Англия Премьер-Лигасининг энг кўп арзонлаган ва қимматлаган футболчилари
Душанба, 19 Сентябр
9331

Transfermarkt портали ёзги трансфер ойнаси ёпилганидан сўнг Англия Премьер-Лигаси футболчилари нархини қайта ҳисоблаб чиқди.

Бу трансфер ойнасида АПЛ клублари трансферларга рекорд даражада кўп маблағ сарфладилар. Энди 20 та клубнинг умумий таркиби 9,86 миллиард еврога баҳоланмоқда. Бу пандемиядан олдинги даврга нисбатан 130 миллион еврога кўп.

АПЛ футболчиларининг умумий қиймати янги келганлар – Антони, Александер Исак, Амаду Онана, Лисандро Мартинес, Дарвин Нуньес каби машҳурлар туфайли кескин ошди.

Олдин трансфер қиймати энг кўп пасайган футболчилар ўнталигини келтирамиз.

10. Чоғлар Суюнчи, «Лестер», € 40 млн → € 28 млн

2021/2022 мавсумида ҳимоячи АПЛ доирасида 28 та ўйин ўтказди (2498 дақиқа). Аммо бу мавсумда асосий таркибдаги ўрнини йўқотди ва захирада ўтириб қолди: туркиялик футболчи фақат Лига Кубогида «Стокпорт»га қарши 90 дақиқа ўйнади холос. Балки Брендан Рожерс уни яна асосий таркибга қайтарар? Чунки, 6 турдан кейин «Лестер» 16 та гол ўтказиб юбориб, жадвалда сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

9. Вильфред Ндиди, «Лестер», € 60 млн → € 50 млн

25 ёшли нигериялик асосий таркибда 6 та ўйин ўтказди. У «Лестер»нинг таянч ҳудудига маъсул. 2015/16 мавсуми чемпионлари ҳимоядаги каби бу ҳудудда ҳам муаммоларга эга. Эҳтимол Ндиди жисмоний ҳолатини маромига етказмаган бўлиши мумкин — ўтган мавсумда яримҳимоячи жароҳати туфайли 2,5 ой давомида майдонга тушмаган эди.

8. Юри Тилеманс, «Лестер», € 55 млн → € 45 млн

Ндиди билан бирга «Лестер» яримҳимоясида Тилеманс ҳам ўйнайди. Юри 2022/2023 мавсумида 6 та ўйин ўтказиб, битта голли узатмани амалга оширган. Аммо ҳозирда футболчининг кайфияти тушкун. Ёзда у юқорироқ савиядаги клубга ўтолмай қолган эди. АПЛ стартидан олдин Тилеманс Бельгия миллий жамоаси таркибида Миллатлар Лигасида иштирок этиб, 1 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.

7. Диего Карлос, «Астон Вилла», € 40 млн → € 30 млн

29 ёшли марказий ҳимоячи Англияга янги кўчиб ўтганлардан бири. Бразилиялик футболчи 2021/2022 мавсумини «Севилья» таркибида ўтказиб, Ла Лига доирасида 34 та ўйинда майдонга тушди ва 3 та гол урди. Бу унинг шахсий рекорди бўлди. Янги мавсумда у «Астон Вилла» таркибида 2 та ўйин ўтказди, сўнгра жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди. Унинг трансфер қиймати ёши ва жароҳати туфайли пасайган бўлиши мумкин.

6. Криштиану Роналду, «Манчестер Юнайтед», € 30 млн → € 20 млн

Роналду ўтган мавсумда 18 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширган эди. Бу мавсумда эса унинг ёши ва 6 та ўйиндан иборат голсиз серияси трансфер нархини 30 фоизга пасайтирди. Криштиану Европа Лигасида 2 та ўйинда 1 та гол урган, у ҳам пенальтидан.

5. Люк Шоу, «Манчестер Юнайтед», € 38 млн → € 30 млн

2021/2022 мавсумида Шоу жароҳатлар туфайли атиги 20 та ўйинда майдонга тушди (1604 дақиқа). Чап қанот ҳимоячиси боши, оёғи ва тизза ости мушакларидан жароҳат олди. Бу мавсумда Люк дастлабки 2 турда ўйнади, сўнгра захира ўриндиғида қолиб кетди.

4. Ҳарри Магуайр, «Манчестер Юнайтед», € 38 млн → € 30 млн

«МЮ» сардори ўтган мавсумдаёқ ҳимоядаги ишончсиз ўйини ва кўплаб хатолари туфайли «ном қозонган» эди. Энди эса тобора захирада қолиб кетмоқда. Бу мавсумда Магуайр 8 та ўйиндан 5 тасида майдонга тушди (280 дақиқа).

3. Ҳаким Зиёш, «Челси», € 28 млн → € 20 млн

Зиёш 2021/2022 мавсуми стартида барча ўйинларнинг ярмида майдонга тушди. Яримҳимоячи 4 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширган эди. Ҳозир эса деярли (168 дақиқа) ўйнамаяпти. Эҳтимол янги мураббий қўл остида кўп нарса ўзгариши мумкин.

2. Конор Коуди, «Эвертон», € 25 млн → € 18 млн

Коуди кўп йиллар давомида «Вулверҳэмптон» ҳимояси марказида алмаштириб бўлмас футболчи эди. Энди у «Эвертон»да ижарада ўйнаяпти. Бу мавсумда Коуди 5 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширган.

1. Аарон Ван-Биссака, «Манчестер Юнайтед», € 25 млн → € 18 млн

«МЮ» ўнг қанот ҳимоячиси учун 2022 йил муваффақиятсиз бўлди. Ван-Биссака асосан захирада ўтиряпти ва янги мавсумда атиги 4 дақиқа ўйнаган холос. Бу 24 ёшли футболчининг тараққиёти учун муносиб эмас.

Трансфер қиймати энг кўп ошган футболчилар ўнталиги:

10. Дарвин Нуньес, «Ливерпуль», € 55 млн → € 70 млн

«Ливерпуль» ҳужумчиси ўтган мавсумда «Бенфика» таркибида 41 та ўйинда майдонга тушиб, 34 та гол урган эди. Мерсисайдликлар Нуньес учун 75 млн евро тўлади. Уругвайлик футболчи 6 та ўйинда 2 та гол уриб, 1 та голга ҳаммуаллифлик қилди.

9. Лисандро Мартинес, «Манчестер Юнайтед», € 32 млн → € 50 млн

Мартинес дарҳол «МЮ» асосий таркиб футболчисига айланди. Лисандро барча мусобақаларда 8 та ўйин ўтказди. Клуб унинг трансфери учун 57,8 млн евро тўлаган эди.

8. Мойзес Кайседо, «Брайтон», € 6 млн → € 25 млн

20 ёшли марказий яримҳимоячи аввалги мавсум якунини жуда яхши ўтказди ва 8 та ўйинда майдонга тушди. У «Арсенал»га қарши баҳсда голли узатмани амалга ошириб, «Манчестер Юнайтед» дарвозасини ишғол қилди. 2022/2023 мавсумида Кайседо 6 та ўйинда майдонга тушиб, «Лестер»га гол урди.

7. Амаду Онана, «Эвертон», € 10 млн → € 30 млн

Онана ўтган мавсумда «Лилль» таркибида 42 та ўйин ўтказди. 21 ёшли таянч яримҳимоячиси учун «Эвертон» 35 млн евро тўлади. Бу мавсумда Амаду АПЛ доирасида 6 та ўйинда майдонга тушди.

6. Энтони Гордон, «Эвертон», € 20 млн → € 40 млн

Гордон тараққиёти яққол кўзга ташланиб турибди. Ўтган мавсумда қанот яримҳимоячиси ўйин амалиётини кўпайтирди. Бу мавсумда 2 та гол уришга эришди. Энтони ривожланишда давом этса, Англия миллий жамоаси таркибида жаҳон чемпионатига бориши мумкин.

5. Александер Исак, «Ньюкасл», € 30 млн → € 50 млн

22 ёшли ҳужумчи сўнгги 2 мавсумни юқори савияда ўтказди. Сўнгра 70 млн евро эвазига «Ньюкасл»га ўтиб, 6 йиллик шартномани имзолади. Янги клуби таркибидаги дебют ўйинида «Ливерпуль»га (1:2) гол урди. Катта эҳтимол билан швецияликнинг қаҳрамонликлари ҳали олдинда.

4. Ромео Лавиа, «Саутҳэмптон», € 2 млн → € 25 млн

«Манчестер Сити» тарбияланувчиси «Саутҳэмптон»га ўтгунга қадар катта футболда тажрибага эга эмасди. Аммо янги клуби таркибида АПЛ доирасида 5 та ўйин ўтказди ва «Челси» дарвозасига гол урди. Сўнгра жароҳат олиб, октябрь ойигача сафдан чиқди.

3. Уэсли Фофана, «Челси», € 40 млн → € 65 млн

21 ёшли марказий ҳимоячи аввалги мавсумнинг катта қисмини жароҳати туфайли ўтказиб юборган эди. 2020 йилда «Лестер» Фофана учун «Сент-Этьен»га 35 млн евро тўлади. Бу йил эса «Челси»га 80,4 млн еврога сотди. Фофана кўклар таркибида 2 та ўйинда майдонга тушди.

2. Марк Кукурелья, «Челси», € 28 млн → € 55 млн

Кукурелья Испанияда яхши ўйнади. Премьер-Лигадаги илк мавсумини ҳам муваффақиятли ўтказди. 24 ёшли чап қанот ҳимоячиси «Брайтон» таркибида 38 та ўйинда майдонга тушиб, етакчилардан бирига айланди. Марк бу мавсумда «Челси» учун 8 та ўйин ўтказиб, 2 та голли узатмани амалга оширди.

1. Антони, «Манчестер Юнайтед», € 35 млн → € 75 млн

«МЮ» Антони учун «Аякс»га 95 млн евро тўлади. Бу озми ёки кўпми кейинроқ маълум бўлади. «Юнайтед» таркибидаги илк ўйинида Антони «Арсенал»га гол уриб, 3:1 ҳисобидаги ғалабага ҳисса қўшди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар