Ди Марцио: Шомуродов А Сериянинг ўртамиёна клубига ўтишга яқин
Якшанба, 31 Июль
31898
Фото: Getty Images

Ёзги трансфер ойнаси якунигача «Рома»ни тарк этиши кутилаётган Элдор Шомуродовга асосий даъвогар клуб маълум бўлди.

Инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марционинг маълум қилишича, ўзбекистонлик ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишни истаётган асосий даъвогар жамоа «Болонья» бўлиб турибди.

Қайд этилишича, болоньяликлар Шомуродовни ижарага олиш масаласида келишувга эришган. Унга кўра, Рим клуби «Болонья» олдига кейинчалик сотиб олиш шарти билан Элдорни ижарага беришга розилигини билдирган. Томонлар олдида фақатгина трансфер нархини келишиб олиш масаласи қолган.

Аввалроқ, TuttoSport нашри «Рома» ўзбекистонлик 27 ёшли форвардини 18 миллион еврога баҳолаётгани ҳақида маълум қилганди. У 2021 йилда «Женоа»дан римликлар сафига 17,5 млн евро эвазига ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача «Рома» клуби Шомуродовни Исроилдаги йиғинга олиб бормагани, футболчининг агенти эса Элдор тез орада жамоасини ўзгартиришини маълум қилганди. Ўзбекистон миллий жамоаси форварди ўтган мавсум римликлар сафида жами 39 ўйинда 5та гол ва 6та ассистга муаллифлик қилган. Унинг «бўрилар» билан амалдаги шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган.

Маълумот учун, «Болонья» А Серия 2021/22 йилги мавсумини 46 очко билан 13-ўринда якунлаган эди. Клуб янги мавсумни чемпионатда 14 август куни «Лацио»га қарши сафардаги баҳс билан бошлайди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар