Россия миллий жамоаси 17 ноябрда Тожикистонга қарши Душанбеда ўртоқлик ўйини ўтказишини эълон қилди
Жума, 28 Октябр
2293

Россия миллий жамоасининг ноябрь ойидаги йиғин доирасида ўртоқлик учрашувидаги дастлабки рақиби маълум бўлди.

Россия футбол иттифоқи хабарига кўра, Валерий Карпин мураббийлигидаги жамоа 17 ноябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбеда мезбонларга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ўйин пойтахтдаги 20 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган «Марказий» стадионда ўтади.

Қайд этиш жоиз, Россия миллий жамоаси ўз тарихида ҳали Тожикистон билан ўйин ўтказмаган эди.

Аввалроқ, рус нашрлари Россия 20 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Ўзбекистонга қарши майдонга тушиши ҳақида хабар тарқатганди. Томонларнинг бу борадаги музокаралари анча вақт тўхтаб қолгани, аммо ҳозирга келиб ташкилотчилар келишувга эришишга яқинлиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия миллий жамоасининг 19 ноябрь куни Санкт-Петербургда ўтказилиши белгиланган Босния ва Герцеговинага қарши ўртоқлик баҳси бекор қилинганди. Бунга боснияликлар сафидаги Эдин Жеко, Миралем Пьянич ва яна бир қатор ўйинчиларнинг Россия билан ўртоқлик ўйинидан бош тортгани сабаб бўлган.

Маълумот учун, Сречко Катанец мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси 16 ноябрь куни Қозоғистон миллий жамоасига қарши халқаро ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Учрашув 16 ноябрь куни соат 18:00 да «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар