«Дербидаги мақсад – ғалаба, бошқача бўлиши мумкин эмас». Тен Ҳаг Марсьял ва Рэшфорднинг қайтгани ва Ҳоландни тўхтатиш ҳақида 
Жума, 30 Сентябр
6258
Фото: Getty images

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг «Манчестер Сити»га қарши ўйин олдидан таркибдаги вазият, Магуайр, ой лауреати соврини, Ҳоландни қандай тўхтатиш мумкинлиги ва дерби ҳақида фикрларини билдирди. 

Марсьял ва Рэшфорднинг сафга қайтгани ҳақида

- Антони Марсьяль бир ҳафта давомида жамоа билан бирга машғулот ўтади. Маркус Рэшфорд ҳам яқинда сафимизга қўшилди, шундай экан бундан албатта хурсандмиз. 

Ҳарри Магуайр ҳақида

- Уни қўллаб-қувватлашда давом этаман. Чунки унга ишонаман. Унинг қандай савиядаги ўйинчи эканини яхши биламан. Ҳарри Англия миллий жамоасида қарийб 50га яқин ўйинда майдонга тушган, унинг потенциали юқори. Ҳаммаси ўзига боғлиқ ва барчамиз унга ишонамиз. 

Ой лауреати совринлари ҳақида

- Биз бу мукофотларга биргаликда эришдик. Бу – биз тўғри йўлда эканимизни кўрсатади. Ҳали ишлашда ва ўсишда давом этишимиз керак. Бунинг учун эса кўпроқ ишлаш шарт. 

«Манчестер Сити»га қарши ўйин ҳақида

- Бу биз учун жиддий синовми? Биз — «Манчестер Юнайтед», биз ҳар ўйинда ғолиб чиқишни истаймиз. Якшанба кунги ўйинда ҳам мақсад шу, бошқача бўлиши мумкин эмас. Биз дербида имкониятимиз даражасидаги ҳамма ишни қиламиз. 

Дерби ҳақида

- Фаолиятим давомида дербилар кўп бўлган. Бу қандай рақобат эканидан яхши хабардорман. Бу тўқнашув Манчестердаги энг муҳим ўйин эканини биламан. Дербини интиқлик ва ҳаяжон билан кутяпмиз. Ўйинда ғалаба қозониш учун барча ишни қилишга тайёрмиз. 

Ҳоландни қандай тўхтатиш мумкинлиги ҳақида

- Дарҳол айтишим керак, биз фақат Ҳоландга эмас, «Манчестер Сити»га қарши ўйнаймиз. Ўйинчилар ўз имкониятларига ишонишмоқда. Майдонда жамоа учун ўйнай олсак, рақибни мағлуб эта оламиз. Айнан шундай ишонч бизга якшанба куни керак бўлади, - дея тен Ҳагнинг ўйин олди матбуот анжуманидаги фикрларини келтирган клуб расмий сайти. 

Маълумот учун, «Этиҳад»да ўтадиган Манчестер дербиси 2 октябрь, якшанба куни соат 18:00да бошланади. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар