«Барселона» инқироздан чиқиш учун «иқтисодий дастак»ни ишга солмоқда: бу нима ва қанча пул олиб келади?
Чоршанба, 03 Август
8256

«Барселона» молиявий инқироздан чиқиш йўлларини изламоқда. Клуб ёзги трансфер бозорида фаол ишлади, аммо янги келган футболчилар ҳали Ла Лига рўйхатидан ўтказилмади. Президент Жоан Лапорта «иқтисодий дастаклар» орқали пул топиш ва Ла Лига талабини қондиришга ҳаракат қиляпти.

«Барселона» бу йил ёзда иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга киришди. Клуб президенти Жоан Лапорта буни «иқтисодий дастаклар» орқали амалга оширилишини айтиб келмоқда. 1 август куни у учинчи иқтисодий дастак ишга туширилгани ва Barca Studios (аудиовизуал бўлим) сотилишини эълон қилди.

Харидор – Chillz криптовалюта стартапи асосчилари томонидан ишга туширилган Socios.com сайдчейн-платформаси. Компания NFT ва токенларни сотишга ихтисослашган.

Socios Европа футбол клублари билан ҳамкорлик қилади. Масалан, фанатлар учун мўлжалланган токенларнинг рекламаси «Интер» футболкаларидан Pirelli рекламасини сиқиб чиқарди. Ноябрь ойида Socios «Барселона» билан ҳам шартнома имзолади – клуб футболкалари енгида компания рекламаси пайдо бўлади.

«Барселона» Barca Studios бўлимининг 24,5 фоизини 100 миллион еврога сотмоқда. Бу шунчаки харид эмас, балки ўзаро манфаатли сармоя. Socios билан ҳамкорлик туфайли Барселона блокчейн ва NFT бозорида тезроқ ривожланишни режалаштирмоқда.

Учинчи дастак туфайли «Барса» янги келганларни рўйхатдан ўтказмоқчи. Лекин бу аниқ эмас

Фото: Getty Images 

Barca Studios бўлимининг бир қисми сотилгач, клуб барча янги келганлар: Левандовски, Кессиэ, Кунде, Кристенсен, Рафинья, Пабло Торре ҳамда шартномаси узайтирилган Усмон Дембеле ва Серхи Робертони рўйхатдан ўтказишни режалаштирмоқда. Ҳозирча Ла Лиганинг молиявий чекловлари бунга халақит беряпти.

Лекин, ҳатто Лапортанинг ўзи ҳам янги келганларни рўйхатга олиш шартлари бажарилганига ишончи комил эмас:

«Молиявий фэйр-плей (МФП) қоидаларини талқин қилиш – осон иш эмас. Рақибларимиз ундан ўз мақсадлари учун фойдаланишади. Умид қиламанки, МФП ҳақидаги тушунчамиз Ла Лига раҳбариятиники билан бир хил ва биз янги келганларни рўйхатдан ўтказа оламиз. Агар натижа бермаса, бошқа ечим излаймиз».

«Барселона» президенти клубнинг трансфер кампанияси ҳали якунланмаганига шама қилди. Лекин биринчи навбатда кераксиз футболчилардан қутулиш керак.

Дастаклар нима? Дастлабкилари – телевидение ҳуқуқларидан олинадиган даромадларни сотиш

Фото: Getty Images 

Barca Studios улушини сотиш – «Барселона» иқтисодий вазиятни тўғирлаш учун ишлатаётган учинчи иқтисодий воситадир. Аввалгилари қандай бўлган?

• Биринчи дастак. Американинг Sixth Street инвестиция компаниясига 25 йил давомида (2047 йилгача) телевизион ҳуқуқлардан олинадиган даромаднинг 10 фоизини сотиш. Битим суммаси 267 миллион еврони ташкил қилади.

• Иккинчи дастак. Худди шу Sixth Street инвестиция компаниясига даромаднинг яна 15 фоизини сотиш. Бунинг учун «Барселона» 315 дан 400 миллион еврогача олади.

Иккита битим клуб ғазнасига камида 582 миллион евро келтирди (Mundo Deportivo ва Лапортанинг ўзи 667 миллион ҳақида гапирди), лекин 25 йил давомида ТВ ҳуқуқлардан олинадиган даромадларнинг бир қисмидан маҳрум қилди. Бунинг учун клуб президенти танқидлар остида қолди. Асосий хатар шундаки, кредитор компаниялар қарзи учун клубдаги улушни тортиб олиши мумкин.

Аммо бу битимлар «Барселона»га Ла Лига ва CVC компанияси билан шартнома имзолашдан воз кечиш имкониятини берди. Агар имзоланганида, «Барса» 50 йил давомида ТВ ҳуқуқларнинг 10 фоизидан ажралган бўлар эди. Айнан муддатнинг жуда катта экани каталонияликларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Фото: Getty Images 

Лапорта «иқтисодий дастаклар» ёмон, аммо мажбурий усул эканини тан олади. Клуб қарзга ботиб кетган, 2021 йилги молиявий ҳисоботда бу кўрсаткич 1,35 миллиард еврони ташкил қилади. Шу сабабли зудлик билан нимадир қилишга тўғри келган:

«Биз сотган активлар фоизи узоқ муддатли молиявий ҳолат учун ҳам, клубнинг эгалик модели учун ҳам хавфли эмас. Мен президент эканман, «Барса» соcиосга тегишли бўлади, бунга кафолат бераман.

Тўғри, мен ТВ ҳуқуқларини сотмоқчи эмасдим, лекин вазият бизни шундай қилишга мажбурлади. Биз қарор қабул қилишда қатъиятли бўлишимиз керак эди, чунки футбол кутиб турмайди. Мухлисларимиз «Барса»нинг юқори савиядаги рақобатини кўришга ҳақли».

Учинчи дастак сўнггиси бўлиши даргумон. «Барса» яна бир сотувга тайёрланмоқда

Лапорта иқтисодий дастакларнинг тўрттасини режалаштирган.

Фото: Getty Images 

Ёз бошида клуб аъзолари йиғилиши Barca Licensing and Merchandising (BLM) бўлимининг 49 фоизини сотишни маъқуллади. Ушбу бўлим футболкалар, кружкалар ва бошқа эсдалик совғаларини сотишга лицензия бериш билан шуғулланади.

«Барселона»нинг молиявий директори Эдуард Ромеу клуб 270 миллион евролик таклифга рози бўлмаганини айтди – улар кўпроқ нарсани хоҳлашди.

Аммо Mundo Deportivo хабарига кўра, иккинчи иқтисодий дастак ишга туширилганидан сўнг, BLM савдоси тўхтатилган. Демак, асосий вариант – Barca Studios улушининг яна 24,5 фоизини сотиш. Бу «Барселона»га BLM устидан назоратни сақлаб қолиш ва қўшимча сармоя жалб қилиш имконини беради. Тахминларга кўра, бу улуш ўша Socios компаниясига эмас, балки бошқа инвесторга сотилади.

Тўртта дастак биргаликда клубга 887 миллион евро келтириши кутилмоқда – жиддий даромад. Бунинг эвазига Лапорта «Барселона»нинг молиявий аҳволини тўғирлашга ва Ла Лига талабларини қондиришга умид қилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар