«Барса» ТВ ҳуқуқларининг бир қисмини ўзига сотди, Ла Лига буни ҳисобламади
Чоршанба, 10 Август
5285

 Иқтисодий инқироздан чиқиб кетиш учун «Барселона» томонидан қўлланаётган дастаклар кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Cadena COPE радиостанцияси ушбу дастаклар билан боғлиқ бўлган, аммо президент Жоан Лапорта томонидан оммага ошкор қилинмаган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Аввалига ҳаммага маълум фактни келтирамиз: «Барселона» келажакда (25 йил) ТВ ҳуқуқларидан олинадиган даромадларнинг 25 фоизини 667 млн еврога сотди. Режага кўра, бу молиявий аҳвол яхшиланишига олиб келиши ва янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириши керак эди. Аммо!

1. Ла Лига фақат 517 миллион евро даромадни ҳисобга олди. Бу эса «Барселона»ни Barca Studios бўлимининг 49 фоизини сотиш орқали тўртинчи дастакдан фойдаланишга мажбур қилади. Ушбу бўлим орқали клубнинг NFT-токенлари сотилади.

2. «Барса» ТВ ҳуқуқларининг бир қисмини ўзига сотган.

Ҳаммасини бир бошдан тушунтирамиз

Воқеалар занжири қуйидагича.

Шу билан бирга, Жоан Лапорта навбатдан ташқари йиғилишда клуб аъзоларига бу ҳолатни ошкор қилмади.

Ла Лига ҳийлага учмади ва 150 млн еврони ҳисобга олмади

Ла Лиганинг молиявий назорат бўлими «Барселона» билан зиддиятдан қочди, тўловлар мақсади бўйича айб топмади ва уни бухгалтерия ҳисобига киритишга рухсат берди. Лекин! Иш ҳақи лимитини шакллантиришда ушбу даромадни ҳисобга олмади. Лапорта эса унинг ҳисобга олинишини истаганди.

Бундан ташқари, энди «Барселона» 150 млн евродан 25 фоизлик корпоратив солиқни ҳам тўлаши керак. Бу эса  37,5 млн еврога тенг.

«Барселона» ҳалигача Левандовски, Рафинья ва бошқа янги футболчиларни рўйхатдан ўтказмади

«Барселона» лимитдан чиқиб кетмаслиги учун футболчилар иш ҳақини 144 млн еврога қисқартириши шарт.

Ёзда каталонияликлар «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскини 50 млн еврога, «Лидс» вингери Рафиньяни 59 млн еврога ва «Севилья» марказий ҳимоячиси Жюл Кундени, шунингдек, икки нафар эркин агент – «Челси» марказий ҳимоячиси Андреас Кристенсен ва «Милан» яримҳимоячиси Франк Кессиэни олган эди.

Аммо улар ҳамон Ла Лига рўйхатидан ўтказилмаган. Сабаби – «Барселона» иш ҳақи миқдори чегарасидан чиқиб кетган.

Каталонияликлар вазиятни ўнглаш учун аввалроқ учта иқтисодий дастакдан фойдаланиб, бир қанча активларини сотганди. Энди навбат Barca Studios бўлимининг 49 фоизига келган кўринади.

Тўғри, «Барселона» президенти ҳуқуқий томондан Ла Лига билан курашишга уриниб кўриши ҳам мумкин.

«Биз ўз ишимизни яхши бажардик ва барча талабларга жавоб берамиз деб ҳисоблаймиз. Ла Лигага барча ҳужжатлар юборилди ва биз жавоб кутмоқдамиз.

Баъзи номувофиқликлар бўлиши мумкин, аммо биз ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини тушуниб турибмиз. Чунки биз ҳамма шартларни бажардик ва футболчиларни рўйхатдан ўтказишимиз мумкин. Акс ҳолда, тўртинчи дастакни ишга соламиз», деди у.

«Баъзи номувофиқликлар» - Ла Лига томонидан ҳисобга олинмаган 150 млн евро.

Яна бир вариант иш ҳақини қисқартириш ва футболчиларни сотиш эди

«Барселона» иш ҳақини қисқартириш режаси туфайли уч футболчи билан зиддиятга борган – Френки де Йонг, Мартин Брэйтуэйт ва Самуэл Умтити.

Нидерландиялик футболчига маошини қисқартириш таклиф қилинди. Акс ҳолда шартномасини бекор этиш билан таҳдид қилинмоқда. Гўёки собиқ раҳбарият уни имзолашда қоидабузарликка йўл қўйган.

Данияликка қаттиқроқ шарт қўйилди – шартномани бекор қилиш ва эркин агент сифатида кетиш. Футболчи мавсумолди йиғинлари доирасида АҚШга ҳам олиб кетилмади. Аммо Брэйтуэйт 2 йиллик маошини тўлиқ олмагунча кетмоқчи эмас. Ҳимоячи Самуэл Умтити ҳам шуни истамоқда. Раҳбарият ғазабда.

«Умтити ва Брэйтуэйтнинг шартномаси бор, аммо мураббий уларнинг хизматига муҳтож эмас. Шунинг учун улар клубни тарк этгани маъқул. «Барселона»дан яна кўпроқ ўйинчи кетишини кутамиз. Биз барча янги келганларни, шунингдек, янги шартнома имзолаган футболчиларни рўйхатдан ўтказишимиз мумкинлигига ишонамиз», деди Лапорта.

Аммо бу тўлиқ рўйхат эмас. «Барселона» Жерар Пике ва Серхи Бускетсга маошини камайтиришни таклиф қилган ва Мемфис Депайнинг кетиши устида ишламоқда. Ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ.

Ажабланарлиси шундаки, «Барселона» яна бир трансфер тайёрлаяпти

Гап «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Бернарду Силва ҳақида кетмоқда. У АПЛ 1-туридан ўрин олган «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда бошланғич таркибда туширилмади.

Пеп Гвардиола португалияликни сақлаб қолмоқчи экани, лекин унинг хоҳишига қарши чиқмаслигини очиқ айтди. Ушбу трансфер «Барселона» маошларни қисқартирмаса ҳам амалга ошиши мумкин. Тўртинчи дастак ёрдам беради.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар