УЕФА «Фенербаҳче»ни «Путин» деб ҳайқирган фанатлари учун 50 минг евро жаримага тортди
Шанба, 06 Август
5322
Фото: Getty images

Истанбулда Киевнинг «Динамо» клубига қарши ўйинда турк клуби мухлислари Россия президенти номини айтиб бақира бошлаган, бунинг учун УЕФА «Фенербаҳче»ни жаримага тортди.

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Туркиянинг «Фенербаҳче» клубини «Динамо» Киевга қарши ўйин вақтида мухлислар майдонга буюмлар улоқтиргани ва «провокацион, ҳақоратомуз хабарлар» ҳайқиргани учун 50 минг евро жаримага тортди, деб хабар бермоқда УЕФА сайти 5 август, жума куни. 

Қарор 27 июль куни Истанбулда бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси 2-саралаш босқичи доирасидаги «Фенербаҳче» – «Динамо» Киев учрашувидан сўнг бошланган интизомий текширув натижасига кўра қабул қилинди. Ўшанда турк жамоаси мухлислари Россия президенти Владимир Путиннинг исми ва фамилиясини айтиб, бир неча бор ҳайқиришди. Бу Украина жамоаси учрашувда ҳисобни очганидан кейин содир бўлди. 

УЕФА интизомий текширувдан сўнг «Фенербаҳче»га расмий огоҳлантириш бериб, жамоани жаримага тортиш ва УЕФА шафелигидаги навбатдаги ўйин учун турк клуби уй стадиони трибуналарини қисман ёпишга қарор қилди. Бундан ташқари, жамоага икки йиллик синов муддати тайинланган. 

Ўйиннинг эртасига «Фенербаҳче» раҳбарияти ўз мухлислари хатти-ҳаракатларини қоралаб, «спорт сиёсатдан ташқарида» деган тамойилга амал қилишини билдирди. «Нима бўлишидан қатъий назар, биз ўз трибунамиздан бундай муносабатни олқишламаймиз. Бу бизнинг клубимиз қадриятлари ва позициясини акс эттирмайди, уларни барча мухлисларимизга боғлаш ва клубимиз зиммасига масъулият юклаш адолатдан бўлмайди», дейилади «Фенербаҳче» баёнотида. 

«Динамо» бош мураббийи Мирча Луческу ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этишдан бош тортди. «Ўйин давомида бутун эътиборимни жамоа ўйинига қаратгандим, ҳеч нарса эшитмадим. Жуда хавотирда эдим ва ҳеч нарса эшитмадим. Лекин, тушунишимча, бу ҳайқириқ бош мураббий Мирча Луческунинг эътиборини тортди, у матбуот анжуманига бормади», - дея изоҳ берди «Динамо» президенти Игор Суркис. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар