Фабрегас «Комо»да ва футбол тарихидаги энг кутилмаган бошқа трансферлар
Чоршанба, 03 Август
9719
Фото: Getty Images/Goal

Испания миллий жамоаси билан жаҳон ва Европа чемпионатида ғалаба қозонган яримҳимоячи Сеск Фабрегас кутилмаганда Италия Б Серияси вакили «Комо» билан шартнома имзолади. Шу ва шунга ўхшаш кутилмаган трансферларни санаб ўтамиз. 

Ўтган мавсумда Фабрегас «Монако» таркибида эди ва ўзининг таъбири билан айтганда «нафақат фаолиятидаги энг ёмон мавсумни, балки ҳаётидаги энг ёмон йилни» ўтказди. 

Ҳамма 35 ёшли футболчининг фаолиятини якунлашини кутган бир пайтда, у нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Италия лигасида ўйнашга куч топа олди. 

GOAL нашри Фабрегас танловини «ғалати» деб топди ва футбол тарихидаги бошқа кутилмаган трансферларни санаб ўтди. 

Бебе: «Витория» - «Манчестер Юнайтед»  

2010 йил август ойида «Манчестер Юнайтед» Португалиянинг «Витория де Гимарайнш» клубидан 20 ёшли футболчини 7,2 миллион фунтга (9,4 миллион долларга) сотиб олди. 

Бу чинакам ғалати келишув эди. «Қизил иблислар» бош мураббийи Алекс Фергюсон ҳужумчининг ўйинини ҳеч қачон кўрмаганини, уни собиқ ёрдамчиси Карлуш Кейрушнинг маслаҳати билан харид қилганини айтди. 

Португалия полицияси келишув бўйича текширувни ҳам ўтказди. Аниқланишича, Бебенинг агенти Жорже Мендеш трансфер қийматининг 40 фоизини (2,9 миллион фунт стерлинг / 3,8 миллион доллар) «чўнтагига урган». Бироқ, якунда ҳеч кимга айблов эълон қилинмади. 

Бебе «Манчестер Юнайтед»даги тўрт мавсумнинг учтасини ижарада ўтказди. Премьер-Лига доирасида атиги 2 та ўйинда майдонга тушди. 2014 йилда «Бенфика»га ўтиб кетди. 

Кевин-Принс Боатенг: «Сассуоло» - «Барселона» 

2019 йил январида «Барселона» захира ҳужумчисини излай бошлади. Каталонияликларнинг назари «Милан»нинг собиқ ҳужумчиси, «Сассуоло»да ўйнаётган 31 ёшли Кевин-Принс Боатенгга тушди. Футболчи ёзда 8 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш шарти билан ижарага олинди. 

Боатенг 2018/19 мавсумининг биринчи ярмида «алдамчи тўққизлик» нуқтасида ўйнаган эди. «Барселона»га ўтиб, атиги 4 та ўйинда майдонга тушди. Мавсум охирида эса «Фиорентина»га ўтди. 

 

Энди Кэрролл: «Ньюкасл» - «Ливерпуль» 

«Мен кетишга тайёр эмас эдим», деб тан олди Энди Кэрролл. «Бу менга зарба бўлди. «Ньюкасл» менинг клубим эди. 22 ёшда эдим. «Ливерпуль»да ўзимни қўлга ололмадим». 

Кэрролл ҳатто янги жамоадошлари ким эканини билмаганини, улар ҳақидаги маълумотни Мерсисайдга бораётганида, йўлда интернетдан излаганини айтди. 

Футболчи Луис Суарес ва унинг компанияси билан тил топишиб кета олмади. Шунингдек, жароҳатлар гирдобида қолди. Уч йил давомида Премьер-Лигада атиги 6 та гол урди. Бу билан ўзига 35 миллион фунт стерлинг беҳуда сарфланганини исботлади. 

Сол Кэмпбелл: эркин агент - «Ноттс Каунти» 

Сол Кэмпбелл 2009 йилда 35 ёшида эди. У Англиянинг иккинчи лигаси вакили «Ноттс Каунти» жуда фойдали, ҳафтасига 40 минг фунт маошни кўзда тутувчи шартнома таклиф қилганида омади келганига ишонди. Бу Сол фаолиятидаги энг яхши шартнома эди. 

Клубнинг спорт директори Свен-Ёран Эрикссон уни оламшумул режаларга, жумладан, «Ноттс Каунти» хўжайинлари жамоани Премьер-Лигага олиб чиқиш имкониятига эга эканига ишонтира олди. 

Бироқ, Кэмпбелл биринчи ўйиндан кейин клубда ҳатто маошини тўлашга ҳам пул йўқлигини тушунди. Шунинг учун у «Ноттс Каунти»да ўйнаш учун жисмоний ҳолати маромида эмаслигини айтди ва нарсаларини йиғиштириб, жўнаб қолди. Кейинчалик, Эрикссон, ижрочи директор Питер Тремблинг ва Яқин Шарқнинг Munto Finance компанияси ўзини алдаганини тушунди. 

Клаудио Канижиа: эркин агент – «Данди»  

Шотландия футбол ишқибозлари ва журналистлари Ивано Бонетти 2000 йил сентябрь ойида айтган: «Менинг мақсадим Клаудио Канижиани Денс Паркка олиб келиш», деган сўзларини аввалига бемаънилик деб қабул қилишди. 

Бироқ, бир неча ҳафта ўтгач, «Данди» хўжайини 1990 йилги жаҳон чемпионати юлдузларидан бири билан қисқа муддатли шартнома имзолади. 

«Мен клубга хизмат қилиш ниятидаман ва умид қиламанки, улар кўрсатган ишончни оқлай оламан», - деди ҳужумчи таништириш маросимида. 

Дарҳақиқат, Канижиа шу қадар яхши ўйнадики, кейинчалик Шотландия Премер-Лигаси гиганти «Рейнжерс»га ўтишга муваффақ бўлди ва у билан бешта соврин ютиб олди. 

Эдгар Давидс: эркин агент - «Барнет» 

Эдгар Давидс узоқ ва ёрқин фаолияти давомида дунёнинг энг катта клубларида ўйнаган. 2012 йилда у «Барнет»да футболчи-мураббий сифатида пайдо бўлди. 

Унинг «Барнет»даги даври саргузаштларга бой бўлди: кўплаб сариқ ва қизил карталарни олди, бир кун ётиб қолишни талаб қиладиган сафар ўйинларига боришдан бош тортди. 2013/14 мавсумида 1-рақамли формада ўйнади. «Буни анъанага айлантираман», деди у ғурур билан. Бир ҳолатда ўз ёрдамчисини автобуси бузилиб қолган мухлисларга кўмак бериш учун жўнатди. 2014 йил январь ойида истеъфога чиқарилди ва саргузаштлари якунланди. 

Жюльен Фобер: «Вест Ҳэм» - «Реал Мадрид» 

2009 йил январь ойида «Реал» Англиянинг «Вест Ҳэм» клубидан ҳимоячи Жюльен Фоберни ижарага олганида, ҳаммани ҳайратга солди. 

Шартномада уни тўлиқ сотиб олиш банди ҳам бор эди. Бироқ, Фобер Мадридда узоқ ушланиб қолмади. У машғулотлардан бирига келмади, кейинчалик буни «дам олиш куни деб ўйлагани» билан изоҳлади. «Вильярреал»га қарши ўйинда эса захира ўриндиғида мизғиб олганга ўхшади. Француз буни рад этди - «Мен захира ўриндиғида ухламадим, ухлаш учун тўшакни афзал кўраман», деди у. 

Роберто Манчини: эркин агент – «Лестер» 

«Лацио»ни бошқараётган Свен-Ёран Эрикссон Англия миллий жамоасини бошқариш учун кетганида, унинг ўйновчи-ёрдамчиси Роберто Манчини А Серия клубларидан бир қанча таклиф олди. 

Бироқ 36 ёшли футболчи «Лестер»га ўтиб барчани ҳайрон қолдирди. 1992 йилда «Сампдория» билан Европа Чемпионлари Кубогини қўлга киритган ҳужумчи Филберт-стритда кўтаринки руҳда кутиб олинди. 

«Ҳамма Роббини дунё миқёсидаги юлдуз демоқда», деди «тулкилар» бош мураббийи Питер Тейлор. - Мустафо Иззет эса унга ҳашаматли уйини бериб, ўзи трейлерда яшамоқчи!». 

Афсуски, унга ҳашаматли уй керак бўлмади, чунки Манчини ҳеч қачон Лестерда яшамади ва атиги 5 та ўйинда майдонга тушди. Мавсум якунлангач у «Фиорентина»да мураббийлик фаолиятни бошалди. 

Хавьер Маскерано ва Карлос Тевес: «Коринтианс» - «Вест Ҳэм» 

2006 йилда Карлос Тевес ва Хавьер Маскерано «Коринтианс» клуби билан Бразилия чемпионлигини қўлга киритишди. Футболчилар дарҳол дунё грандлари эътиборига тушиб қолишди. «Барселона», «Реал» ва «Ювентус» уларга даъвогарлик қила бошлади. 

Аммо жуфтлик ўртамиёна «Вест Ҳэм» билан шартнома имзолаб, барчани лол қолдирди. 

Трансферга учинчи шахслар аралашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, битимнинг моҳияти дарҳол сўроқ остида қолди. Аммо охир-оқибат иккаласига ҳам Лондон жамоасида ўйнашга рухсат берилди. Кейинчалик «Вест Ҳэм» трансферда Премьер-Лига қоидаларини бузгани учун 5,5 миллион фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилди.  

Мавсумнинг сўнгги турида Тевес гол уриб, клубни қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолди. 

Мавсум якунлангач, Тевес «Манчестер Юнайтед»га, Маскерано эса «Ливерпуль»га ўтди. 

Виктор Вальдес: «Манчестер Юнайтед» - «Стандарт» 

«Барселона»ни тарк этгач, дарвозабон Виктор Вальдес муваффақиятга эриша олмади. Чемпионлар Лигасининг уч карра ғолиби ўзининг «Камп Ноу»даги сўнгги, 2013/14 мавсуми охирида жароҳат олди. Оқибатда «Монако» у билан шартнома имзоламади. 

Унга «Манчестер Юнайтед» ёрдамга келди, бироқ, Вальдес тез орада бош мураббий Луи ван Гал билан келишолмай қолди. 2016 йил январда эса қандай қилиб бўлса-да ўйин вақтига эга бўлиш учун Бельгиянинг «Стандард» клубига ўтди. 

Вальдес Бельгия Кубогида ғалаба қозонди. Шундан сўнг, ёш футболчиларга имконият бериш баҳонасида клуб у билан тузилган шартномани бекор қилди. 

Охир-оқибат у Чемпионшип иштирокчиси «Мидлсбро» билан шартнома имзолади. Аммо бир йил ўтгач, фаолиятини якунлади. 

Жонатан Вудгейт: «Ньюкасл» - «Реал»  

«Реал» нима учун Жонатан Вудгейт билан шартнома имзолаганини фақат тахмин қилиш мумкин. Ҳа, инглиз ўз вақтида яхши ҳимоячи эди, аммо камдан-кам ҳолларда яхши формада бўларди. 

2004 йилда «Реал»га ўтганида ҳам жароҳати бор эди. Клуб шифокорлари унинг сонидаги оғриқ сабабини топ олишмади ва футболчи бир мавсумни ўтказиб юборди. 

Майдонга тушишга тайёр бўлганида эса энг ёмон дебютни ўтказди. 

«Яхши, мана энди майдонга қайтдим. Ўзимни нималарга қодир эканимни кўрсатишим керак, деб ўйладим», деб эслади у «Атлетик Бильбао»га қарши ўйинидаги иштирокини. 

Вудгейт ўз дарвозасига гол урди ва майдондан четлатилди. 2006 йилда у Англияга қайтариб юборилганида ҳеч ким афсусланмади. Футболчи «Реал» таркибида жами 8 та ўйин ўтказди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар