Ўзбекистон шахматчилари жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади 
Жума, 25 Ноябр
8293

Қуддус шаҳрида шахмат бўйича миллий жамоалар ўртасида ФИДЕ жаҳон чемпионати якунланди. 

Ўзбекистон шахматчилари финалда Хитой билан беллашиб, 2 та раунд (1,5:2,5 ва 1,5:2,5) якунига кўра мағлуб бўлишди. Жаҳон чемпионатининг кумуш медали ўзбек шахмати тарихидаги энг яхши натижа бўлди. 

Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини GM Нодирбек Ёқуббоев, GM Жавоҳир Синдаров, GM Жаҳонгир Воҳидов, GM Шамсиддин Воҳидов, IM Абдималик Абдисалимов ва IM Ортиқ Нигматов ҳимоя қилди. Шахматчиларимизга нидерландиялик Иван Соколов сардорлик ва мураббийлик қилди. 

Аввалроқ, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида АҚШ (2,5-1.5), Исроил (2,5-1,5) ва Ҳиндистонни (3,5-0,5) мағлуб этиб, Польша (2:2) билан дурангга эришиб, Озарбойжонга (1,5-2,5) ютқазган эди. Бу натижалар шахматчиларимизга гуруҳда биринчи ўрин билан чоракфиналга чиқиш учун етарли бўлди. 

Сўнгра, Ўзбекистон шахматчилари чоракфиналда Украинани 2 та раундда (3:1 ва 2,5:1,5), яримфиналда эса Ҳиндистонни 2 та (2:2 ва 2,5:1,5) раундда мағлуб этишганди. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар