The Athletic: «Барселона» де Йонг билан шартномада қонунга зид бандлар борлигини аниқлаган
Душанба, 08 Август
9150
Фото: Getty images

«Барселона» раҳбарияти жамоа яримҳимоячиси Френки де Йонг билан тузилган амалдаги шартномада қонунга зид бандлар борлигини топган.

The Athletic хабарига кўра, нидерландиялик футболчининг «Барса»нинг аввалги раҳбарияти билан 2020 йилнинг октябрь ойида тузилган шартномасида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Жоан Лапорта келишувдаги қонунга зид ҳолатларни жамлаб, клубнинг собиқ раҳбарлари устидан жиноий иш очмоқчи.

Қайд этилишича, «Барселона» де Йонгга хат жўнатиб, унда клуб ва футболчи ўртасидаги жорий келишув қонунга мувофиқ тузилмагани ва бу бекор қилиниши кераклигини билдирган. Акс ҳолда клуб вазиятни суд орқали ҳал қилиб, келишувда иштирок этган томонларни жазога тортишгача олиб бориши мумкинлигини маълум қилган.

Гап клуб Френки де Йонгнинг маошини икки йил камроқ тўлаб, охирги йилларда қўшиб берилиши ҳақидаги келишув ҳақида бормоқда. Бу шартнома бекор қилиниб, дастлабки келишувга қайтилса, «Барса» пандемия давридаги икки йил учун футболчига тўланиши белгиланган 18 млн еврони тўлаш жавобгарлигидан соқит қилиниши мумкин.

Хабарда айтилишича, фақат де Йонг эмас, Жерар Пике, Марк-Андре тер Штеген ва Клеман Лангле билан ҳам шундай шартномалар тузилган.

Эслатиб ўтамиз, де Йонгга «МЮ» ва «Челси» қизиқиш билдирмоқда, бироқ футболчи «Барса»даги фаолиятини давом эттириб, пандемиядаги давр учун белгиланган 18 миллион еврога ҳам эга бўлишни истамоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар