Мудрик «Шахтёр»нинг янги юлдузи – УЕФА уни энг истиқболли футболчилар рўйхатига киритди
Пайшанба, 15 Сентябр
4025

Донецкнинг «Шахтёр» клуби таркибдаги жиддий муаммоларга қарамай, Чемпионлар Лигасида ишончли ўйнамоқда. Гуруҳ босқичининг 1-турида «кончилар» сафарда «РБ Лейпциг»ни мағлуб этишди (4:1), 2-турда «Селтик» (1:1) босимига дош беришди. Ҳар иккала ўйинда ҳам ёш ҳужумчи Михайло Мудрик порлади. Чемпионлар Лигасининг дастлабки 2 турида унинг ҳисобида 2 та гол ва шунча голли узатма бор.

Ёзда Украина клуби жуда кўп легионерларини йўқотди. Март ойидаёқ жамоани Марлос («Атлетико Паранаэнсе»), Майкон ва Жуниор Мораес («Коринтианс»), Дентиньо («Сера»), Винисиус Тобиас («Кастилья»), Алан Патрик ва Витао («Интернасионал»), Тете («Лион») ва Давид Хочолава («Копенҳаген») тарк этган эди.

Ёзда улар сафига Давид Нерес («Бенфика»), Додо («Фиорентина»), Маркос Антонио («Лацио»), Фернандо («Зальцбург»), Исмоилий («Лилль»), Маркиньос («Крузейро»), Марлон («Монца»), Педриньо («Атлетико Минейро») ва Манор Соломон («Фулҳэм») қўшилди.

Бироқ, янгиланган таркибда кутилмаганда ёш юлдуз пайдо бўлди – Михайло Мудрик. Германияда 21 ёшли вингер Марьян Швед ва Лаcина Траоре голларига узатма берди ва ўзи ҳам дарвозани ишғол қилди. Польшада ўтказилган «Селтик»га қарши баҳсни ҳам голсиз тарк этмади. Чемпионлар Лигасида 2+2 – ажойиб натижа.

Мудрик ёзда Англияга кетиши мумкин эди, аммо Антони трансфери бунга тўсқинлик қилди

Чемпионлар Лигаси стартидаги ажойиб ўйинига қарамай, 21 ёшли Мудрик европалик скаутлар учун янги ном эмас. Январь ойида УЕФА уни 2022 йилда кузатиш тавсия қилинган 40 нафар истиқболли футболчилар рўйхатига киритган эди.

Декабрь ойида «Брентфорд» украиналик вингерни қўлга киритишга уриниб кўрди. Премьер-Лиганинг янги аъзоси «Шахтёр»га яхши таклиф билан чиқди, бироқ Украина клуби иқтидорли футболчини қўйиб юборишни истамади.

«Брентфорд» Михайлога ҳафтасига 28 минг фунт маош билан 5,5 йиллик шартнома таклиф қилди. Агар ўйинчининг индивидуал натижалари яхшиланиб борса, маоши оширилиши мумкин эди. «Шахтёр» эса 12 миллион евро ва қўшимча бонуслар олар эди», деди футболчининг агенти Олексий Алехин.

Инглизлар яхшиланган таклиф билан қайтишди – 15 миллион евро. Журналист Игор Бурбас келишувга эришилгани ҳақида ёзган бўлса, CalcioMercato унинг аллақачон Англияга учиб кетганини таъкидлади. Аммо маълумотлар тасдиқланмади.

«Брентфорд» ҳақиқатан ҳам унга қизиқди. Аввалига 12 миллион таклиф қилишди, кейин 15. Аммо Михайло «Брентфорд»га ўтиш иштиёқида ёнмади. У ўзига мос мураббийни топганини [ўша пайтда «Шахтёр»ни Роберто Де Дзерби бошқараётганди] тушуниб турибди, унга жиддий клублар эшиги очилиши мумкин. Бу АПЛ клуби эканини тушунаман, лекин Мудрик, менимча, топ-клубни орзу қиляпти. У ўзини «Брентфорд»дан юқори даражада синаб кўрмоқчи», деди «Шахтёр» бош директори Сергей Палкин.

Палкин ҳақ эди – Мудрик «Брентфорд»га умуман қизиқмади.

«Ҳурмат билан айтаманки, мен «Брентфорд»га ўтмайман. Бу Премьер-Лиганинг еврокубокларда қатнашмайдиган ўртамиёна клуби. Мен учун энг муҳими – Чемпионлар Лигасида иштирок этиш. Вакилларим ва мен «Брентфорд»га таклиф учун миннатдорчилик билдирдик. Бу клубга ўтиш масаласи ёпилган», - деди Мудрик май ойида.

Кейин курашга «Байер» қўшилди – бу вариант футболчига ёқди. Леверкузен клуби «Брентфорд»га ўхшаш шартларни таклиф қилди, аммо музокаралар жуда қийин кечди.

«Мен «Шахтёр» футболчисиман, лекин агар клуб «Байер» таклифини қабул қилса, бу ажойиб бўларди. Бу боришни истаган ягона клубим. Германия чемпионати, амбицияли жамоа, кучли мураббий, Чемпионлар Лигаси, янги чорлов. Акс ҳолда, «Шахтёр»да қоламан», - деди Мудрик.

Sky Sport Deutschland журналисти Флориан Плеттенберг хабарига кўра, Мудрик «Байер»га ўтиш учун «Милан» ва «Ювентус» таклифини рад этган. Аммо немислар «Шахтёр» билан келиша олмаган.

«Эвертон» билан ҳам шундай бўлди. Фабрицио Романо хабарига кўра, ливерпулликлар ёзда вингер учун 30 миллион евро таклиф қилган, бироқ рад этилган. Бунга «Аякс» ҳужумчиси Антони 100 миллион евро эвазига «Манчестер Юнайтед»га ўтгани сабаб бўлган. «Шахтёр» бу трансфердан кейин инглизлар таклиф этган пулни кам кўрган.

«Трансфер ойнасининг сўнгги ҳафтасида «Шахтёр» «Эвертон»дан таклиф олди – 30 миллион евро + бонуслар. Аммо Антони 100 миллион еврога трансфер қилинганидан кейин музокарадан бош тортди. «Шахтёр» Мудрикни ҳатто 40 миллионга ҳам сотмайдиган бўлди, улар кўпроқ маблағни истамоқда», деди Романо.

Мудрикнинг Чемпионлар Лигасидаги ажойиб стартидан сўнг, инсайдер қўшимча қилди: «Энди 30 миллион евролик таклиф нега рад этилганини тушунгандирсиз?».

Аммо «Эвертон» яна қайтмоқчи. Liverpool Echо хабарига кўра, ливерпулликлар қишки трансфер ойнасида Мудрикни қўлга киритишга уриниб кўрмоқчи. Улар билан «Арсенал» ҳам рақобатлашиши мумкин.

Эҳтимолий харидорлар жуда катта миқдорда пул тўлашига тўғри келади – Романонинг ёзишича, тахминан 50 миллион евродан ортиқ. «Шахтёр» легионерларнинг шартномаларини музлатиб қўйиш билан боғлиқ ФИФА қоидалари жорий этилгач, 50 миллион евро йўқотганини маълум қилган эди. «Кончилар» буни Мудрик трансфери орқали қоплашни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Михайлонинг кетиши оқибатида легионерларсиз қолган «Шахтёр»нинг таркиби янада заифлашиши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар