Нега ЖЧ-2022 ўйинларида 10+ дақиқа қўшиляпти? ФИФА тажрибаси тафсилотлари
Сешанба, 22 Ноябр
4830
Фото: Getty Images

ЖЧ-2022 стартининг асосий хусусияти — ўйинлар давомийлиги. Ҳар бир таймга одатдагидан кўп дақиқа қўшиляпти. Англия - Эрон ўйини умумий рекордни янгилади: биринчи таймга 14 дақиқа, иккинчи таймга 10 дақиқа қўшилди. Охирида VAR учун яна 3 дақиқа. Нега ўйинларга бунчалик кўп вақт қўшилмоқда?

ЖЧ-2022 стартида ўтказилган ўйинларнинг умумий вақти таҳлил қилинса, қуйидаги кўрсаткичларни олиш мумкин:

● Қатар – Эквадор – 100 дақиқа 18 сония

● Англия – Эрон – 117 дақиқа 16 сония

● Сенегал – Нидерландия – 102 дақиқа 49 сония

● АҚШ – Уэлс – 104 дақиқа 30 сония.

Қоидалар ўзгармади — ФИФА ўйин вақтини чўзишга қарши курашмоқда

Жаҳон ва Европа чемпионатлари ҳар доим тажриба натижаларини намойиш этиш учун майдондир. ФИФА узоқ вақтдан бери кичик турнирларда катта амалдорларнинг турли фантазияларини синаб кўряпти, уларнинг энг яхшилари ҳатто жаҳон чемпионатига ҳам етиб келмоқда.

2018 йилги жаҳон чемпионатида дунё VAR қанчалик тез ишлашини кўрди. Илгари футбол симуляциялар, ҳаводаги тирсаклар, ҳакамларга қарши босим билан курашар эди. Одатда, бундай турнирлардан кейин инновациялар барча миллий чемпионатларга жорий этилади.

Қатар – Эквадор ўйинида офсайдни аниқлашнинг ярим автоматик тизимидан фойдаланилди. Бундан ташқари ФИФА ўйин вақтини назорат қилувчи қўшимча захира ҳакамини жорий қилди.

Турнир олдидан ФИФА ҳакамлари бошлиғи Перлуиджи Коллина шундай деди: «Ҳар бир бўлимга 7 ёки 8 дақиқа қўшиб берилганини кўриб, ҳайрон бўлмаслик керак. Бу беҳуда йўқотилган вақтни қоплаш учун жорий қилинди». Афсонавий италиялик голларни 1,5-2 дақиқа нишонланишини мисол қилиб келтирди. Агар голлар бир нечта бўлса-чи?

ФИФА бу янгилик билан ўйиннинг «соф» вақтини оширишга уринмоқда.

Иккинчи захира ҳаками паузалар миқдорини ҳисоблаб боради

ЖЧ-2022 ўйинларида одатдагидек бир эмас, икки нафар захира ҳаками ишлайди.

Асосий захира ҳакамининг вазифалари кенгайтирилди, энди у ҳакамлар жамоасининг тўлақонли аъзоси: ўйинни кўпроқ кузатиб боради ва майдоннинг ўзига яқин қисмлари учун жавобгардир (бутун жамоа бир-бири билан алоқада бўлади, маслаҳатлашади).

Иккинчи захира ҳакамининг асосий вазифаси — ўйин вақтини назорат қилиш. Агар илгари вақт шартли равишда қўшилган бўлса, энди ҳақиқий ҳисоб-китобга ўтилмоқда. Илгари тавсиялар қуйидагича эди: шартли равишда - жароҳат учун бир дақиқа, алмаштириш учун 30 сония қўшиш, факт бўйича, VAR учун сарфланган дақиқаларни қоплаш.

Янги тартиб бўйича, захира ҳаками голни нишонлаш, VAR, пеналти белгилаш, алмаштиришлар, сариқ ёки қизил карта кўрсатилиши, футболчининг четлатилиши, жароҳат олганга тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ вақтни ҳисоблаб боради.

Иккинчи захира ҳаками эса ўйин давомийлигини сонияларгача ҳисоблайди ва қанча «соф» вақт сарфланганини бригадага етказади. Шундан сўнг, ассоий вақтга қанча қўшиш ҳақида қарор чиқарилади.

Ҳозирча, жарима ва бурчак зарбалари, тўпни аутдан ташлаш учун сарфланган вақт ҳисобга олинмаяпти, аммо келажакда бу танаффуслар ҳам инобатга олиниши мумкин.

Албатта, Англия - Эрон ўйинида 1-таймга қўшилган 14 дақиқа кўп туюлиши мумкин. Аслида эронлик дарвозабонга тахминан тўққиз дақиқа давомида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бунга битта алмаштириш, битта сариқ карта ва инглизларнинг учта голи қўшилса, вақт жуда аниқ ҳисобланганини англашимиз мумкин.

Энди футбол 90 дақиқа бўлмайди – ким хурсанд-у, ким хафа

Футбол ўйинлари вақтининг узайиши шубҳасиз, мухлисларни хурсанд қилиши мумкин – айниқса, жаҳон чемпионати каби юқори савиядаги турнир томошабинларини. ФИФА томонидан бундай тажрибани синовдан ўтказилишидан мақсад ҳам шу – футболнинг жозибасини ошириш.

Аммо, футболнинг асосий истеъмолчилари – ТВ каналларининг муносабати қандай бўлади?

Масалан, 90 дақиқа давом этадиган ўйин учун (15 дақиқалик танаффус ва таймларга қўшиб бериладиган ўртача 3-4 дақиқа билан бирга) ТВ каналлари шу пайтгача ўз эфиридан 2 соат вақт (120 дақиқа) ажратиб келган. Бу кўпчилик ҳолларда етарли бўлган.

ЖЧ-2022 ўйинларини таҳлил қилсак, Қатар – Эквадор ўйини камида 116 дақиқа (101 дақиқа ўйин вақти + 15 дақиқалик танаффус), Сенегал – Голландия ўйини 118 дақиқа, АҚШ – Уэлс ўйини 119 дақиқа давом этгани маълум бўлади. Англия – Эрон ўйини эса 132 дақиқа! (Албатта бунда оғир жароҳат билан боғлиқ вазият инобатга олиниши керак, бундай ҳолат кам учрайди).

ТВ каналлари футболдан олдин ва кейин намойиш этиладиган рекламалар ҳисобига «тирикчилик қилишини» ҳисобга олсак, энди футбол учун 120 дақиқалик эфир вақти етарли бўлмайди. ТВ эфирининг ҳар бир дақиқаси қиммат туради, ўйин вақтининг чўзилиб кетиши телеканалларда муаммо келтириб чиқариши мумкин. Келажакда бу ТВ шартномаларига ҳам таъсир қилиш эҳтимоли бор.

АҚШ 1994 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганида, маҳаллий йирик телеканаллар футбол таймини 15 дақиқадан иборат 3 қисмга ажратишни таклиф қилишган эди. 45 дақиқалик вақт улар учун жуда узоқ ва реклама бериш учун жозибасиз эди. Орадан қарийб 30 йил ўтган бўлса-да, бу таклиф долзарблигини йўқотмаган. Яқинда баъзи мутахассислар футболни 30 дақиқадан иборат 3 таймга ажратиш, ёки 30 дақиқалик 2 таймни жорий қилиш, аммо «соф» вақт давомида ўйнаш ҳақидаги таклифни ҳам беришди. ФИФА бу ҳақда ўйлаб кўрмоқда.

Ҳозирча телеканаллар ФИФА тажрибасига муносабат билдирмади. Жаҳон чемпионати стартига жуда оз вақт бўлди, янгиликларни ҳазм қилиш жараёни энди бошланди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар