Германия ёш истеъдодларни жамлаган. Қатарда улар ҳақиқий имкониятларини кўрсата оладими?
Чоршанба, 23 Ноябр
1199

Йирик турнирларнинг доимий фаворитларидан бири бу сафар қандай ўйнайди?

Кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейинги турнир

Немис футболининг сўнгги ўн йилликдаги энг яхши футболчиларидан бири Ройс терма жамоалар миқёсидаги навбатдаги йирик турнирни ўтказиб юбормоқда. Ва яна жароҳат туфайли, Марко Евро-2020 турнирига бориши мумкин эди, аммо ўшанда у янги мавсумга тикланиш учун таркибга қўшилмасликка қарор қилганди. Ҳозирда барчага тушунарлики, унда энди бошқа имконият бўлмайди, бу сафарги жаҳон чемпионати эса Нойер ва Мюллер каби тажрибали футболчилар учун хайрлашув чемпионати бўлади. Ўтган ёзда уларнинг авлоди вакилларидан яна икки киши, Кроос ва Ҳуммелс асосий жамоадаги фаолиятини якунлаганди.

Немисларнинг олтин авлоди кетмоқда, ЖЧ-2014 финалидаги гол муаллифи бўлган Гётце беш йиллик танаффусдан кейин жамоага қайтарилгани шонли ўтмиш билан алоқа боғлашга уриниш эмас, балки порлоқ келажакка кўприк қуриш истагига ўхшаб кўринмоқда. Бундай келажакда жамоа ўтган сафарги мундиалдаги каби гуруҳда охирги ўринда қолмаслиги ёки ўтган сафарги Европа чемпионатидаги каби плей-оффнинг илк ўйинидаёқ турнирни тарк этмаслиги керак. Ўша натижалар — немислар ўз тизимли ёндашувини бугунги даврга мослаштира олмагани натижаси бўлганди. Уларда авлодлар алмашинуви кечикди, кейин эса қайта қуриш бошлаган Йоахим Лёв ишдан бўшатилди.

Албатта, Ҳанси Фликка жамоа жуда ёмон ҳолатда мерос қилиб қолдирилди дейиш тўғри бўлмайди, аммо немислар жамоасида ўзгаришлар шамоли «Бавария» билан барча совринларни (жумладан, ЕЧЛ ғолиблиги) ютган мураббий келгач эса бошлади. Лекин Фликни ҳам сеҳргар деб бўлмайди. Акс ҳолда Мюнхенда унда иккинчи мавсумда мураккабликлар юзага келмаган, трансферлар сиёсатидаги келишмовчилик туфайли клуб раҳбарияти билан муносабатлар боши берк кўчага кириб қолмаган бўларди.

Дарвоқе, «Бавария»га Флик дастлаб ёш футболчиларни ривожлантириш бўйича мутахассис сифатида таклиф этилганди ва у бош мураббийликка тайинлангач ҳам ёшлар учун қўшимча машғулотлар ўтишда давом этди. Шундай экан, қайта қуриш босқичидаги миллий жамоа учун (вақт чегаралангани инобатга олинганда ҳам) — Ҳанси идеал бошқарувчига айланди. Лекин бу ерда вазият «Бавария»даги каби эмас. Ҳозирги Германия — кўпроқ келажак учун қурилаётган жамоа, бу жамоа Қатарда тобланиши, Евро-2024'да камол топиши ва ундан кейинги жаҳон биринчиликларида даҳшатли кучга айланиши мумкин.

Тимо Вернер. Фото Global Look Press

Энг яхши тўпурарсиз

Умуман олганда, ҳозирда терма жамоада мамлакатнинг деярли барча асосий истеъдодлари жамланган, фақат хочсимон пайлари йиртилиб кетганидан кейин формасини тиклай олмаган Вирц бундан мустасно. Ҳаверц ҳозир 23 ёшда. Шлоттербек — 22, Кочап ва Адейеми — 20 ёш. Мусиала — 19, Мукоко эса ЖЧ очилиш куни 18 ёшга кирди. Мукоконинг таркибга жалб этилиши заявкадаги асосий сюрприз бўлиши мумкин, лекин бу ҳам нисбийдир.

Ушбу футболчи бу мавсумда чиндан ҳам яхши ўйнамоқда, Дортмунд клубида тажрибали Модест билан рақобатда ютиб чиқди. Албатта Вернернинг жароҳат олиши ҳам рол ўйнади, у «Челси»да қулай вазиятлардан йўққа чиқариш орқали мемлар қаҳрамонига айланган бўлса-да, миллий жамоада тўпурарлик қобилиятини намойиш этиб, бутун Германия ардоғида эди. Флик даврида «Лейпциг»га қайтган Вернер 15 ўйинда майдонга тушди ва тўрт параметр бўйича энг яхшиси бўлди: урилган голлар (8), зарбалар (33), рақиб жарима майдонида тўпга тегиниш (89) ва кутилган голлар сони (7,1).

Бундай кўрсаткичларга эга бўлган ва жамоа тизимига мослашган футболчининг сафдан чиқиши — жиддий зарба. Аммо айтиш керакки, Вернернинг жамоа учун аҳамияти Киммиҳ ёки Рюдигерникичалик эмасди. Немисларда ҳужум чизиғи барибир кучли, Сане, Гнабри, Ҳаверц ва ёшлар кўп нарсага қодир. Мусиала ақл бовар қилмас мавсум ўтказмоқда ва дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланишни ўз олдига мақсад қилган.

Аммо немисларга ёшлик иштиёқининг ўзи етарли бўладими? Жамоада фахрийларнинг катта тажрибаси ҳам бор, аммо икки йирик турнирдаги муваффақиятсизликдан кейин Германиянинг турнирдаги истиқболи ҳақида аниқ гап айтиш қийин бўлиб қолмоқда. Немислар бир ўйинда Италияни йирик ҳисобда мағлуб этиши (5:2), кейин эса Венгрияга қарши икки ўйинда атиги бир очко билан кифояланиши ёки Англияга қарши ўйинда икки гол устунлигини бой бериши мумкин. Ҳа, бу воқеалар натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган Миллатлар лигасида рўй берган. Лекин шу ўйинлар бу сафар тўрт йилликнинг асосий турнири арафасидаги синов жанглари бўлиб чиқди. Бу рақиблар эса Германия саралаш босқичида осонлик билан тор-мор келтирган рақиблар даражасида эмасди. Қатарда яхши натижа кўрсатиш учун немислар бошқа даражага чиқиши керак. Лекин улар ҳозирнинг ўзида бунга тайёрми?

Германия термасининг ЖЧ-2022 учун таркиби

Дарвозабонлар: Мануэл Нойер («Бавария»), Марк-Андре тер Штеген («Барселона»), Кевин Трапп («Айнтрахт»).
Ҳимоячилар: Армел Белла-Кочап («Саутҳемптон»), Маттиас Гинтер («Фрайбург»), Кристиан Гентнер («Штутгарт»), Тило Керер («Вест Ҳэм»), Лукас Клостерман («Лейпциг»), Давид Раум («Лейпциг»), Антонио Рюдигер («Реал»), Нико Шлоттербек («Боруссия» Д), Никлас Зюле («Боруссия» Д).
Яримҳимоячилар: Карим Адейеми («Боруссия» Д), Юлиан Брандт («Боруссия» Д), Никлас Фюллькруг («Вердер»), Леон Горецка («Бавария»), Марио Гётце («Айнтрахт»), Илкай Гундўған («Манчестер Сити»), Йонас Ҳоффман («Боруссия» М), Йозуа Киммиҳ («Бавария»), Жамол Мусиала («Бавария»).
Ҳужумчилар: Юссуф Мукоко («Боруссия» Д), Томас Мюллер («Бавария»), Лерой Сане («Бавария»), Серж Гнабри («Бавария»), Кай Ҳаверц («Челси»).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар