«Босим чиқиш йўли эмас. Тез орада яна бирга бўламиз». Роналду баёнот берди
Жума, 21 Октябр
16118
Фото: Getty Images

Криштиану Роналду сўнгги воқеалардан сўнг баёнот берди. 

Эслатиб ўтамиз, АПЛ 12-туридаги «Тоттенҳэм»га (2:0) қарши баҳсда захирада қолдирилган «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси ўйин тугашини кутмай, кийиниш хонасига йўл олган ва дарҳол «Олд Траффорд»ни тарк этганди. 

Ўйиннинг эртасига «МЮ» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг «Челси»га қарши ўйин учун португалияликни таркибга киритмаслигини маълум қилди. Бундан ташқари Криштиану жамоанинг умумий гуруҳ машғулотларидан четлаштирилди. 

«Мен ҳурмат билан яшашга ва ўйнашга ҳаракат қиламан. Фаолиятим давомида ҳамкасбларим, рақибларим ва мураббийларимга ҳар доим шундай муносабатда бўлганман. Бу ўзгармаган. Мен ўзгармаганман. Ҳамон ўша одамман ва ўша профессионалман. 20 йилдан бери катта футбол ичидаман ва қарорлар қабул қилиш жараёнида ҳурмат доимо жуда муҳим роль ўйнаган. 

Жуда ёш пайтимдан ўйнай бошладим, ёши катта ва тажрибали ўйинчилар доим намуна бўлган. Шу боис келажакда ўзим ҳам ёшларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилдим. Афсуски, бу ҳар доим ҳам иложсиз ва баъзида эҳтирослар биздан энг яхшиларини олиб қўяди. 

Ҳозир Каррингтонда қаттиқ ишлаш, жамоадошларимни қўллаб-қувватлаш ва ҳар қандай ўйинда ҳамма нарсага тайёр туришим кераклигини ҳис қиляпман. Босимга берилиш тўғри йўл эмас. Бу ҳеч қачон чиқиш варианти бўлмаган. 

Бу — «Манчестер Юнайтед» ва биз бардошли бўлишимиз керак. Тез орада яна бирга бўламиз», — деб ёзди Роналду «инстаграм»даги саҳифасида.

Ўхшаш янгиликлар