«Барселона» футболчилардан 389 миллион евро қарздор. Қарзлар қандай келиб чиққан?
Шанба, 06 Август
6752
Фото: Getty images

«Барселона» бу ёзда нафақат юлдузларни сотиб оляпти, балки пул билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қилмоқда (ғалати эмасми?): иқтисодий дастакларни ишга тушириб, футболчилардан маошларни қисқартиришни сўрамоқда. Клубнинг қарзлари қандай келиб чиққани ва нима қилмоқчи эканини таҳлил қиламиз.

«Барса» де Йонгдан 20 миллион евро, Пикедан эса бундан ҳам кўп қарздор. Қарзлар қаердан келиб чиққан? 

Қарз иш ҳақининг кечиктирилишини англатади. Охирги икки ярим йил ичида «Барселона» жамоа билан уч марта маошларни кечиктириш ҳақида келишиб олган. 

Биринчи тўлқин: 2020 йил апрель ойида, барча футболчилар маошларнинг 12 фоизини кечиктирилишига рози бўлишди. 

Иккинчи тўлқин: 2020 йил декабрь, Бартомеу кетганидан кейин ва Карлес Тускетс вақтинча раҳбар бўлганида (Лапортадан олдин) – маошларнинг 42,9 фоизи 4 йилга ва бонусларнинг 100 фоизи 3 йилга кечиктирилди. Оқибатда, 2020 йилнинг қишида қарзлар 172 миллион еврога тенглашди: маошлардан 122 миллион ва бонуслардан 50 миллион евро. 

Учинчи тўлқин: 2021 йил ёзи, сардорлар маошларининг 50 фоизидан воз кечишди ва «Барселона»га янги келганларни рўйхатдан ўтказишда ёрдам беришди. Клуб уларга расман миннатдорчилик билдирди. 

«Барчамиз «Барса»даги оғир иқтисодий вазиятни яхши биламиз, клуб ёрдамга муҳтож. Пике, Роберто, Бускетс ва Альба кўп йиллардан буён шу ерда ўйнашади ва клубнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга ёрдам беришни хоҳлашади. Бу муҳим ва «Барселона» улар учун қадрдон уй эканини кўрсатади», - деган эди ўша пайтдаги бош мураббий Роналд Куман. 

«Барселона» бу қарзларнинг барчасини қайтариши керак, чунки ҳар қандай кечиктиришнинг ўз муддати бор.  

Каталонияликлар футболчилардан 389 миллион евро қарздор: Месси, Пике ва Бускетс энг кўп олиши керак 

2022 йил февраль ойида «Барселона»нинг иқтисодиёт бўйича вице-президенти Эдуард Ромеу футболчилардан 389 миллион евро қарздор эканлигини айтди. 

«Бизнинг 1,3 миллиард евро қарзимиз бор: 389 миллион – футболчиларнинг кечиктирилган маоши, 160 миллион – трансферлар учун тўлов».  

Клуб биринчи навбатда кимлардан қарздор? 

Месси – 52 млн евро;

Пике – 31 млн евро;

Бускетс – 27 млн евро;

Альба – деярли 23 млн евро;

Де Йонг – 20 млн евро. 

«Барса» иш ҳақи фондини яна 160 миллионга қисқартиришни режалаштирмоқда: Пике ва Бускетс рози 

Энди нима қилиш керак? Иш ҳақи фондини йилига 400 миллион еврога тушириш (ҳозир тахминан 560 млн еврога тенг). 

Эдуард Ромеу буни июнь ойида айтди: «400 млн евро - барча турнирларда иштирок эта олишимиз учун энг мақбул кўрсаткич ва буни амалга ошира оламиз». 

Баъзи тарбияланувчилар маошларнинг навбатдаги қисқаришига тайёр. Mundo Deportivo хабарига кўра, Жерар Пике ва Серхи Бускетс клуб янги келганлар – Роберт Левандовски, Рафинья, Андреас Кристенсен, Франк Кессиэ ва Жюл Кундени рўйхатдан ўтказиши учун яна бир бор маошининг кечиктирилишига рози бўлишди. «Барса» яна фахрийларга мурожаат қилди, чунки учта иқтисодий дастакни фаоллаштириш етарли бўлмади. 

2021 йилнинг ёзида клубнинг бир нечта тарбияланувчилари маошларининг қисқартирилишига рози бўлишган эди. 

Роберто бу ёзда эркин агентга айланиши мумкин эди, лекин барибир «Барса»нинг шартларига кўра янги битимни имзолади: энди у йилига 12 миллион евро ўрнига, 5 миллион евро ишлаб олади. Бонуслар ҳам қисқартирилди. 

Альба 2021 йилнинг ёзида маошининг ярмини кечиктирилишига рози бўлган: Жорди йилига 20 миллион евро ўрнига 10 миллион евро олган. Аммо келажакда «Барса» испанияликнинг маошини тўлиқ қайтариши шарт. Унинг шартномаси 2024 йилгача амал қилади. 

Бускетс клубга икки марта, пандемия даврида ва 2021 йилнинг январида ёрдам берган. 2022 йилда эса у билан музокаралар қийин кечган. Аммо «Барселона» президенти Жоан Лапорта унинг рози бўлишига ишонмоқда. 

Пике билан боғлиқ вазият энг оғир: унинг маоши йилига 28 миллион еврога тенг, клуб эса ундан шундоғам 31 млн евро қарздор. Жерар ушбу қарзнинг маълум қисмидан бутунлай воз кечишига тўғри келади. 

Бундан ташқари, Френки де Йонг ҳам бор. Клуб ундан 20 млн евро қарздор. Шу сабабли, у «Челси» ёки «Манчестер Юнайтед»га ўтишга шошилмаяпти. 

Клуб унга қарзларни босқичма-босқич қайтарилишини ваъда берган эди, аммо ҳозиргача бу ишни қилмаган. Френки эса трансфер ҳақидаги таклифларни эшитишини ҳам истамаяпти. 

Агар де Йонг қоладиган бўлса, каталонияликлар унинг маошини 20 миллион евродан 7 миллионга камайишига рози бўлишини истамоқда. Вазиятга Хави ҳам аралашган: «Агар футболчи қолишни истаса, маошини икки баробар камайтириши шарт». Ҳозирча Френки бу таклиф ҳақида ўйламоқда. 

Қарзлар билан боғлиқ муаммолар «Барселона» учун жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирча клуб инқироздан чиқиб кетиш йўлларини излаяпти ва футболчиларнинг саховатига умид боғламоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар