«Ювентус» Аньелли, Недвед ва директорлар кенгаши истеъфосини тасдиқлади. Президент таъсирли хат ёзди
Сешанба, 29 Ноябр
2349
Фото: Getty Images

«Ювентус» раҳбариятини бутунлай ўзгартиради.

Италия клуби директорлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши якунлари бўйича баёнот эълон қилди. Унга кўра, кенгашнинг барча аъзолари истеъфога чиқди. 

Бундан ташқари «Ювентус» президенти лавозимида ишлаган Андреа Аньелли, клуб вице-президенти Павел Недвед, шунингдек, бош директор Маурицио Арривабене ҳам ишдан бўшади. Қайд этилишича, директорлар кенгаши Арривабенени ўз лавозимида қолишни сўраган.

Ҳозирги директорлар кенгаши 2023 йилнинг 18 январигача, яъни клуб акциядорлари йиғилиши бўлиб ўтгунча ишлайди. Ўша йиғилишда кенгашнинг янги аъзолари тайинланади. 

Аньелли «Ювентус»ни тарк этгач, клубнинг барча ходимларига хат ёзди. 

«Азизлар, «Ювентус»да ўйнасангиз ёки ишласангиз, битта мақсад бор — ғалаба қозониш. Қора-оқ футболка кийиш шарафига эга бўлган ҳар бир киши буни билади. 

«Ювентус» — дунёдаги энг катта клублардан бири. Натижага фақат бутун жамоанинг меҳнати билан эришилишини барча клуб ходимлари билади. 

Тарих бизга ғалаба қозонишни ўргатди, бу бизнинг ДНКимизда. 2010 йилдан бери ўз ҳикоямизни ажойиб натижалар билан тўлдирдик — янги стадион, кетма-кет 9та Скудетто, Netflix ва Amazon Prime'да у ҳақда фильм суратга олинган биринчи итальян клуби, аёллар жамоаси учун кетма-кет 5та чемпионлик. Шунингдек, Volkswagen билан келишув (бу ҳақда кам одам билади), Берлин ва Кардиффдаги ЕЧЛ финаллари, Adidas билан шартнома. «Ювентус» УEФА ижроия қўмитасидаги клублардан бири бўлди. 

Соатлар, кунлар, тунлар, ойлар ва фасллар — ҳар доим яхшиланиш мақсади билан. Ҳар биримиз майдонга қандай чиқишни биламиз – кийиниш хонасидан чиқиб, ўнгга буриласиз, зинапоядан 20 қадам пастга тушасиз, кейин яна 10 қадам юқорига кўтариласиз ва майдондасиз. 

Қўрқув. Биласизки, яқин атрофда имконсиз нарсага эришиши мумкин бўлган бутун жамоа бор. «Бернабеу», «Олд Траффорд», «Альянц Арена», «Сигнал Идуна Парк», «Сан-Сиро», «Селтик Парк», «Камп Ноу» — қаерга бормайлик, жамоа бирлашган пайтда ҳеч қачон қўрқмаганмиз. 

Агар бирлик бўлмаса, бу фалокатли оқибатларга олиб келади. Шу нуқтада, эҳтиёткорлик билан ўйлашингиз ва зарарни камайтиришингиз керак. Биз корпоратив нуқтайи назардан нозик вазиятга дуч келдик. Ортиқ ҳамжиҳатлик йўқ. Янги раҳбариятга вазиятни ўзгартириш имкониятини бериш учун ҳамманинг бирга кетиши яхшироқдир. 

Энди улар олдида янги чақириқ — «Ювентус» тарихига мослашиш турибди. 

Фридрих Ницшенинг иқтибосидан илҳомланиб, футбол учун ишлашда давом этаман: «Мусиқани эшитмагунча, рақсга тушаётганларни ақлдан озган деб ўйлайсиз...»

Ёдингизда бўлсин, биз бир кўришдаёқ бир-биримизни таниймиз, чунки биз «Юве» одамларимиз! Охиригача...», — деб ёзган туринликларнинг собиқ президенти.

Аньелли «Ювентус»ни 2010 йилнинг май ойидан буён бошқараётганди. Унинг қўл остида клуб кетма-кет 9 йил Италия чемпиони бўлди, 2 бор Чемпионлар Лигаси финалига чиқди, 5 мартадан Италия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар