ФИФА нигериялик футболчи олдидаги қарздорлик ва жарима тўловлари сабабли “Машъал”га чора кўрди
Чоршанба, 10 Август
4572
Фото: Getty Images

Про лигадан Суперлигага чиқиш учун кураш олиб бораётган “Машъал” жамоасига ФИФА томонидан чора кўрилди. Бу ҳақда ПФЛ сайти хабар берган.

“Жорий йилнинг 11 апрел куни ФИФА Низоларни ҳал этиш палатаси “Машъал” футбол клуби ва унинг нигериялик собиқ футболчиси Ифеанйи Ифеанйи ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган эди. 

Унга кўра, “Машъал” футбол клуби футболчи олдидаги зиммасига белгиланган қарздорлик ва жарима тўловларини 45 кун мобайнида тўлаш мажбурияти юклатилган. Агар мазкур мажбуриятлар клуб томонидан ўз вақтида бажарилиши таъминланмаса, клубга нисбатан миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Бироқ клуб бу борада хабардор этилган бўлса-да, ушбу низоли вазиятни ҳамон ҳал этмаган. Шу муносабат билан, ФИФА бугундан эътиборан “Машъал” футбол клубига нисбатан трансфер тақиқи белгилади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Ифеанйи 2020-2021 йиллар давомида Муборак клуби шарафини ҳимоя қилган. Ҳозирда эса Ироқнинг “Наврўз” клуби сафида тўп сурмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар