Бокс. Зоиров 20-сониядаёқ рақибини нокаутга учратди, Ғоибназаровга 38 сония етарли бўлди
Якшанба, 14 Август
3026

13 август, шанба оқшомида профессионал бокс кечаси доирасида Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да ҳамюртларимиз иштирокидаги бир қатор жанглар ўтказилди.

«Lift» промоутерлик компанияси ташкилотчилигида бўлиб ўтган бокс кечасида ўзбекистонлик афсонавий боксчи Артур Григорян ҳам фахрий меҳмон сифатида Германиядан ташриф буюрди.

Кечанинг асосий икки жангидан бирида Фазлиддин Ғоибназаров венесуэлалик Эйдер Паррага қарши жанг қилди. Эътиборлиси, Олимпиада чемпиони 10 раундга мўлжалланган жангни 38-сониядаёқ тугатди – Фазлиддин рақибини нокаутга учратди.

Яна бир эътиборли жангда фаолиятини профессионал боксда давом эттираётган Шаҳобиддин Зоиров никарагуалик Лариос Жерсонга қарши рингга кўтарилди. Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби бўлган боксчимизнинг ғалабаси учун 20 сония етарли бўлди. Зоиров 20-сониядаёқ Жерсоннинг жағ қисмига кучли зарба йўллаб, рақибини ерга қулатди. Қақшатқич зарбани ўтказиб юборган Ларио ўрнидан тура олмади ва ҳакам нокаутни қайд этди. Бу эса Шаҳобиддиннинг профессионал боксдаги 5-ғалабасига айланди.

Ушбу бокс оқшомида Миразизбек Мирзахалилов ва Лазизбек Муллажонов ҳам рингга чиқиб, нокаут билан ғалабага эришди. Лазизбек Муллажонов британиялик Бассетга қарши жангини иккинчи раундда якунлаган бўлса, Миразизбек Мирзахалилов қирғизистонлик рақиби Ислом Торабаевни 3-раундда таслим қилди. Унинг секундантлари жангни давом эттирмасликка қарор қилишди.

Ўхшаш янгиликлар