«Кел, Осиёда турнир ўтказиб кўр-чи?» ОФК мутахассиси Аваз Бердиқулов билан катта интервью
Пайшанба, 18 Август
3178

ОФК ишлайдиган кам сонли ўзбекистонликлардан бири билан Осиё футболидаги турли мавзуларда атрофлича суҳбатлашдик.

 

Аваз Бердиқулов Мусурмонқулович ҳақида

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) мусобақаларни ўтказиш бошқармаси футбол тадбирлари бўлими раҳбари

2008 йилдан бери ОФКда (Куала Лумпур, Малайзия) фаолият олиб боради.

2001-2004 ва 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Жаҳон» ахборот агентлигида, 2004-2006 йилларда Шанҳай ҳамкорлиги ташкилоти котибиятида (Пекин, Хитой) ишлаган.

1999 йил ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультетини, 2001 йил Англиянинг Борнмут университетида мултимедия журналистика соҳасида магистратурани тамомлаган. Хитойнинг Пекин чет тиллар университети халқаро муносабатлар ва дипломатия факультети докторанти.

Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

— Осиё Кубоги-2023га тайёргарлик ва турнирга мезбон топиш масаласи қандай кетмоқда?

— Ҳозирда ОФК олдида турган асосий иш — 2023 йилги Осиё Кубогини қаерда ўтказиш. Хитой коронавирус хавфи сабаб мезбонликдан воз кечди. Альтернатив қидирдик. Қитъа чемпионатига йўлланма қўлга киритган жамоалардан танлашимиз керак эди, чунки чиқа олмаган жамоага яна бир бўш ўрин йўқ.

4 мамлакат қизиқиш билдирди — Жанубий Корея, Индонезия, Қатар ва Австралия. Турнирни ўтказишга 2023 йил ёзи ва 2024 йил январь вариантлари бор. Агар Қатар ёки Австралия мезбонликни қўлга киритса, қишда ўтказамиз. Қолган икки мамлакат эса ёзда қабул қила олади. 17 октябрда Куала-Лумпурда ижроия қўмитамизнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади ва ўша куни мезбонни эълон қиламиз.

Ўзбекистон? Мезбонликка қизиқиш билдиришмади. 4-5 йил аввал номзодлар қаторида бор эди, аммо талабларимизни қўйганимиздан сўнг кейинроқ аризани қайтариб олишди.

— Тошкентда ўтган Осиё Кубоги U-23да биз кўрмаган яна қандай камчиликлар кузатилди?

— Ҳар бир турнирда муаммолар бўлади. Айрим жамоалар натижага эриша олмай, айбни ташкилотчиликдан излайди.

Бу пандемиядан кейин ўтказган энг йирик мусобақамиз бўлди. Тиббиёт томонлама кўп ишлашга тўғри келди. Бир қанча футболчиларда коронавирус аниқланди, уларнинг ўрнига бошқа ўйинчиларни чақириш имконини бердик. ЎФА янги келадиган футболчиларга тезкор равишда виза тайёрлаб берди.

Мусобақани июнда, яъни иссиқда ўтказдик. Кузда ўтказа олмасдик, чунки у пайтда ҳали Осиё ўйинлари бекор қилинмаганди. Майда эса ФИФА кунлари бор эди, миллий жамоалар сафида 23 ёшгача бўлган йигитлар ҳам ўйнаши мумкинлиги инобатга олинди.

Бу мусобақа аслида Хитойда ўтиши керак эди, лекин уларда пандемия тугамади ва шошилинч тарзда мезбонликни Ўзбекистонга бердик.

Тошбўрон воқеаси (1/4 финалда Ўзбекистон ва Ироқ ўртасидаги баҳсда мухлислар ҳакам ва операторларга тош отишди). Аслида «Пахтакор» стадиони турнирга тайёр эмас эди. Лекин айтганимдек, мезбон топишга кўп вақтимиз бўлмади.

Ўшанда стадионда етарлича хавфсизлик ходимлари бор эди. Протоколда стадионда тош бўлиши керак эмаслиги ҳақида ёзилган, аммо тош отилаётганда ходимлар нима қилиши лозимлиги киритилмаган. Бу воқеа ОФКга ҳам дарс бўлди.

Тошбўрон воқеаси ўзбекистонлик футболчиларга фойда бўлди, деб ўйлайман. Баъзида сунъий бўлса-да, ўйинчиларнинг шаштини қўзғатиш керак бўлади. Фикримча, тошбўрон бўлмаганда футболчиларимиз жасорат кўрсата олишмасди, ғалабани Ироқ олиб кетарди.

— ОФК мезбонликни бераётганида қайси мамлакатлардан кўнгли тўқ бўлади?

— Турнир якунланмагунича бундай бўлмайди, чунки ҳамма мамлакатнинг ўзига яраша муаммоси бўлади.

Биз иложи борича мусобақаларни мезбонлик берилмаган мамлакатларда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Масалан, Қатар доим исталган мусобақани қабул қилишга рози. Лекин фақат осон йўлни танламай, футбол географиямизни кенгайтиришимиз керак. Ўрталикни топиш қийин. Жамоаларга сафар ўйинлари учун 20 минг доллардан берардик. Япония «бизга 50 мингдан беринглар, рейслар қиммат» дерди.

ОФКни УЕФА билан таққослаб, кўп танқид қилишади. Ўқиб тураман. Европада ҳаммаси тартибли, дейишади. Кейин айтаман: «Кел, Осиёда мусобақа ўтказиб кўр», дейман. Оддий мисол — виза масаласи. Европада бир давлатдан иккинчисига бемалол ўтасиз. Ўзбекистондан Тожикистонга бориш учун виза қилишимизга тўғри келарди. Яна тил, маданият ва дин борасида тўсиқлар бор. Араблар «Рамазонда ўйнаймизми?» дейишарди. Саудия ҳаж вақтида турнир ўтказмаймиз деса, Хитой янги йилда мамлакат ёпиқ бўлишини айтади.

Футбол, умуман, спорт кераклиги учун ҳаракат қиламиз. Раҳматли Мираброр Усмонов (ЎФА собиқ президенти) билан тез-тез гаплашиб турардим. Шундай дегандилар: «Биз нимага футболга кўп пул сарфлаймиз? Чунки одамлар уни кўриб, ичидаги бор негативини чиқариб юборади ва эртасига ишига бориб, яхшироқ ишлайди ва самарали натижа кўрсатади. Нега Сервер Жепаровга кўп маош берамиз? Ёшлар футболчиларга эргашади, мен ҳам Жепаровдек машина минаман, деб ҳаракат қилади, спорт билан шуғулланади. Соғлом авлодни тарбиялаш учун футболчиларга кўп пул берамиз».

Ўйлаб кўрсам, Мираброр аканинг гаплари жуда тўғри. Ўзбекистонда футбол нафақат биринчи, керак бўлса, иккинчи ва учинчи даражали спорт тури ҳам. Тўртинчи ўринда бошқаси туриши мумкин.

Осиёда, хусусан, Япония, Жанубий Корея ва Австралияда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Лекин ўша мамлакатлар шунда ҳам биздан яхши натижалар кўрсатишади.

— Нега ҳозиргача Бруней, Непал, Камбоджа ва Уммон каби мамлакатларда мусобақа ўтказилмайди?

— Қизиқиш билдиришмайди. Мажбурлай олмаймиз. Масалан, Бруней — жуда кичик давлат. Ички чемпионати ҳам йўқ. Бир клуби бор, Сингапур чемпионатида иштирок этади.

Камбоджада кичик турнирлар ўтказганмиз. Катта стадиони бор. Сўнгги пайтларда ривожланиш кўринмоқда. Бунда Жанубий Корея компанияларининг ўрни катта. Клублари тез орада ОФК Кубогида яхши натижалар кўрсата бошласа, ажабланмайман.

— «Сўғдиёна» ОФК Кубогида кейинги босқичга чиқса, Жиззахдаги стадионда ўйнай оладими? Талабга жавоб берадими?

— «Пахтакор»га (2:2) қарши ўйинда бориб кўрдим. Шунчаки меҳмон сифатида бордим. Майда деталларга эътибор бермадим, лекин «масаллиқ» бор. Шаҳар марказида жойлашган, чиройли. Биринчи таассуротлар ажойиб.

Агар клуб «Хўжанд» тўсиғидан ўтса (интервью 7 август куни бўлган), шароитларни ўрганиш учун назоратчиларни юборамиз. Талабга жавоб берса, жамоа кейинги босқичдаги барча ўйинларни уйда ўтказади.

— ОФК шундай турнирларни Шарқ ва Ғарбга бўлиб ўтказиши ўзини оқладими?

— Авваллари «бугун ОЧЛда ўйин бор, мен ишлайман» десам, «Ия, ҳалиям тугамадими?» дейишарди. Чунки ўзбек клуби чиқиб кетгач, турнирга қизиқиш йўқолади. Энди тасаввур қилинг, шу нарса бутун Шарқ ва Ғарбда бўлса. Чоракфиналдаёқ Ғарб жамоалари қолмаса, Осиёнинг катта қисмига мусобақанинг давоми қизиқ бўлмайди. Бунда ҳомийлар ҳам катта йўқотишга учрайди, биз ҳам.

Шу ўринда бир янгиликни айтиб кетсам: ОЧЛ форматини ўзгартирмоқчимиз. ОЧЛда юқорида турадиган «Элит лига» яратиш устида ишлаяпмиз. 2024 йилдан амалга ошиши мумкин. Ҳомийлар топдик. Унда энг кучли 20 жамоа йил давомида бир-бири билан ўйнайди. Ўзбекистон клублари иштирок этадими ёки йўқ, билмайман. Бадал ва мукофот пули жуда катта қйиматга эга бўлади. Мақсадимиз — ОЧЛ даражасини ЕЧЛга яқинлаштириш. Ҳатто легионерлар чекловини ҳам олиб ташламоқчимиз.

— Эрон ва Саудиянинг манаман деган клублари вақти келса, лицензия ололмаяпти. Лекин бизнинг қанчадан-қанча клубларимизга бериляпти. Бунда нимага қаралади?

— 47 мамлакат билан ишлаймиз. Барчани ўйлаган ҳолда минимум талаблар қўямиз. Ўзбекистон ёки бошқа давлат клубларига ОФК лицензия бермайди. ОФК талаблари асосида мамлакатнинг ўзи беради. Агар бирор клубнинг қарзлари борлиги ҳақида маълумот келса, кейин биз лицензияни бекор қилиш ҳуқуқига эгамиз.

— Фаластин, Ироқ, Сурия ва Афғонистон қандай нуқталар эканлигини биламиз. ОФК шундай мамлакатларга кириб боришга ҳаракат қиладими?

— Хоҳлаймиз. Яманга бориб келдик яқинда. Мамлакат тез орада футболга очилиши мумкин. Ироқда аллақачон мусобақалар ўтказяпмиз. Фаластинда ҳеч қандай чеклов йўқ. Пандемия сабабли ЖЧ-2022 саралашини ўз майдонида ўтказа олмади.

Шу ўринда ФИФАнинг чекловлари ҳам бор. Ҳамон Афғонистон, Яман ва Сурияда футбол ўйинлари ўтказишга рухсат йўқ. Ироқдан тақиқни олишга эришик, тез орада Яман ҳам «ечилади».

— Хитой ва Хитой Тайпейи. Можаролар кузатилмоқда. Қуръада шундай мамлакатлар клублари бир-бирига тўқнаш келмаслигига эътибор бериладими?

— Расман тақиқ бўлса, албатта. Ҳозирча бу борада чеклов йўқ. Ҳатто ЖЧ саралашида Хитой ва Гонконг бир гуруҳда ўйнашди.

Чеклов бўлганда аксини қилдик. Масалан, маълум муддат Саудия ва Эрон клублари ўзаро ўйинларни нейтрал майдонда ўтказишди.

— Қатардаги ЖЧда ишлайсиз. Вазифаларингиз ҳақида маълумот берсангиз.

— ФИФА халқаро мусобақа ўтказганда, конфедерациялардан ходимлар чақиради. Мени ҳам таклиф этишди. 8та стадиондан бири — «Ал Жануб»да ишлайман.

Жамоаларнинг стадионга келиб, ўйинни ҳеч қандай муаммосиз ўтказиб кетишларига жавобгарман. Уларни кутиб оламан, фақат мен гаплашаман, бошқа ҳеч ким безовта қилмайди. Биринчи ўйиним Франция иштирокидаги баҳс бўлади. Жамоаларда қандай савол бўлса, менга мурожаат қилишади. ФИФАнинг ўша стадиондаги энг катта вакили сифатида ўйинни ўтказишга жавоб бераман.

Ҳакамлар билан тўғридан тўғри алоқада бўламан. Тўртинчи ҳакам билан бирга ўтираман. Қайсидир жамоа кечикса, ирқчилик кузатилса ёки бошқа қандайдир сабаб билан баҳсни тўхтатиш керак бўлса, мендан сўрашади.

— Сиз ва Санжар Ризаев ОФКда ишлайсизлар. Ўзбекистонга келганингизда, давомчиларингизни кўрганмисиз? Яъни биздан яна кимлар ОФКда ишлай олиши мумкин?

— Ҳозир расман 3 кишимиз. 5 августдан Аҳмад Тиллаев ҳам иш бошлади. Тил билган исталган киши ишлаши мумкин. ОФК — тизимли ташкилот. Биз мурватлармиз. Мен даҳо бўлганим учун у ерда эмасман. Шунчаки тўғри вақтда тўғри жойда бўлиб қолдим.

Осиё Кубоги U-23да кўрдим. ЎФАдаги кўп ходимларимиз ОФК вакиллари билан инглизчада бемалол гаплашишмоқда. Демак, халқаро ташкилотларда ишлаш катта муаммо эмас.

Бобур Акмалов суҳбатлашди
Оператор — Абдуқодир Тўлқинов,
Монтаж устаси — Абдусалим Абдувоҳидов

Ўхшаш янгиликлар