Нуньес учун «Ливерпуль»даги фаолиятини қайта бошлаш вақти келди. Уни Ҳоланд билан таққослаш – адолатсизлик 
Жума, 30 Сентябр
4753
Фото: Getty images

Дарвин Нуньес шу ҳафта Уругвай миллий жамоасида яна гол урди, аммо бу «Энфилд»даги фаолиятининг тезлик олишига ёрдам берадими? 

Келинг, жуда муҳим гол ҳақида гаплашамиз. Эҳтимол «Ливерпуль» ҳужумчиси учун мавсумни қайта бошлашга ёрдам берадиган гол ҳақида. «Кекса жанговар от» Луис Суарес ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига оширганида Дарвин Нуньеснинг кўзлари чақнаб кетган бўлса керак. Чунки бу ҳужумчилар, айниқса ўзига бўлган ишончни кучайтиришга муҳтож бўлганлар орзу қиладиган узатма эди. Нуньес боши билан пастки бурчакка аниқ зарба йўллади. 

Бу Уругвайнинг ўртоқлик ўйинида Канада устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабасига қўшилган муносиб ҳисса бўлди. Шу билан бир қаторда, 72 миллион еврога олинган футболчи учун шанба куни «Брайтон»га қарши ўйиндан олдин жуда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. 

Нуньес «Бенфика»дан кўчиб ўтганидан кейин мавсумни унчалик яхши бошламади, агар «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд билан таққосланса – ўта камтарона. 

Премьер-Лига стартидан икки ой ўтди, шафқатсиз норвегиялик тўпурарлар сафида ишончли тарзда етакчилик қилмоқда, Нуньес эса 1 та гол ва шунча қизил картага эга. Бу эса янги клубида ҳали кўп нарсани исботлаши кераклигини англатади. 

«Бу бироз адолатсизлик бўлса-да, унинг шахсига кўпроқ эътибор қаратилишига олиб келди, деди «Ливерпуль»нинг собиқ ҳужумчиси Робби Кин. - Ҳоланд жуда яхши ўйнагани учун одамлар Нуньесга қараб, нега у ҳам шундай қилмаганини сўрашяпти». 

«Бу ҳар доим ҳам тўғри эмас, чунки улар турли мақомдаги футболчи. Уларни ҳар доим ҳам таққослаб бўлмайди. Аммо бу ҳолат Нуньесни бироз «ўлдирган» бўлиши мумкин. Иккаласи учун ҳам бир вақтнинг ўзида катта пул тўланди, лекин фақат биттаси парвоз қилмоқда», деб қўшимча қилди Кин. 

«Нуньес Суперкубокда Ҳоландни сояда қолдирди» - бу ҳақда гапирилганига анча бўлгандек туюляпти. Ўша куни «қизиллар» футболчиси захирадан тушиб, ўйинни ўзгартириб юборган, пенальти ишлаган, мавсумдаги илк голини урган, Юрген Клопп йигитлари Лестердаги «Кинг Пауэр» стадионида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. 

Ҳоланд эса аксинча, ўйинга киришиб кетишга роса уринди, зўр имкониятда дарвоза тўсинини нишонга олиб, ўйинни хижолатли табассум билан якунлади. 

Албатта, битта ўйиндан, айниқса июль ойида ўтказилган баҳсдан хулоса чиқариш оқилона иш эмас ва Ҳоланд сўнгги икки ойни «оёққа туриб олиши учун унга вақт керак» деганларни масхара қилиш билан ўтказди. Дастлабки 10 та ўйинда 14 та гол урган норвегиялик футболчи сермаҳсуллик билан боғлиқ деярли барча рекордларини янгилаш билан таҳдид қилмоқда. 

Нуньес Суперкубокдан кейин «Фулҳэм» дарвозаси томон атиги битта зарба йўллади. Тўққиз кундан сўнг «Кристал Пэлас»га қарши Энфилддаги дебютини қизил карта билан якунлади, оқибатда тезланишни йўқотди. 

«Бу, албатта, унинг ўзига бўлган ишончига таъсир қилди», дейди Кин. «У жуда яхши бошлаган эди, лекин қизил карта уни орқага қайтарди. Ҳар ҳолда, ҳар бир футболчининг мослашиш даври бўлади. У ҳали Премьер-Лига шиддатига, айниқса Клопп шогирдларининг ҳар доим олдинги чизиқда, ҳар доим ажойиб энергия билан ўйнашига ўрганмаган. Олдинги жамоаларида бундай бўлмаган, шунинг учун унга тезликни ошириш учун бироз вақт керак».

«Кристал Пэлас»га қарши ўйиндан сўнг Нуньес умумий ҳисобда атиги 132 дақиқа ўйнади: «Эвертон»га қарши Мерсисайд дербисини асосий таркибда бошлади, Чемпионлар Лигасидаги «Наполи» ва «Аякс»га қарши ўйинларда захирадан тушди. 

Нуньес ўз ўйинини кучайтириши ва шерикларини майдонда яхши тушуниб олиши учун ҳали кўп ишлаши кераклигига қарамай, кайфиятни кўтарадиган ҳолатлар ҳам бор. 

Дарвин ҳам худди Ҳоланд каби дарвозага зарба бериш учун имкониятлар яратишда яхши кўрсаткичга эришмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Нуньес Премьер-Лигада 90 дақиқа ичида йўлланган зарбаларнинг ўртача сони бўйича фақат Ҳоланддан орқада. 

Шунингдек, «Ливерпуль» футболчиси рақиб жарима майдончасида 90 дақиқа ичида тўпга тегишлар сони бўйича Габриэл Жезус, Муҳаммад Салоҳ, Роберто Фирмино ва Ҳоландни ортда қолдирган ҳолда пешқадамлик қиляпти. Дарвиннинг кутилган голлари (xG) кўрсаткичи 0,91 га тенг ва фақат бир футболчиникидан ёмонроқ, унинг ким эканини тушунган бўлсангиз керак. 

Шундай бўлса-да, балки, ҳеч бўлмаганда Нуньес ва Ҳоландни таққослашни вақтинча четга суриб қўйган яхшироқдир? «Шаҳарликлар» тўпурари шубҳасиз, ўз авлодининг истеъдоди, юқори даражадаги ва ажойиб ютуқлар рўйхатига эга ҳужумчи. 

Нуньес, барча фазилатларига қарамай, бундай эмас. Ёки ҳозирча бундай эмас. У катта салоҳиятга эга яхши футболчи ва таркибга мослашиб кетиши биланоқ «Ливерпуль»да катта юлдузга айланиши керак. 

«Агар истеъдоди бўлмаса, унга катта пул сарфланмас эди, дейди Кин. У аввалги клубида кўп гол урган ва оёққа тургач, «Ливерпуль»да ҳам шундай қилишига ишонаман. Унга фақат вақт керак». 

«Ливерпуль» 1 октябрдан 12 ноябргача ўнлаб ўйинларни ўтказади, шу туфайли, уругвайлик футболчида тезликни ошириш учун етарли имконият бор. Миллий жамоадаги голлар бунга ёрдам бериши керак. Меҳнат қанчалик машаққатли, ирода қанчалик кучли бўлмасин, ҳужумчининг тўпни дарвозага кирган пайтдаги ҳиссиётлари билан ҳеч нарса тенглаша олмайди. 

«Ливерпуль» тез орада Нуньес ҳам бундай туйғуларни ҳис қилишига умидвор. Бошланиши секинроқ бўлди, лекин катта футболчи учун «қизиллар» сафидаги фаолиятини тезлаштириш вақти келди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар