«Пенальти белгиланиши хато қарор эди». Комиссия «Турон» - «Бухоро» ўйини бош ҳаками хатога йўл қўйганини маълум қилди
Душанба, 26 Сентябр
5040

Ўзбекистон Про лигасининг 19-туридан ўрин олган «Турон» - «Бухоро» (2:2) учрашувининг 82-дақиқасида меҳмонлар жарима майдончаси ичида рўй берган ҳолат Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази.

Унга кўра, «Бухоро»нинг 4-рақамли футболчиси Миржалол Жумаев ўз жарима майдончасида «Турон» вакили Сардор Aбдунабиев томонидан узатилаётган тўпга ташланиш чоғида, тўп унинг ён гавда қисмига теккан ҳолда ҳужум бартараф этилган. 

«Ҳакам бу вазиятда Миржалол Жумаев тўп учун курашда қўли билан ўйнамаганлигини инобатга олиб, ўйинни давом эттириши керак эди, пенальти белгиланиши хато қарор эди» - дейилади Эксперт-ҳакамлар комиссияси баёнотида.

Қайд этилишича, Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан учрашув бош ҳаками ҳаракатлари юзасидан чора кўрилиши учун ЎФА Ҳакамлар қўмитасига тақдимнома киритилади.

Эслатиб ўтамиз, учрашув бош ҳаками Ҳусан Музаффаров шу куни «Бухоро» дарвозасига иккита пенальти белгилаган эди. Мезбонлардан Ҳумоюн Муртазоев 11 метрлик жарима зарбасидан фақат биттасини аниқ амалга ошириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар