Анчелотти: «Барселона» ЕЧЛда муамоларга учради, аммо Ла Лигада ёрқин кўринмоқда»
Шанба, 15 Октябр
3682
Фото: Getty images

«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти «Барса»га қарши ўйин олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.

«Аввалги ўйинларда бўлгани каби бу баҳсга ҳам тайёрмиз. Шуниси фарқлики, бу ўйин мухлислар ва барча учун ўзгача аҳамиятга эга.

Класико ҳам дербилардек ўзига хос аҳамиятга эга ўйин. Бундай баҳсда барча ўзини кўрсатишни кўпроқ истайди.

Биз юқори савиядаги ўйин кўрсатаётган жамоага қарши ўйнаймиз. Ғолиб бўлишни истасак, ҳужум ва ҳимояда юксак савияда ўйнашимиз талаб этилади. Рақиб биринчи бўлимни жуда кучли ўтказса, биз кўпроқ иккинчи бўлимда яхшироқ кўринамиз. Буни инобатга олишимиз лозим.

«Барселона» Ла Лигада биринчи ўйинни ҳисобга олмаса, қолган баҳсларда ғалаба қозонди. Хави шогирдлари яхши спорт формасида. Ҳа, улар Чемпионлар лигасида муаммоларга учради, Ла Лигада эса ёрқин ўйин намойиш этишмоқда. 

Рақибнинг «Интер»га қарши сўнгги учрашуви якшанба кунги ўйинга таъсир қиладими ёки йўқ, жавоб бериш қийин. «Барса» мавсумни барқарор ўтказиш учун яхши таркибга эга. Тайёргарлик жараёнида «Интер»нинг «Барса»га қарши ўйини менга ёрдам бергани йўқ», – дейди Анчелотти.

Маълумот учун, «Реал» ва «Барса» ўртасидаги баҳс 16 октябрь, якшанба куни соат 19:15да бошланади. Ҳар икки жамоа 8 ўйиндан кейин 22 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Тўплар нисбатига кўра, Каталония клуби 1-ўриндан жой олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар