Одил Аҳмедов миллий жамоадаги энг яхши ва энг ёмон ўйинини айтди
Чоршанба, 10 Август
9546
Фото: Tribuna.uz

Футболчилик фаолиятини якунлаган яримҳимоячи Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий жамоасидаги энг яхши ва энг ёмон ўйинни айтди. 

«Энг ёмон ўйин? Узоққа бориш керак эмас. ЖЧ-2022 саралашида Саудияда мезбонларга ютқазиб (0:3), мундиал учун курашдан чиқдик. Шу ўйин жуда қаттиқ алам қилди. Ватанни севиш кучлилик қилиб, жароҳатга қарамай майдонга тушганман. Кучим етмаяпти. «Ўйнамайман» десам ҳам, майдонга тушишимни сўрашди. Афсус, мағлуб бўлдик. 

Ҳар тарафдан тошлар отиш бошланди. Қайтганимиздан сўнн конгресс бўлди, унда собиқ футболчи ва мураббийлар ҳам танқид қилишди. Ҳеч ким 100га яқин ўйинларимни эсламади. Аввалги меҳнатини қадрлаб қўяйлик, дейишмади. Шу ҳолат жуда ранжитди. Футболда шунча ўйнаган бўлсам, доим бор кучим билан ҳаракат қилганман. 

Энг яхши ўйин? Ҳар бир ютуқ завқ беради. Алоҳида таъкидлаб кўрсатадиганим — Осиё Кубоги-2011да Қатарга қарши очилиш ўйини. Баҳсдан олдин «Қанийди, шунча мухлис қаршисида, ажойиб атмосферада супергол урсам...» деган ўй ич-ичимдан ўтди. Иккинчи бўлимда ўйлаганим амалга ошди. Энг маза қилган ўйинларимдар бири бўлганди. 

Ўша гол фаолиятимда ҳам бурилиш ясади. Ўзимга ишончим ортди. Турнирдан сўнг янги чорловлар кўпайди ва Россияга кўчиб ўтганман. 

Айнан Россияга кетишимга отам сабабчи.  Унгача Саудия Арабистони клуби шайхи йилига 6 млн евро маош таклиф қилган. Деярли келишувга эришгандик. Отамга қўнғироқ қилсам, «Осиёда ўйнашга улгурасан. Ҳали кучинг бор-ку. Россияга борақол» деганлар. Шундан сўнг фикрим ўзгарган», — дейди Аҳмедов Chotki TV билан суҳбатда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар