Ҳоланд «Сити»да муваффақиятсиз дебют қилди, гол уролмади, аммо Гвардиола барибир мамнун
Душанба, 01 Август
3003
Фото: Getty Images

«Манчестер Сити» клуби ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд «Ливерпул»га қарши Англия Суперкубоги ўйинида расман дебют қилди. Норвегиялик тўпурар фаол ўйнади, аммо гол уролмади. Ўйин охирида эса жуда қулай имкониятни бой берди.

Оғир старт

Бу йилги Англия Суперкубоги нафақат Гвардиола ва Клопп ўртасидаги қарама-қаршиликнинг навбатдаги серияси, балки икки ҳужумчининг шахсий дуэли сифатида ҳам тақдим этилди: Дарвин ва Ҳоланд «Ливерпул» ва «Сити»га катта пул эвазига келган, бир хил ёшда, Чемпионлар Лигасида ўзини яхши кўрсатган, ҳатто соч турмаги ҳам ўхшаш. Таққослаш учун жуда кўп сабаблар бор эди.

Дарвин 2-бўлимда захирадан майдонга тушди ва қаҳрамонга айланди: пенальти ишлади, ундан Салоҳ иккинчи голни урди, кейин эса Нуньес ўзи ҳам гол урди – бош билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Якунда «Ливерпул» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Аммо Ҳоланднинг «Сити» учун биринчи расмий ўйини муваффақиятсиз бўлди.

Норвегиялик футболчининг Англиядаги дебюти яхши чиқмади, аммо Гвардиола бундан хавотирда эмас:

«Ҳоланд доимо дарвозага таҳдид қилди, кўп курашди, ҳаракат қилди. У янги мамлакатда ва янги лигада ўйнаш қандай бўлишини билиб олди, бу ажойиб. У гол ура олмади, лекин у зўр қобилиятли футболчи ва буни албатта амалга оширади.

АҚШ сафарида гол урганида, ҳамма уни мақтаганди. Бу ўйинда ҳам унда вазиятлар бўлди, шу маънода ҳеч нарса ўзгармади. У кучли. Кейинги сафар гол уради. Футбол шундай. Бу мени безовта қилмайди, чунки бизни мураккаб 11 ой кутиб турибди ва у бизга ёрдам беради», дейди Пеп.

Аммо Эрлингнинг ўйин охиридаги хатоси «асрнинг энг ноаниқ зарбаси» сифатида ижтимоий тармоқларда истеҳзо қилинмоқда. Ҳатто Жейми Каррагер ҳам ҳужумчининг ёнини олишга шошилди: «Бу хатодан сўнг, Ҳоланднинг ноаниқ зарбаси видеолари бутун ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда масхара қилинса керак. Худди ўтган ҳафтада Нуньеснинг устидан кулишганидек. Ва бу ишни бутун умри давомида ҳеч қачон тўпга тегмаган масхарабозлар қилади».

Айтганча, бу ҳолатда Дарвин билан ўхшашлик бор. Нуньеснинг ноаниқ зарбалари мавсумолди бошида масахаралар манбайига айланиб, мемларга сабаб бўлганди. Клопп буни футболчининг оёғида сўгал борлиги билан оқлаб, Ҳоланд учун ҳам мос келадиган сўзлар билан изоҳлаганди:

«Барча мухлислар янги келган футболчига вақт кераклигини тушуниши лозим. Футболчилар ҳам одам, улар ҳам босимни ҳис қилиши мумкин – ҳатто улар учун катта пул тўланган бўлса ҳам. Ҳужумчилар билан шундай ҳолатлар бўлиб туради: улар қулай вазиятда гол уролмайди, баъзи мухлислар эса дарҳол асабийлашади. Ваъда бераман, бу унинг охирги хатоси эмас – ва бу нормал ҳолат».

Ҳоландни кескин танқид қилиш ўринсиз, чунки Англия Суперкубоги унинг «Манчестер Сити»даги биринчи тўлиқ ўйини бўлди. Ҳатто мавсумолди тайёргарлик жараёнида ҳам у тўлиқ ўйнамаганди. «Бавария»га қарши ўртоқлик ўйинида бир бўлим ҳаракат қилган, бу эса илк голини уриш учун етарли бўлганди.

Бир ҳафтадан сўнг «Сити» Премьер-Лига янги мавсумини «Вест Ҳэм»га қарши сафар ўйини билан бошлайди ва шунда одатдаги Ҳоландни кўриш имкониятига эга бўлишимиз мумкин.

Ўхшаш янгиликлар