Антони дебют голини қандай нишонлаганини тушунтирди
Сешанба, 06 Сентябр
11709

Антони «Арсенал»га қарши дебют ўйинида дарвозани ишғол қилиб, «Манчестер Юнайтед» ғалабасига ҳисса қўшди. 

85 миллион фунт стерлинг (98 миллион доллар) эвазига «Аякс»дан трансфер қилинган бразилиялик Премьер-Лигада гол уриши учун 35 дақиқа кифоя қилди. 22 ёшли футболчи голни ўзига хос тарзда нишонлаб, фанатлар олқишига сабаб бўлди.

Антони голни қандай нишонлаганини тушунтирар экан: «Уни дўстларимга бағишладим. Гол урганимда, дўстларим уни қандай нишонлашимни билишади. Бу – йўлбарс!», деди. 

«Майдонга қадам қўйганимданоқ, ҳаяжондан баданим жимирлаб кетди. Чунки мен бу ерда бўлишни жуда ҳам хоҳлаган эдим. Мухлислар ҳам буни жуда истаганини биламан. Тўпнинг дарвозага кириши ва тўр тебранишини кўрганимда, ҳис-туйғуларимни худди шундай ифода этаман. Албатта бундан жуда ҳаяжонланаман».

Антони голи «МЮ»нинг 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишига ва Премьер-Лигада кетма-кет тўртинчи ғалабани қўлга киритишига ёрдам берди.

Антони Матеуш душ Сантуш 2000 йилда туғилган. Футболчилик фаолиятини 2018 йилда Бразилиянинг «Сан-Паулу» клубида бошлаган ва 48 та ўйинда 6 та гол урган. 2020-2022 йилларда «Аякс» шарафини ҳимоя қилган ва 57 ўйинда 18 та гол урган. Нидерландиянинг 2 карра чемпиони. Бразилия билан Токио-2020 олимпиадаси ғолиби.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар