FutbolTV ребрендинг ҳақида эълон қилди. Телеканал мусиқий йўналишга ўзгартирилади
Чоршанба, 30 Ноябр
8112
Фото: FutbolTV

2017 йилда ташкил этилган FutbolTV телеканали 5 йиллик фаолиятидан кейин ребрендинг ҳақида эълон қилди.

Телеканалнинг расмий телеграм канали хабарига кўра, эртага, 1 декабрдан бошлаб «FutbolTV» футболдан мусиқий каналга айлантирилади.

«Энг севимли ўзбек, рус, турк ва жаҳон эстрадаси юлдузлари иштирокидаги топ клиплар, спорт, кино, кўнгил-очар кўрсатувлар, қайноқ ҳит парад ва премьералар! Барчаси завқли мусиқа - ФТВ телеканалида!», - дейилади канал хабарида.

UzReportTV агентлиги қошида 2017 йилда эфир юзини кўрган телеканал ўтган йиллар давомида Европа миллий чемпионатлари, еврокубоклар ТВ-трансляциясини йўлга қўйган эди. Сўнгги йилларда эса Европанинг кучли бешлик чемпионатлари трансляцияси Ўзбекистон МТРК телеканалларига ўтгач, «FutbolTV» Осиё миқёсидаги турнирлар ва Ўзбекистон Про лигаси баҳслари трансляцияси билан чекланаётган эди.

Келаси мавсумдан ОЧЛ ўйинлари UzReportTV телеканали орқали намойиш этилиши кутилмоқда. Про лига-2023 баҳслари трансляцияси масаласи эса ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу телеканалнинг бир қатор шарҳловчилари Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев, Ориф Толипов, Ҳасан Турдиалиев бир неча ой олдин «Спорт» телеканалида ҳам фаолият бошлаган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар