Энг зўр-2022. Тақдирлаш маросими ва ғолиблар билан интервьюлар
Шанба, 26 Ноябр
2388

26 ноябр куни Тошкентдаги «Renessans Hall»да ўзбек футболи ва футзалидаги 2022 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 

ЎФА ва ПФЛ томонидан ташкил этилган маросимда бир қатор номинацияларда ғолиблар эълон қилинди:

«Ўзбек футболи нуронийси» — Биродар Абдураимов

«Фидойилик рамзи» — Анвар Охунов («Қўқон-1912» стадиони сухандони)

Фэйр-плей соврини — «Хоразм» футбол клуби

Энг яхши ёшлар мураббийи — Фарҳод Нишонов (Ўзбекистон U-18)

Аёллар Олий лигаси тўпурари —  Диёра Ҳабибуллаева («Сўғдиёна-W», 37та гол)

Аёллар Олий лигасида йил футболчиси — Мафтуна Шойимова («Севинч»)

Аёллар Олий лигасида йил мураббийи — Владислав Хан («Севинч»)

Йил ҳакамлари — Вадим Агишев ва Розиябону Юсупова

Энг яхши ёш футболчи — Аббос Файзуллаев («Пахтакор» ва Ўзбекистон U20 жамоаси аъзоси).

Энг яхши футзал мураббийи — Баҳодир Аҳмедов (Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Жиззах Кентекс» устози)

Энг яхши футзалчи — Ҳусниддин Нишонов (Ўзбекистон миллий жамоаси ва ВМВ клуби)

Про лигада мавсумнинг энг яхши мураббийи — Виктор Кумиков («Андижон»)

Про лигада мавсумнинг энг яхши футболчиси — Рўзимбой Аҳмедов («Бухоро»)

Энг яхши журналист — Хайрулла Ҳамидов (Sport телеканали) ва Азамат Умаров (Sports.uz сайти)

Суперлигада йилнинг энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Суперлиганинг энг яхши футболчиси ва тўпурари – Драган Черан («Пахтакор»)

Суперлигада мавсумнинг энг чиройли голи муаллифи — Ислом Тошпўлатов («Сурхон»)

Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи — Темур Кападзе (Ўзбекистон U-23 миллий жамоаси ва «Олимпик» клуби)

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси – Жамшид Искандеров («Навбаҳор»)

Суперлига-2022 рамзий жамоаси:
Дарвозабон — Ўткир Юсупов
Ҳимоячилар: Дилшод Саитов («Насаф»), Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Рустам Ашурматов («Навбаҳор»), Фаррух Сайфиев («Пахтакор»)
Яримҳимоячилар — Абдурауф Бўриев («Олимпик»), Сардор Собирхўжаев («Пахтакор»), Хуршид Ғиёсов («Олимпик»), Отабек Жўрақўзиев («Олимпик»), Жамшид Искандеров («Навбаҳор»)
Ҳужумчи — Драган Черан («Пахтакор»)
Мураббий — Максим Шацких («Пахтакор»).

Маросимдан сўнг ғолиблар ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Энг яхши футболчи деб топилган Жамшид Искандеров фаолиятида илк бор бу совринни қўлга киритганидан хурсандлигини яширмади: «Ҳаяжондаман. Бундан 8 йил олдин Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилганман, энди эса мамлакатнинг энг яхши ўйинчисига айландим. Ҳиссиётларимни сўз билан таърифлаб бера олмайман.

Тўғрисини айтсам, кутмагандим. Лекин яхши ният билан келгандим. Шукр, совринни қўлга киритдим. «Навбаҳор» раҳбарияти, мухлислари, жамоадошларим ва оила аъзоларимга раҳмат айтаман. 

Миллий жамоага чақирилмаганим?  Бу — мураббий танлови. Эҳтимол, унинг услубига тўғри келмаётгандирман. Бунга эътирозим йўқ. Ишлашда давом этаман.

«Навбаҳор» билан шартномам тугаган. Жамоада қолиш-қолмаслигим масаласи тез орада ҳал бўлади».

Энг яхши футзалчи Ҳусниддин Нишонов тез орада легионер бўлиш мақсади борлигини айтди: «Бу ютуқ ота-онам, мураббийим Дилшод Ҳайдарқулов ва жамоадошларимники ҳам. Ҳаммага раҳмат. Бошқалар ҳам совринга муносиб эди.

Легионер бўлиш? 2023 йилда буни мақсад қилганмиз. Таклифлар бор. Мураббийлар билан маслаҳатлашиб, қарор қабул қиламиз».

Энг яхши мураббий деб топилган Темур Кападзе бу соврин унга янада куч бағишлашини таъкидлади: «Бу соврин мени янада кучли қилади. Олдимизга қўйилган мақсадларни амалга оширишда мотивация беради.

Осон бўлмади. Бу ютуқда бутун жамоанинг ҳиссаси бор.

«Олимпик»? Дастлабки мавсумдаёқ 6-ўринни қўлга киритдик. Менимча, бу ёмон эмас. Асосийси тажриба тўпладик. Келаси йил янада яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз».

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси — Боймирза Халилов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар