«Атлетико» Чемпионлар Лигасини тарк этди, аммо Симеонедан воз кечолмайди
Пайшанба, 03 Ноябр
5166
Фото: Getty Images

«Атлетико» евробаҳордан четда қолди – бу Диего Симеоне қўл остида биринчи марта содир бўлди. Клуб мураккаб иқтисодий шароитда катта даромаддан айрилди. Бироқ, бош мураббийдан воз кеча олмайди.

«Порту»дан (1:2) учралган мағлубиятдан сўнг, El Chiringuito мега-инсайдни эълон қилди: «Атлетико» раҳбарияти Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис Энрике билан боғланиб, жаҳон чемпионатидан кейин шартнома имзолаш масаласини муҳокама қилган. Энрике агар таркибни тўлиқ янгилашга рухсат берилса, ишлашга тайёрлигини айтган.

Бир неча соат ўтгач, раддия келди: COPE хабарига кўра, «Атлетико» бош мураббийни ўзгартирмайди. Раҳбарият Чемпионлар Лигасидаги инқирозни «сўнгги ўн йилликдаги илк фалокат» сифатида баҳолаган ва Симеоне ҳали Ла Лигада чемпионлик учун кураш олиб боришига чин дилдан ишонмоқда.

Пешқадам «Реал Мадрид» билан орадаги фарқ аллақачон тўққиз очкога етди ва чемпионлик учун кураш осон кечмайди. Демак, гап «Чоло» вазиятни ўнглай олиши мумкинлиги ҳақида эмас.

Симеоне дунёдаги энг кўп маош олувчи мураббий ҳисобланади. Уни ишдан бўшатиш жуда қимматга тушади

Ҳа, Гвардиола, Конте, Аллегри ёки Анчелотти эмас, айнан Диего Симеоне дунёдаги энг кўп маош олувчи мураббий ҳисобланади.

Франциянинг L’Equipe нашри эълон қилган маошлар рейтингига кўра, Диего Ла Лигадаги ҳар қандай футболчидан кўп иш ҳақи олади – ойига 3,3 миллион евро. Топ-5 лигаларда фақат Неймар, Лео Месси ва Килиан Мбаппе ундан кўп маош олади. Мураббийлардан унга энг яқини Пеп Гвардиола бўлиб, «Сити»да ойига 1,89 млн евро олади.

Симеонени муддатидан олдин истеъфога чиқарилиши «Атлетико»га 14 миллион еврога тушади. Клуб бу қийматни камайтириш учун аргентиналик билан музокара олиб боришга ҳаракат қилиши мумкин, аммо мураббий ва раҳбарият ўртасидаги муносабатлар таранглиги сабабли бу осон бўлмайди. Унинг шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган. Диего «Атлетико»да имкон қадар узоқ вақт қолмоқчи эканини кўп марта таъкидлаган.

«Биринчи кунданоқ бу ерда узоқ вақт қолишни хоҳлайман деган фикр билан яшадим, аммо «Атлетико»да хотиржам бўлолмайсиз, ишдан бўшатилиш хавфи доимо бор. Мен клубга бефарқ бўлолмайман», деган эди мураббий бир йил аввал. – Биз узоқ вақтдан бери мақсад сари ҳаракат қилдик ва биргаликда ривожландик. Клуб иқтисодий ва спорт нуқтаи назаридан ўсиш имкониятларини излади. Биз кўп нарсага эришдик, натижалар осонликча келмади».

Клуб президенти ҳам Диего тарафда.

«Мен Симеоненинг танқид қилинишини тушунмаяпман. Умуман тушунмаяпман. Тўғри, бу мавсумни яхши бошлай олмадик. Биз қийин аҳволдамиз, - деди «Атлетико» президенти Энрике Сересо. - Афсуски, нимадир нотўғри кетди, лекин сўнгги 12 йил ичида жуда кўп яхши нарсалар бўлди. Биз бундай саҳифага доғ туширишни истамаймиз».

Чолонинг катта маоши ростдан ҳам ҳеч кимни чўчитмайди. AS нашрининг ёзилишича, клуб аргентиналик мутахассис билан 2026 йилгача мўлжалланган янги шартномани тузмоқчи. Эҳтимол, унинг маоши пасайтирилиши мумкин, чунки «Атлетико»га ҳозир осон эмас.

«Атлетико»нинг иқтисодий аҳволи яхши эмас. Клуб етакчиларнинг маошини қисқартирмоқчи

Ла Лигадаги молиявий қийинчиликлар трендга айланиб бўлди. «Барса»нинг азоблари ва дастакларини ҳамма билади, лекин деярли барча клублар азият чекмоқда, шунчаки улар шовқин солмаяпти холос.

Marca нашрининг ёзишича, барчасига Ла Лига бизнесининг 10 фоизи CVC компаниясига сотилиши сабабчи. «Эльче» клубининг собиқ спорт директори Нико Родригес сўзларига кўра, Ла Лига бу шартномани имзолашга шошилган ва энди ривожланмай қолиши мумкин. «Атлетик» президенти Йон Уриарте шартномани ноқонуний деб ҳисобламоқда – у «Реал Мадрид» ва «Барселона» билан биргаликда CVC билан судлашмоқда.

Ҳозирги вазиятда «Атлетико»га ҳам оғир.

• Клуб Лиганинг молиявий назорати билан боғлиқ муаммолардан қочиш учун ўтган йили 1 миллионга яқин янги акция чиқаришга мажбур бўлди. Раҳбарият Америка молия жамғармасидан 180 миллион евро қарз олди, бироқ, Marca хабарига кўра, бу етарли бўлмаган ва яна 300 миллион евро қисқа муддатли кредит олинган.

• «Атлетико» етакчиларнинг маошини қисқартириш устида ишламоқда. Раҳбарият Антуан Гризманн, Жуан Фелиш, Коке, Ян Облак ва Тома Лемардан бунга рози бўлишни сўраган. Сўнгги иккаласи билан келишиб олингани айтилмоқда. Диего Симеоненинг улкан маошига ҳали тегилмаган, аммо L’Equipe ўтган йили Чоло кутилганидан 300 минг евро кам олганини аниқлади.

• Гризманнинг трансфери ҳам бош оғриғини кўпайтирди. «Атлетико» уни «Барселона»дан 40 миллион еврога сотиб олмаслик учун 60-дақиқадан кейин майдонга тушира бошлади. Каталонияликлар эса суд билан таҳдид қилишди – якунда 20 миллионга келишиб олишди. Mundo Deportivo нашрининг ёзишича, «Атлетико» раҳбарияти нархни 15 миллионга туширмоқчи эди, аммо вазиятга Симеоне аралашиб, битимни тезлаштиришни талаб қилган.

Клуб янги ҳомий – WhaleFin криптокомпанияси билан шартнома имзолади, аммо бу ҳам унчалик ёрдам бермади. Бу «Атлетико» тарихидаги энг йирик ҳомийлик шартномаси бўлиб, йилига 40 миллионга яқин даромад келтиради. Бундан ташқари, «Атлетико» ўз стадиони номини Civitas қурилиш компаниясига 10 йил муддатга сотди ва йилига яна 10 миллион евро олади.

Криштиану Роналдунинг «Атлетико»га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалаётган пайтда, президент Сересо бу келишув кўп сабабларга кўра имконсиз эканлигига ишонтирди. Marca хабарига кўра, иқтисодиёт асосий сабаб ҳисобланади. Энди эса мадридликлар еврокубокларни эрта тарк этгани учун яхшигина даромаддан қуруқ қолишади.

«Бундай воқеа юз беришини ўйламаган эдик. Сўнгги йилларда жамоа доимо гуруҳ босқичидан ўтиб келган. Биз чиқиб кетсак ҳам майли - ҳаёт давом этаверади, - деган эди президент «Порту»га қарши ўйиндан олдин. - Мен иқтисодий масалалар ҳақида гапиришни хоҳламайман. Бу фақат бизнинг муаммомиз».

Marca ҳисоб-китобига кўра, еврокубокдан чиқиб кетгани боис «Атлетико» тахминан 20 миллион евро йўқотади. Ўтган мавсумда клуб УЕФА ташкилотидан жами 40 миллионга яқин маблағ олган эди. Оқибатда, «Атлетико» Жуан Фелишни сотиш вариантини жиддий кўриб чиқмоқда. У Симеоне билан жанжаллашиб қолган ва захира ўриндиғида ўтирибди.

Диегонинг ўзига эса ҳозирча ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар