Вернер «Челси»дан «Лейпциг»га қайтмоқда. Клуб футболчини зарарига сотишга рози бўлди
Душанба, 08 Август
3915
Фото: Getty images

«Челси» ҳужумчиси Тимо Вернер Англиядан Германия Бундеслигасига қайтишга яқин турибди.

Sport1 журналисти Патрик Бергернинг ёзишича, «Челси» ва «Лейпциг» клублари Вернернинг трансфери борасида келишувга эришган. Унга кўра, 26 ёшли немис ҳужумчиси трансфери учун Лондон клубига 20 миллион евро тўланади. Яна бонус сифатида 10 млн евро тўланиши мумкин. 

Қайд этилишича, Вернер бугун, 8 август куни Германияга етиб боради, сешанба куни тиббий кўрикдан ўтгач, шартномага имзо чекади. 

Тимо 2016-2020 йиллар давомида Лейпциг шаҳри шарафини ҳимоя қилиб, 53 миллион евро эвазига «Челси» томонидан сотиб олинганди. 

У бунгача «Лейпциг» сафида жами 156 ўйинда 90та гол ва 40та ассистга муаллифлик қилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар