«Суперлига клуби қандай мураббий билан шартнома имзолаётганини текшириши керак». ПФЛ Имомхўжаев - Абрамов ўртасидаги низо ва Бабаяннинг таклифи ҳақида 
Сешанба, 20 Сентябр
11947

Душанба куни ПФЛ раҳбарияти ва клубларнинг бош мураббий ҳамда раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказилгани, унда Ўзбекистон профессионал лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев ва Вадим Абрамов ўртасида келишмовчилик юз бергани ҳақида хабар қилган эдик. Кўп ўтмай, «Динамо» бош мураббийи Tribuna.uz сайтига ПФЛ раҳбари билан юз берган воқеа ҳақида интервью берди. Бугун эса иккинчи томон – ПФЛ Имомхўжаевнинг мажлисдаги хатти-ҳаракати, Вадим Абрамов билан низо ва йиғилишдаги тортишув сабаблари ҳақида тушунтириш берди. 

«Абрамов ПФЛ мажлисига таклиф этилмаганди» 

ПФЛ матбуот хизмати хабарида айтилишича, ушбу йиғилишда Суперлига клублари вакиллари таклиф этилган, аммо лицензия муаммоси сабабли Вадим Абрамов таклиф этилмаган. 

«ПФЛ томонидан йиғилишга 14та Суперлига ҳамда 5та Про лига клублари вакилларини жалб қилдик. Вадим Абрамов унга таклиф этилмаганди. Сабаби Абрамов Про лицензияси янгиланаётган вақтда айнан имтиҳон куни баҳона билан бошқа давлатга учиб кетган, қолган барча мураббийлар имтиҳонда иштирок этган. ПФЛ лицензияни янгиланган ёки йўқлиги масаласига ойдинлик киритиш мақсадида 1 ой аввал ЎФА Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказига сўров берган. Шу вақт ичида бир неча бор мазкур масала эслатилган бўлса-да, улар конкрет жавоб қайтара олмади. Қолаверса, Вадим Абрамовнинг ўзи ҳам бунга беписанд муносабатда бўлди. Шундан келиб чиқиб, Суперлига 19-туридан кейин унинг лицензияси қайтариб олиниши керак эди. Бу ҳақда «Динамо» клуби раҳбарияти огоҳлантирилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам лигада қолиш учун кураш олиб бораётган жамоа режаларини бузиб қўймаслик муҳим эди. Умуман олганда, Суперлига иштирокчиси ҳам қандай мураббий билан шартнома имзолаётганини текшириши керак. Агар унда Про лицензияси йўқ бўлса, демак у Суперлигада ишлай олмайди, буни барча жамоа билади», - дея ёзилади ПФЛ баёнотида. 

«Самвел Бабаян бунга жавоб бера олмади...» 

ПФЛнинг қайд этишича, Суперлигада клублар сонининг оширилиши Ўзбекистон шароитида ҳозирча имконсиз. 

«Айрим мураббийлар куздан бошлаб Суперлига иштирокчилари сонини 16 тага кўтариш ҳаракатига тушиб қолади. Бу эса спорт принципларининг тўғридан-тўғри бузилишидир. Лига раҳбари Самвел Бабаян томонидан илгари сурилган мазкур масалага асослантирилган жавоблар қайтарди. Яъни, унинг ўзи ҳам жамоалар сонининг ошишини истайди, бироқ Ўзбекистон шароитида бунинг имконияти ҳозирча йўқ. Сабаби, Про лигада «Турон» клубини инобатга олмаса, қолган барча клубларда молиявий муаммолар бор. Бабаяннинг 35 миллион аҳолимиз бор деган фикрига Диёр Имомхўжаев Хитойда 1,5 миллиард аҳоли бор, аммо жамоалар сони 100 та эмас деди. Жанубий Корея ва Қатар лигаларида, жамоаларида пул биздагидан кўпроқ, аммо уларда ҳам жамоалар 16 талик даражага етган эмас. Нидерландия, Украина, Бельгия каби чемпионатлар ҳам ўз вақтида чемпионатда 12 та клуб билан ташкил қилгани мисол қилиб келтирилди. Бабаян пул топилишини айтганида, унга Наманган вилояти ҳокими каттароқ лавозимга кўтарилса ва унинг ўрнига вилоятга футболга қизиқмайдиган ҳоким келса, сизда пул бўладими, дейилди. Бабаян бунга жавоб бера олмади. Ўз навбатида Диёр Имомхўжаев 26 та ўйин кам эканига қўшилди ва унинг сонини мусобақа форматини ўзгартириш эвазига кўпайтириш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирди. Фақатгина Суперлига ва Про лига ўртасидаги спорт принципи бузилмаслиги керак. Чунки Про лигани ҳозирги даражасига келтириш осон бўлмаган ва уни шу даражада ушлаб туриш аввалгидан икки карра қийинроқ бўляпти. Мана шу вазиятда Абрамов энса қотириб бундан терма жамоа ютишини билдирди ва лига раҳбаридан сизнинг энди терма жамоа ҳақида қайғуришингиз шарт эмас, «Динамо»га жавоб беринг деган жавобни эшитиб, янада асабийлашди. Унда нега шунча одамни чақирдинглар деган саволига эса биз сизни чақирмаганмиз, деди. Шундан кейин Абрамов зални тарк этди. Бу ерда ҳеч қандай ҳақорат йўқ, қолганлар ҳам буни тасдиқлаши мумкин», - дейилади ПФЛнинг ушбу воқеалар бўйича Tribuna.uz’га йўллаган жавобида. 

Аввалроқ, Вадим Абрамов Tribuna.uz мухбирига берган интервьюсида Суперлигада клублар сонини 16тага етказиш таклифини у эмас, Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов айтгани ҳақида маълум қилганди. 

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни икки соатдан кўпроқ вақт давом этган мажлисда ПФЛ раҳбарияти томонидан Суперлигада ҳакамлар билан рўй бераётган вазиятлар, мураббийларнинг кескин чиқишлари муҳокама қилинган. Суперлиганинг бир қатор мураббийлари хатти-ҳаракати ҳақида гапирилган. 

Қайд этиш жоиз, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Америка Қўшма Штатларида хизмат сафарида экани сабабли Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказилган ушбу йиғилишда қатнашмаган. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар