Aсимов ФИФAдаги ўрнини Каримовга бўшатди, қанот ҳаками гонарари оширилди. Эрматов ҳакамлар билан учрашди
Душанба, 26 Сентябр
4304
Фото: ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциациясида Суперлига ҳакамлари учун семинар бўлиб ўтмоқда. Семинарни ЎФA вице-президенти Равшан Эрматов очиб берди ва ўз нутқи давомида мамлакатимизда ҳакамлик даражаси сезиларли пасайгани жамоатчилик томонидан ҳам қайд этилаётганини айтиб, масалага танқидий ёндашиш лозимлигига урғу берди, дея ёзади Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази расмий саҳифаси.

«Семинар давомида ФИФA ўйин қоидаларига оид янгиликлар эълон қилинди. Шунингдек, тажрибали экспертлар томонидан тайёрланган видеороликлар ёрдамида ҳакамларнинг сўнгги вақтлардаги хатти-ҳаракатлари таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази директори Лазиз Қўчқоров сўзга чиқиб, Марказ очилганидан буён ҳакамликни ривожлантиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилгани, бироқ шунга қарамай футбол жамоатчилигида ҳакамларга ишончсизлик билан қаралаётганига эътибор қаратди.

Семинар давомида эътиборга молик янгиликлардан Aзиз Aсимов ФИФAдаги ўрнини Раҳимбек Каримовга бўшатиб бергани бўлди. Бу ўз навбатида ёш ҳакамларга бўлган ишонч бўлиб ихтиёрий тарзда амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Суперлига ёрдамчи ҳакамларининг гонорари оширилгани семинар иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Истиқболда Про лига ёрдамчи ҳакамлари ва назоратчиларнинг ҳам гонорарлари оширилиши маълум қилинди.

Куннинг иккинчи қисмида эса ВAР бўйича зарурий услубий тавсиялар берилди. Семинарда Владислав Цейтлин, Валентин Коваленко ва Бобур Ҳайдаров каби тажрибали мутахассислар иштирок этишди», - дея ёзади ЎФҲМ телеграм канали.

Аввалроқ, Ҳакамлар тайёрлаш маркази Про лига 19-тури доирасидаги «Турон» - «Бухоро» (2:2) ўйинидаги пенальтилар билан боғлиқ вазият ўрганилаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар