«Криштиануни эмас, «МЮ»нинг ажойиб ўйини ҳақида гапириш керак». Тен Ҳаг, Анри ва Эвра Роналдунинг норозилигига муносабат билдиришди
Пайшанба, 20 Октябр
11379
Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» АПЛ 12-турида «Тоттенҳэм» (2:0) устидан ишончли ғалабага эришди.

Манкунианликлар ҳужумчиси Криштиану Роналду эса захирада қолдирилганидан норози бўлиб, ўйиннинг 90-дақиқасида кийиниш хонасига йўл олди.

Баҳсдан кейин клуб бош мураббийи Эрик тен Ҳаг шогирдининг хатти-ҳаракатига қуйидагича муносабат билдирди: «Ҳозир ғалабани нишонламоқчиман, бу масала билан эртага шуғулланаман».

«Арсенал»нинг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри эса футболчи эмас, манчестерликларнинг ўйини ҳақида гапириш кераклигини айтди: «МЮ» қойилмақом ўйин ўтказди. Бундай вақтда Роналдунинг кийиниш хонасига кетгани ҳақида эмас, жамоанинг ажойиб ўйини тўғрисида гапириш керак».

«Қизил иблислар»нинг собиқ ҳимоячиси Патрис Эвра ҳам шундай фикрда эканлигини айтди: «Эҳтимол, у мураббийни огоҳлантириб чиқиб кетгандир. Умуман олганда, «МЮ»нинг ҳар бир ўйинидан сўнг Криштиану ҳақида гапиришни тўхтатишимиз керак».

Англия миллий жамоасининг собиқ ҳимоячиси Дэнни Миллз эса ҳужумчини танқид қилди: «Мутлақо шармандалик. Бу — клуб ва мураббийга нисбатан ҳурматсизлик. У ўзини клубдан устун қўймоқда».

Ўхшаш янгиликлар