«Барселона» яна Европа Лигасида. Наҳотки клуб бу турнирга лойиқ бўлса? 
Жума, 28 Октябр
6071
Фото: Getty images

Бу мавсум бошқача бўлиши керак эди, аммо «Барселона» яна Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини шармандали якунлади. Бундан ташқари, катта даромаддан айрилди. Балки энди клуб савияси Европа Лигасига мосдир? - деб мулоҳаза қилмоқда Goal нашри. 

Хави «Камп Ноу»да «Бавария»га қарши ўтган баҳсдан олдин футболчиларини «Интер» - «Виктория» ўйинини томоша қилишга мажбурлади. Бу бир томондан аламли жазо эди. 

«Интер» Сан-Сирода 4:0 ҳисобидаги осон ғалабани қўлга киритиб, «Барселона» ЕЧЛдан чиқиб кетиши ва Европа Лигасига қайтишини кафолатлади. Албатта, бу ўйинни томоша қилган футболчилар энди ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаслигини фақат умид қилса бўлади. 

Аммо, Чемпионлар Лигасининг беш карра ғолиби қаторасига иккинчи йил қитъанинг иккинчи дивизионига тушириб юборилмоқда. 

Хавининг ЕЧЛнинг бу мавсумда уларга нисбатан «шафқатсиз»лик қилганини таъкидлайди. У иккинчи турда «Бавария»га ютқазиб қўйилган ўйиндан кейин «ғазабланди». «Биз энг яхши жамоа эдик. Биз улардан устунлик қилган эдик», деди мураббий. 

Клуб президенти Жоан Лапорта эса «Сан-Сиро»да «Интер»га қарши кечган ўйиндаги (0:1) ҳакамликни «шармандали» деб атади. Унинг фикрича, ўйин тақдирини ҳал қилган «гандбол»га хос иккита голда ҳакамлар изчил қарор чиқармаган эди. 

«Барса»нинг кетма-кет иккинчи марта гуруҳ босқичидан чиқиб кетиши қанчалик адолатли? 

«Интер» «Камп Ноу»да (3:3) ўтказилган баҳснинг иккинчи қисмида устунлик қилди ва Роберт Левандовски томонидан урилган голгача ғалаба сари йўлда эди. Симоне Индзаги шогирдлари ўйин якунида ғалаба қозониш ва муддатидан олдин 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритиш учун ажойиб имкониятни қўлдан бой берди – Кристиан Асллани сўнгги сонияларда зўр вазиятдан гол уролмади. 

Бироқ, бу ҳолат шунчаки «қатлни кечиктириш» эди холос ва Серхио Бускетс билан унинг шериклари буни жуда яхши тушуниб туришганди. 

Ўйиндан кейин сардорнинг асосий ташвиши «класико» билан боғлиқ бўлди, ва бу ўринли эди. Чемпионлар Лигасидаги нокаутдан атиги тўрт кун ўтгач «Барселона»ни «Реал»га қарши ўйин кутиб турганди.  

Каталония клуби «Сантяго Бернабеу»да 1:3 ҳисобида ютқазди. «Реал» яна Ла Лигада биринчи ўринга чиқиб олди. Хавига бўлган босим эса яна ошди. 

«Мен футболчиларни айбламайман. Бунга мен жавобгарман. Бу менинг хатом, бир неча хатоларим...», деди мураббий. 

Унинг Бускетсга таяниши шубҳали бўлди, чунки «Барса» яримҳимояда Френки де Йонг билан анча фаолроқ жамоа эди. 

Бироқ, Хави ҳимоя масаласида клубни анча яхшилади. Ҳозирча, Мадриддаги мағлубият уларнинг Ла Лига дафтаридаги ягона доғ бўлиб қолмоқда – жамоа атиги тўртта гол ўтказиб юборган. Уларнинг ҳимоядаги статистикаси, айниқса, марказий ҳимоячилар жароҳат олган бўлса ҳам, ажойиб кўринишда. 

Бироқ ташвишли томони шундаки, Хави бошчилигидаги «Барселона» катта ўйинларда, айниқса, қитъа миқёсидаги мусобақаларда натижага эриша олмаяпти. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда улар Франкфуртнинг «Айнтрахт» клубига қарши ўз уйидаги ўйинда Европа Лигасидан чиқиб кетишган эди. Айни дамда Хавининг Чемпионлар Лигасидаги кўрсаткичлари қуйидагича: 7 та ўйин, 1 та ғалаба («Виктория» Пилсенга қарши), 2 та дуранг ва 4 та мағлубият.

Бундай қайғули натижалар ўтган мавсумда кечиримли эди, чунки Хави Бартомеунинг фалокатли президентлиги туфайли юзага келган бошбошдоқлик шароитида клубга эндигина мослашаётганди. Аммо ҳозир кечиримли эмас. Лапорта ёзда трансферларга 160 миллион евро сарфлаганидан кейин эмас. 

Хави учун қўрқинчли томони шундаки, президент Роберт Левандовски, Рафинья ва Жюл Кунде каби футболчилар билан шартнома имзолаганидан сўнг, бундай вазиятга (Европа Лигасига) тушишни кутмаганини очиқ тан олди. Чунки «техник директор ва мураббийлар штаби жуда рақобатбардош таркибга эга» эди. 

Дарҳақиқат, Лапорта Европадаги исталган жамоага қарши тура оладиган таркиб тўплаганига қатъий ишонади. Шундай бўлса-да, «Барса» октябр ойидаёқ Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди. 

Унинг таъкидлашича, молиявий жиҳатдан ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ – ҳатто «Барса» чоракфиналга чиқишни режалаштирган ва ушбу мукофот пулларини 2022-2023 йилги бюджетга киритилишини назарда тутган бўлса ҳам. 

«Охирги босқичларни ўтказиб юбориш – катта зарба, аммо биз бу 25-35 миллион еврони қўлдан чиқармаймиз», деди Лапорта. Буни қоплаш йўллари бор. Биз янги ҳомийлар ва бошқа имкониятлар устида ишлаймиз, Европа Лигасидаги ўйинлар ҳам даромад келтиришда давом этади. Агар кейинги мавсумда Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритмасак, йўқотишлар кўп бўлади». 

Демак, фақат Ла Лигада кучли тўртликка кирмаслик «Барса»нинг молиявий ҳалокатига туртки бериши мумкин. Аммо ҳозирда бунинг эҳтимоли жуда паст. 

Хави ўтган ҳафтада «Атлетик»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этганидан кейин, Испания олий дивизиони савиясини ҳимоя қилишга ҳам мажбур бўлди. Ваҳоланки, бундай осон ғалабалар ҳозир унга жуда керак. 

Чемпионлар Лигасидан тушиб кетгач, Лапорта диққат эътиборини Ла Лигага қаратмоқда. Хави эса ёзда сарфланган пуллар инобатга олинадиган бўлса, бу мавсумда асосий совринни қўлга киритиши шарт эканини жуда яхши тушуниб турибди. 

Агар Хавига вақт ва сабр ваъда қилинганида, зудлик билан муваффақиятга эришиш шарт бўлган қиммат трансферлар оғирлиги юкланмасдан, ўз ихтиёрида бўлган эҳтимолий юлдузлар билан ишлашга рухсат берилганида, ҳозир «Камп Ноу»даги муҳит бошқача бўлармиди... 

«Клуб ва жамоамизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли биз совринлар учун курашишимиз шарт, - деб тан олди у Мадриддаги мағлубиятдан сўнг. Агар ғалаба қозона олмасак, президент айтганидек, жазо мендан бошланади. Ғалаба қозона олмасак, бошқа мураббий келади». 

Ҳозирча, Лапорта унга ўринбосар излаётганига ҳеч қандай ишоралар йўқ. «Барса» «Камп Ноу»да «Интер»ни мағлуб этолмаганидан сўнг, у жуда дарғазаб бўлган эди. Аммо президент Хавини тўлиқ қўллаб-қувватлашини бир неча бор очиқ таъкидлади. Лапорта клуб афсонасини «Барса»даги иккинчи фаолияти тимсолларидан бирига айлантиргани бежиз эмас. 

Бироқ, энди Чемпионлар Лигаси кун тартибидан олиб ташлангач, Лапорта бош мураббий Хави ва «Барселона»ни бу мавсумни совринларсиз якунлашига йўл қўя олмаса керак. 

Дарҳақиқат, жамоа таркибини кучайтириш учун тез орада қўшимча иқтисодий дастаклар ишга солиниши мумкин ва Лапорта январ ойида янги трансферлар бўлишини тан олди. 

Муаммонинг олдини олиш мақсадида пул сарфлашни икки баробар ошириш ақлсизлик бўлиб туюлиши мумкин. Ахир, Лапорта бу таркибга аллақачон катта пул тикиб бўлган. Аммо у Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганидан кейин трансферларни кўпайтириш кераклигини тушунмоқда. 

Оддий қилиб айтганда: «Барселона» бу мавсумда спорт, тижорат ва молиявий нуқтайи назардан муваффақият қозониши керак. 

Лапорта бир неча бор «Барселона» қайтгани»ни таъкидлаган эди, аммо улар ҳали узоқ йўл босиб ўтиши аниқ. 

Лионел Мессининг гуллаган даврида гуруҳ босқичидан тушиб кетишни тасаввур қилиб бўлмасди. Энди эса бу «Барса»нинг ночор аҳволи туфайли оддий ҳолатга айланиб қолиши мумкин. Шу сабабли Лапорта ҳали ҳам Суперлига иқтисодий барқарорликни таъминлай олишини таъкидламоқда. 

Ўтган мавсумда Чемпионлар Лигасидан тушиб кетиш тасодиф эмас эди. «Барселона» Европанинг етакчилари рўйхатидаги ўрнини йўқотди ва уни қайтариб олишга яқинлашмади.  

«Барселона» Европа Лигасига қайтди ва ҳозир клуб сифатида шу турнирга муносибдек кўринмоқда. Албатта, мухлислар буни қабул қилиши қийин, аммо Хави буни аллақачон тан олган: «Биз Чемпионлар Лигасида ўйнашга лойиқ эмасмиз. Бу оғриқли, лекин ҳақиқат».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар