Лотин Америкаси вакиллари Полша билан ўйинда яхшироқ ҳаракат қилишганди, аммо фақат Гильерма Очоанинг сейви эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Аргентина билан ўйинда эса мексикаликлар бутун ўйин давомида рақиб ҳужумларини қайтариш билан банд бўлди. Энди Херардо Мартино шогирдларига Саудия Арабистони билан ўйинда фақат ғалаба керак. Лекин ғалаба ҳам уларга 1/8 финал йўлланмасини кафолатламаслиги мумкин.

Гуруҳдаги вазият

1) Полшага плей-офф йўлланмаси учун ғалаба ёки дуранг керак. Уч очко жамоага биринчи ўринни эгаллаш имконини беради, бир очко эса камида иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиш имконини беради, параллел ўйинда саудияликлар муваффақиятсизликка учраса эса, етакчилик сақлаб қолиниши мумкин.

2) Аргентина ўз ўйинида ғалаба қозонса, биринчи ўринни эгаллайди — агар Саудия Арабистони Мексикани уч ёки ундан кўп гол фарқи билан мағлуб этмаса. Дуранг қайд этилса, Месси жамоадошларига иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиши мумкин — шунда ҳам параллел ўйинда дуранг қайд этилиши ёки Мексика йирик ҳисобда ғалаба қозонмаслиги керак. Мағлубият аргентиналикларни плей-оффда ўйнашдан маҳрум этади.

3) Саудия Арабистони ўз ўйинида ғалаба қозонса, параллел учрашувда қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар плей-оффга чиқади. Агар Аргентина ва Полша ўзаро дуранг ўйнаса, араблар биринчи ўринни эгаллашади. Европаликлар ғалаба қилган тақдирда — иккинчи бўлишади. Жанубий Америка вакиллари муваффақият қозонган тақдирда, голлар нисбатни ҳисоблашга тўғри келади. Мағлубият саудияликларни 1/8 финалдан маҳрум этади.

4) Мексикани фақат ғалаба қониқтиради. Аргентинанинг мағлубияти Мартино жамоасини иккинчи ўринга олиб чиқади. Параллел ўйинда дуранг ёки Полшанинг ғалабаси қайд этилса, мексикаликлар яхшироқ тўплар нисбатига эга бўлиши, яъни Саудия Арабистонини й    ирик ҳисобда мағлуб этиши керак бўлади.

Плей-офф

С гуруҳи ғолиби D гуруҳининг иккинчи жамоаси билан учрашади. D квартетининг биринчи жамоаси эса С квартетидан иккинчи ўрин билан чиққан жамоага тўқнашади. 1/8 финалдаёқ тўрт йил муқаддам Россияда плей-оффда ўзаро ўйнаган Франция ва Аргентина жуфтлиги ҳосил бўлиши мумкин. Бу гуруҳдан чиққан жамоаларнинг ўйинлари 3-4 декабр кунлари ўтказилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар